Қамоқда сақлаб туриш муддатлари нега бузилмоқда?



 
  Расм манбаси : uzbekiston.site

Олий Мажлис депутати, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масаллари қўмитаси аъзоси Даврон Арипов амалиётда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахслар, иш судга ўтказилганда муддат ўз-ўзидан тугаган ҳисобланишига қарамай, озод этилмаслигига эътибор қаратди.

Унинг ёзишича, кўп йиллар давомида суд тизимида фаолият кўрсатиб келган фуқаро С.Қодиров Қонунчилик палатасига мурожаат қилиб, айни масалада Жиноят-процессуал кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар берган.

“Таклифда Жиноят-процессуал кодексида шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилганидан бошлаб, то унга нисбатан чиқарилган суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар қамоқда сақлашнинг аниқ муддати белгиланиши лозимлиги, ушбу муддатларнинг аниқ белгиланмаганлиги айбланаётган шахснинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва эркинликлари қўпол равишда бузилишига сабаб бўлаётганлиги кўрсатилган”, деб ёзади депутат.

Жиноят-процессуал кодекснинг 245-моддасига кўра жиноятлар тергов қилинаётганда қамоқда сақлаб туриш муддати кўпи билан уч ойни ташкил этади ва ушбу муддат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарларининг илтимосномасига биноан суд томонидан жами етти ойгача узайтирилиши мумкин, бундан ортиқ узайтиришга қонун йўл бермайди.

ЖПКнинг 315-моддасига асосан қамоқда сақлаш учун кўрсатилган муддат ўтгач, шахс дарҳол қамоқдан озод этилиши лозим.

“Бироқ, амалиётда шахсни қамоқда сақлаб туриш муддати иш судга ўтказилганда тугаса-да, у озод этилмаяпти. Жиноят иши судга ўтказилиши заҳоти шахсни қамоқда сақлаш билан боғлиқ муддатларга қўйилган талаблар ўз моҳиятини йўқотади. Чунки жиноят иши судга келиб тушгандан сўнг судья жиноят ишини судда кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисидаги қарорида айбланувчига нисбатан эҳтиёт чораси тўғри танланганлиги масаласини муҳокама қилади. Асослар бўлган тақдирдагина айбланувчига нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини ўзгартиради ёки уни ўзгаришсиз қолдиради. Судья суд муҳокамаси даврида судланувчи қанча муддат давомида қамоқда сақланишини белгиламайди”, дея қайд этади Д.Арипов.

Депутат, шунингдек, Жиноят-процессуал кодекснинг 405-моддасида жиноят ишини судда кўриб чиқиш муддати узоғи билан олти ойгача узайтирилиши белгилангани, аммо суд муҳокамаси даврида шахс қанча муддат қамоқда сақланиши мумкинлигига аниқлик киритилмаган ва бу масала ҳануз мавҳум бўлиб қолаётганини таъкидлайди.

Унинг маълум қилишича, фуқаро С.Қодировнинг ушбу масала юзасидан таклифлари жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тузилган идоралараро комиссияга юборилган.

2020-04-22 05:40:06  |  2335 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация