Адвокатларга кенгроқ ваколат берилмаса, терговдаги муаммолар тугамайди



 
  Расм манбаси : fergana.agency

Журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистонда мустақил тергов идораси ташкил этиш тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларга муносабат билдирар экан, бу ташаббус умидни оқлаши учун аввало адвокатларнинг ваколатларини кенгайтириш, тергов ҳамда маҳбусларни сақлаш ишларини битта идора тасарруфидан ажратиш шартлигини таъкидлайди.

***

– Яқинда Олий Малиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев парламентга ҳисоботида Республикада ягона тергов қўмитасини ташкил қилишни таклиф қилибдилар.

Мен бу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Чунки тергов ишларининг оператив ишлардан ажратилиши тергов сифатининг ортишига, тергов чоғида қийноқлар қўллаш, босим ўтказиш каби ғайриқонуний ҳолатларнинг камайишига олиб келади.

Мен журналист ва фаол сифатида аввалдан алоҳида тергов қўмитаси тузилишини таклиф қилиб келганман. Хусусан, ўтган йили “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомовага берган интервьюмда ҳам шу масалага тўхталган эдим. Дилимиздаги, тилимиздаги гаплар мана энди Омбудсман орқали юксак минбарлардан айтилаётган экан, бундан жуда ҳам хурсандман.

Айни чоғда, тергов қўмитаси тузилиши баробарида айрим ишларни амалга ошириш керак деб ҳисоблайман.

Биринчидан, гумонланувчи ва айбланувчини сўроқ, тергов қилиш чоғида адвокатнинг, бир нафар яқин қариндошининг иштироки шарт қилиб қўйилиши, жараённинг видео қайд қилиниши мажбурий қилиб қўйилиши керак. Ва бу норма тўғридан-тўғри Жиноят-процессуал кодексга киритилиши лозим, деб ҳисоблайман.

Иккинчидан, адвокатлар қамоқда ёки тергов ҳибсхонасида сақланаётган ўз ҳимоясидаги шахсни ҳафтада бир марта ҳеч кимнинг – на прокурорнинг ва на судья ва терговчининг – рухсатисиз зиёрат қилиш ваколатига эга бўлиши лозим. Шунингдек, адвокатларга ўз ҳимоясидаги шахсни мустақил тиббий кўрикдан ўтказиб, қийноқ қўлланилганига шубҳа туғилган вақтда яна ҳеч кимнинг рухсатисиз экспертиза тайинлаш ҳуқуқи берилиши керак, деб ўйлайман.

Учинчи масала – маҳбусларни сақлаш ваколатини тергов идораларидан, оператив маълумот йиғувчи идоралардан Адлия вазирлигига ўтказиш. Бутун дунёда шундай амалиёт қўлланилади: тергов билан маҳбусларни сақловчи идоралар бошқа-бошқа. Ривожланган мамлакатларнинг аксариятида сақлашга адлия органлари масъул қилиб қўйилган. Адлия вазирлиги ҳибсхонадан соғлом одамни тергов ходимига топшириб, яна шундай – соғлом ҳолида қабул қилиб олиши керак. Шундагина тергов идораларининг ҳибсхона ишига аралашиш, ўзига зарур кўрсатувни олиш учун босим ўтказиш мақсадида маҳбуслар камерасига “лохмач”ларни жойлаштириш каби ғайриинсоний ҳаракатлар барҳам топади.

Юқоридаги уч банд бир-бири билан боғлиқ. Яъни, бирисиз иккинчиси бўлмайди. Тергов алоҳида ташкилотга ўтказилиб, маҳбусларни сақлаш ва жазони ижро этиш ваколати адлия органига берилса ҳам кутилган натижага эриша олмаймиз – агар адвокатлар мен санаб ўтган ҳуқуқ ва ваколатларга эга бўлмаса. Бунга Россия Федерацияси мисол. У ерда тергов билан – алоҳида қўмита, маҳбусларни сақлаш билан эса Адлия вазирлигига бўйсунувчи идора (ФСИН) шуғулланади, аммо қийноқлар тўхтагани йўқ. Чунки адвокатлар етарли ваколатларга эмас.

Бобомурод Абдулла,

журналист.

2020-03-02 16:40:42  |  2988 |   0  | 

3 изоҳлар

Адвакатларга қонуний ваколатлар берилмас экан тухмат билан қамашлар, шантаж ва саботажлар, қийноқлар, иқрор бўлдиришлар давом этаверади... Секин аста одамлар адвакатга ҳам ишонмай қўйишади..

Барча давлат органларининг асосий максадлари инсон хукук ва манфаатларини тулик таьминлашга каратиладиган булсагина, адвокат хукук ва ваколатларини янада кенгайтиришдан албатта улар хам манфаатдор булишлари керак....

Тўғри таклиф ва фикрлар берилибди, Аммо бу нарсаларни амалга оширишга Хукумат мутасаддилари қандай Карор қабул қиларкан?.... Хамма иш молиявий холатларга ва яна кадрлар билан таъминланишига боғлиқ бўлиб қолади-да.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация