Давлат божини олдиндан ундириш – Конституцияга зид...ми?



 
  Расм манбаси : Norma.uz

Маълумки, Конституцияда ҳар бир кишининг ҳуқуқ ва эркинликлари суд орқали ҳимоя қилиниши кафолатланган. Аммо фуқаро мазкур конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиш учун судга давлат божи тариқасида олдиндан тўлов қилиш керак, бож тўланмагунча суд ишни кўриб чиқишни бошламайди.

Uzmetronom нашрида эълон қилинган “Пулинг бўлмаса, судда ўралашиб юрма” (“Без денег в суд не суйся”) номли мақолада ана шу тартиб конституцияга зид деб баҳоланмоқда, зеро тамал ҳуқуқдан фойдаланиш – шахснинг тўлов қобилиятига бевосита боғлиқ бўлиб қолаётир.

Таҳририят мақоласида айтилишича, жумладан, давлат божи даъволарнинг мулкий ёки номулкий характеридан, низоли ёки низосиз масала эканидан қатъий назар ундирилиши ҳам адолатсизлик. “Энг қизиғи, суд давлат божини низонинг кўрилиши натижаларига қараб ундирмайди, балки олдиндан тўлаттиради. Чиқариладиган қарорнинг қанчалик қонуний ёки адолатли бўлиши, мурожаат қилувчи бу қарорга рози бўлиш-бўлмаслиги судни мутлақо ташвишга солмайди”.

Нусха олиш ҳам пул!

Конституциянинг 30-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим.

“Агарда шахс судга мурожаат қилиб, ҳужжатларни телефонига суратга туширишни илтимос қилса, суд унга қатъиян рад жавобини беради. Ва қарор, ҳукм, ажримларнинг ва бошқа ҳужжатларнинг дубликатлари ва нусхаларини олиш учун саҳифасига БҲМнинг 2 фоизи миқдорда давлат божи тўлаш лозимлигини айтади.

Чакки эмас, а? Суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқингни амалга оширмоқчи бўлсанг пул тўлайсан. Пулинг бўлмаса, судда ўралашиб юрма”, дейилади мақолада.

Давлат органлари нега бож тўламайди?

Мақолага кўра, одил судловнинг яна бир тамойили, қонун ва суд олдида барчанинг тенглиги тамойили ҳам очиқча поймол қилинмоқда. Бу ерда гап деярли барча давлат органлари, вазирликлар, қўмиталар, ички ишлар органлари, прокуратура, солиқ, молия, божхона ва бошқа идораларнинг судларга мурожаат қилиш чоғида давлат божидан озод этилгани ҳақида бормоқда.

“Судлар – аҳоли тўлайдиган солиқ ва бошқа йиғимлардан шаклланадиган давлат бюджетидан молияланади. Шундай экан, солиқлари ҳисобидан судьяга ойлик тўлайдиган шахс нега иши судда кўриб чиқилиши учун яна бож тўлаши керак?” – дея савол қўйилади мақолада.

***

Таҳририятдан: мақолада келтирилган фикрлар адолат нуқтаи назаридан ўринлими? Суд ишларида давлат божи ундиришнинг амалдаги тартиб-таомиллари конституциявий нормаларга тўғри келмайди деб ўйлайсизми? Марҳамат, ўз мулоҳазаларингизни изоҳларда баён қилишингиз мумкин.

2020-03-11 16:10:26  |  2457 |   0  | 

5 изоҳлар

Адвокатлардан судларда мавжуд булган иш хужжатларидан нусхалар олишда давлат божининг ундирилиши конституция нормаларига зиддир. Чунки, бундай холатда айнан судлар томонидан барчанинг конун олдида тенглигини таьминлаш каби конституциявий принцип бузилмокда. Судлар нафакат адвокатларга, балки манфаатдор фукароларга хам хужжатлар нусхаларидан давлат божи ундирмасдан беришлари шарт, деб хисоблайман. Ана шундагина барчанинг конун ва суд олдида тенглик принципи таьминланади. Бу эса, халкаро хукук нормаларига мос келади. Демак, ушбу масала юзасидан белгиланган тартибда амалдаги конун хужжатларига узгартириш киритиш талаб этилади.

Шунақа муаммоли нарсаларни тенгликни бузувчи ҳолатларни Палата томонидан Тахлил гурухи ташкил қилиб, Тахлилдан ўтказиб. кейин уларни барча худудий бошқармалардан мухокамадан ўтказиб протоколларини йиғиб сўнгра Фикрларни жамлаб олимларимизни жалб қилиб (Солиқ кодекси лойиҳасида Сенсация қилганимиздек) Муаммони Конституциявий судга ва адвокатлар номидан Мурожаат деб тғридан тўғри Президентга очиқ холда мурожаат қилиш керак. Бўлмаса пастдаги ва биздан юқоридаги конун лойиха тайёрловчи ишчи гурух аъзолари ўз билармонлик қилиб қонунларни лойиҳаларини бизга кўрсатмай пинхона усулда, депутатлар орқали тасдиқлатиб чиқараверадилар-да. Шу механизмга алоҳида эътибор беришимиз керак. деб хисоблайман.

Март 11, 2020  23:25

3.Адвокат Т.Тожибоев

Суд хужжатларидан адвокатлар томонидан нусҳа кчириб олгани учун пул тўшлашлик бу уятли ҳолат. Суд, далат божи, солиқлар, давлат бюджети, адвокатнинг хар бир вароқ учун тўлаши керак бўлган суммага қараб қолгани йўқ-ку?... Таққосланг прокурор кўчирма олса, текинга ИИО ходими кўчирма олса текинга, нега адвокат кўчирма олса пул тўлаш керак?.... Юқоридаги қонун лойиҳаси ишловчилар, қонун чиқарувчиларнинг тасаввурида адвокатларни прокуратуура ва бошқа орган ходимлари билан тенглиги, уларнинг устунлиги тан олинмаётганлиги кўринмоқда. Шундай экан минг дод деб юқорига интилганимиз билан тепадагиларни ўзи тенгликка амал қилмоқчи эмаслиги кўриниб қолмоқдага ўҳшаябди. Менимча.

Март 11, 2020  22:14

4.Advokat Mamirov Biloljon

Aynan men kutgan mavzu. Oʻta dolzarb. Boj miqdori qanday mezonlarga asosan belgilangan? Nega nomutanosib? Shu kabi savollar boʻyicha ham tahliliy maqola kerak.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонли қарори билан тасдиқланган давлат божи ставкаларининг 1-моддаси “з” бандига кўра, ҳукм нусхаларини берганлик учун - ҳар бир бетга давлат божи ундирилиши белгиланган. Ваҳоланки, ушбу қарорда ҳукмдан ташқари, айнан жиноят ишлари бўйича судларнинг ажримлари, қарорларидан нусхалар берганлик учун давлат божи ундирилиши назарда тутилмаган. Ўз навбатида, амалиётда адвокат ишда иштирок этганлигидан қатьий назар жиноят ишлари бўйича суд қарорлари (ҳукм, ажрим ва қарор) дан нусхалар (тасдиқланган) сўраган ҳолларда ҳам давлат божи тўллаттирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун (06.01.2020й.600-сон) 1-моддасида: “ушбу Қонуннинг мақсади давлат божини белгилаш, ундириш, уни қайтариш ва уни тўлашдан озод қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат” дейилган. Қонуннинг 5-моддасида, давлат божи ундириш объектлари кўрсатилган бўлиб, айнан жиноят ишлари бўйича судларнинг қарорларидан нусхалар (тасдиқланган) бериш – давлат божи ундиришнинг объекти сифатида назарда тутилмаган. Қонуннинг 6-моддасида “давлат божи ставкаларининг миқдорлари ушбу Қонун иловасига мувофиқ белгиланади”, деб кўрсатилган. Энди иловага мурожаат қилсак, у 44 моддадан иборат бўлиб, Қонуннинг 5-моддасида назарда тутилган ундириш объектлари билан мос келади. Бироқ, илованинг 2-моддаси “и” бандида ҳукм нусхаларини берганлик учун – ҳар бир бетга давлат божи ундирилиши белгиланган. Ваҳоланки, ушбу иловада ҳам ҳукмдан ташқари айнан жиноят ишлари бўйича судларнинг ажримлари, қарорларидан нусхалар берганлик учун давлат божи ундирилиши назарда тутилмаган. Демак, Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, айнан жиноят ишлари бўйича судларнинг қарорларидан нусхалар бериш - давлат божи ундириш объекти сифатида назарда тутилмаган ҳолда, давлат божи ундирилиши қонунийми? Албатта, йўқ.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация