“БУГУНГИ ШАРОИТ БОР ИМКОНИЯТДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШНИ ТАҚАЗО ЭТАДИ...”
Автотранспорт ҳаракати чекланган даврда адвокатларга хизмат кўрсатиш учун Палатанинг ҳудудий бошқармаларига тегишли автомобилларга ҳам стикер берилиши масаласи кўрилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси ўринбосари имзоси билан кеча, 3 апрель санасида Палатанинг ҳудудий бошқармалар бошлиқларига йўлланган хат адвокатларда турли норози кайфиятни уйғотди. Улар орасида эса Палатанинг ўзига билдирилган эътирозлар ҳам йўқ эмасди. Шу боис Палата раҳбариятининг мазкур масалага муносабати билан қизиқдик.
— Расмий хатда масаланинг тафсилотларини тўлиқ баён этишнинг иложи йўқ, — дейди Адвокатлар палатаси раиси ўринбосари Шуҳрат Садиков. — Шу боис ҳам хатимиздан кўзда тутилган мақсадни айрим адвокатларимиз тўғри тушунишмаган кўринади.
Хабарингиз бор, Адвокатлар палатаси раисининг Махсус комиссия ва Адлия вазирлигига 2020 йил 29 мартда ёзган мурожаатида карантин туфайли Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт ҳаракати чекланган даврда адвокатларга ўз автомобилларида махсус рухсатномасиз, адвокатлик гувоҳномаси билан ҳаракатланиш ҳуқуқини бериш ёки соддалаширилган тартибда стикер берилишини жорий этиш илтимос қилинган эди.
Адлия вазирлигининг ушбу таклифимизга 2 апрель куни берилган расмий жавобида эса Олий суд, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги тизимларида жиноят процессуал қонунчилиги талабларига асосан ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатларда адвокатларни олиб келиш ва элтиб қўйишни мазкур идораларнинг ўзларига тегишли автотранспортларда амалга ошириш тартибини йўлга қўйиш чоралари кўрилаётганлиги айтилган. Шунингдек, бу шароитда Адлия вазирлиги бошқармалари ҳам ўз транспорт воситалари билан ёрдам беришга тайёр эканлиги маълум қилинган.
Албатта, адвокатлар эътироз қилаётганларидек, бу тартиб ҳимояни таъминлашда бир қанча қийинчиликлар туғдириши мумкин. Аммо бугунги шароит бор имкониятдан самарали фойдаланишни тақазо этади. Зеро, адвокат учун ўз вазифасини қайси машинада бажариш асосий масала эмас, муҳими — ҳимояга отланган адвокатнинг ҳаракати чекланиб қолмаслиги ва бунинг натижасида фуқароларнинг ҳимоя ҳуқуқи поймол бўлмаслигига имкон даражада эришишдир.
Шунинг учун ҳам биз адвокатларни фаолликка ундаб, ўзлари ҳимоячи сифатида иштирок этаётган жиноят ишлари бўйича процессуал ҳаракатларни амалга ошираётган терговчидан ёки суд идораси ходимидан уни автотранспорт билан таъминлашларини қаттиқ туриб талаб қилишга чақирдик. Бундай талаблари бажарилмаган тақдирда эса Палата Адлия вазирлиги орқали масалани тезда ҳал этиш чораларини кўради (Вазирлик раҳбарияти билан гаплашиб, бу борада ёрдамларига эҳтиёж туғилиши мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилдик ва ваъдаларини олдик). Бунинг учун адвокатлар ҳолат ҳақида зудлик билан Палатанинг ҳудудий бошқармасига хабар қилишлари керак.
Шунингдек, ушбу тартибга риоя этилишида муаммо юзага келиб қолган ҳолларда ҳам адвокатларнинг ҳаракатланишига шароит яратиш мақсадида айни пайтда Палата яна бир таклиф устида Адлия вазирлиги билан музокалар олиб бормоқда. Яъни адвокатларга хизмат кўрсатиш учун Палатанинг ҳудудий бошқармаларига тегишли автомобилларни ҳам йўналтириш мақсадида ушбу автомобилларга стикер берилишини сўраяпмиз. Агар бунга эришсак, имкониятларимиз янада кенгаяди.
Мен адвокатларимизнинг ўз вазифаларини бажариш йўлидаги куюнчакликлари, фуқароларнинг ҳимоя ҳуқуқлари бузилишига доир ҳолатларга бефарқ бўла олмаётганликларини тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда яна бир бор бирдамликка чақириб қоламан. Айни пайтда эса, халқимизнинг бошига келган мусибатли кунларда ҳар қандай ҳолатда ҳам босиқлик билан иш кўриб, қийинчиликларни ақл билан енгиб ўтиш бугунги куннинг талаби эканини ҳам унутмаслигимиз керак. Шундай экан, муаммоларни ўз ўрнида муҳокама қилиб бориш баробарида бор имкониятдан унумли фойдаланишга ҳам жидду жаҳд қилишимиз лозим.
Қолаверса, юртимизда карантинга доир аҳвол тез орада яхшиланишига ва автотранспорт ҳаракатига қўйилган чеклов даври ҳам узоқ давом этмаслигига умид қиламиз!
4 изоҳлар
1.Адвокат Тохирбек Тожибоев
Палата тўғри қарор қабул қилибди. Қўшиламиз.
2.Шухрат
Терговчилар томониан адвокатларни транспорт билан таъминланшини узи химояга булган хукукни бузилишидир. Бинобарин, адвокат терговчига моддий, ташкилий томондан карам булиб колади. Агарда ушланган шахс узини нг адвокатини такдим килишларини талаб килса-чи? Хаётдаги асл холатлардан ва конун талабларидан келиб чикиб иш тутадиган вакт етиб келдику.!
3.Муродулла Турсунов
Менимча, Махсус комиссия ва Адлия Вазирлиги маъсул шахслари адвокатларга нисбатан қилган адолатсизлик ва хатоларини тан олиб, уларга автотранспортдан фойдаланишга рухсат беришлари шарт эди. Хатони тан олиш хам мардлик менимча. Лекин қайсарлик,эгоизм қонимизда бор.
4.Б.М.
Айрим давлат идоралари масъуллари шу пайтгача адвокатларни «эхтиётлаб» келганлари каби, карантин пайтида хам адвокатларни хар доимгидек «хаётини хавф остига куйиб эмин-эркин» харакат килишидан асраб, уларни «куп уриниб» куймасин деб кайгуришаётганга ухшайди.
Изоҳ қолдириш