Ихтиёрий жарима жиноий жавобгарликдан озод этади...ми?



 
  Расм манбаси : Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 27-28 сентябрь кунлари ўтказилган ўн олтинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди.

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур қонун билан Жиноят кодексига жарима ихтиёрий равишда тўланганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлиги ҳақидаги норма киритилган.

Қонунга кўра, Жиноят кодексидаги 90 та моддада жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг ушбу тури қўлланилиши мумкин.

Бунинг учун тегишли моддада назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланаётган шахс, ўз айбига иқрор бўлиши, етказилган зарарни бартараф этиши ҳамда тегишли модда бўйича назарда тутилган жариманинг энг кўп миқдорига тенг суммани ихтиёрий равишда тўлаши керак бўлади.

Қонун жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги жиноий, жиноий-процессуал ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилгани қайд этилган.

Жумладан, Қонунда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Шунингдек, Қонунда ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида бўлган шахсга шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, ноқонуний аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилувчи бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Муҳокама чоғида Қонун қабул қилиниши жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлашга кўмаклашиши қайд этилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач юридик кучга эга бўлади.

2018-10-02 16:42:52  |  2416 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация