БМТ махсус маърузачиси Ўзбекистон адвокатурасидаги аҳвол билан танишди



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Адвокатура соҳасидаги долзарб муаммолар ҳақида очиқ фикр алмашилди

Мамлакатимизга БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Судья ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян ташриф буюргани ҳақида аввалроқ маҳаллий ОАВ орқали хабар берилган эди. Бугун, 20 сентябрь куни у Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров билан учрашди.

Эслатиб ўтамиз, жаноб Д.Гарсия-Саян мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими муаммоларини, хусусан судья ва адвокатларнинг мустақиллиги масалаларини ўрганади ва ўз хулосалари бўйича Ҳукуматга тавсия ва таклифлар беради.

Палата раиси билан учрашувда меҳмон Ўзбекистон адвокатурасидаги умумий аҳвол билан танишди. Мулоқот чоғида А.Эрназаров БМТ махсус маърузачисига соҳадаги вазият, адвокатура ривожига халал бераётган маъмурий тўсиқлар тўғрисида аниқ ва лўнда маълумот берди.

Жумладан, адвокатлик фаолиятини лицензиялаш, адвокатларни ўқитиш ва малакасини ошириш, соҳа бошқаруви органларини шакллантириш каби қатор жабҳаларда ҳануз давлатнинг муайян иштироки сақланаётгани таъкидланди. Давлат аралашувини минимум даражада камайтирмасдан адвокатура том маънода мустақил тузилмага айлана олмаслиги эътироф этилди.

Палата раисининг фикрича, жамоат бирлашмаси сифатида Адвокатлар палатаси ўзини-ўзи бошқаришга тайёр. Адвокатларнинг малакасини оширишни ҳам босқичма-босқич нодавлат шаклда ташкил қилиш учун ички имкониятлар етарли.

Учрашувда мамлакатимизда адвокатлар сони, аҳоли сонига қиёсан ниҳоятда камлиги алоҳида қайд этилди. Бу борада Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар у ёқда турсин, Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлардан ҳам ортда қолганлиги жуда ачинарлидир. Постсовет ҳудудда, мисол учун, Россияда 1870 кишига, Қозоғистонда 3932 кишига битта адвокат тўғри келса, бизда бу кўрсаткич 8200 га тенг. Мавжуд вазият кадрлар тайёрлашда шошилинч чоралар кўришни тақазо этади.

Палата раиси БМТ махсус маърузачиси жаноб Д.Гарсия-Саянга, шунингдек, адвокатурага доир меъёрий ҳужжатлар, Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари тузилиши, Палата ҳузуридаги малака комиссияси фаолияти, адвокатларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби масалаларга ҳам тўхталиб, кейинги йилларда рўй берган ижобий ўзгаришлар қаторида ҳали ислоҳ қилиниши керак бўлган жиҳатларни санаб ўтди.

Диего Гарсия-Саян Ўзбекистон адвокатураси ҳақида қисқа тезисларда тўла тасаввур бергани учун Алим Эрназаровга миннатдорчилик билдирди. Махсус маърузачи Палата раисининг соҳа муаммолари ва уларнинг ечимлари тўғрисидаги аксарий фикрларига қўшилишини, Палата томонидан адвокатурани мустақил ва автоном тузилмага айлантириш йўлида олиб борилаётган амалий ишларни олқишлашини айтди. Шунингдек, мамлакатимизда адвокатлар сони жуда камлигидан ажабланиб, бунинг сабаблари билан қизиқди.

Жаноб Диего Гарсия-Саяннинг ташриф дастури анча тиғизлиги боис меҳмонлар бир неча савол қолдириб, ташриф якунига қадар ёзма маълумот беришни илтимос қилдилар.

БМТ махсус маърузачисининг Ўзбекистонга ташрифи 25 сентябрга қадар давом этади.

2019-09-20 14:52:02  |  2397 |   0  | 

1 изоҳлар

Сентябрь 20, 2019  16:00

1.Адвокат Усмонхон Салохиддинов

Бу ташрифни фақат ижобий умидлар билан қўллаш мумкин. Мен қисқа қилиб, жаноб Диего Гарсия-Саянга адвокатларнинг унчалик озлигини қуйидагилар билан изоҳламоқчиман: 1. Бизда адвокатлик фаолияти шарафли деб ҳисобланмайди, шунинг учун ҳам ёшлар бу касбга интилишмайди. Буни сабаби қуйидагилар: А). Адвокатлар ва уларнинг ҳуқуқлари реал ҳимояланмаган ва ҳуқуқни муҳофаза қибувчи идоралар олдида уни нуфузи паст. Чунончи, бу давлат идоралари билан адвокатуранинг тенглиги мавжуд эмас. Б). Судга адвокат тақдим этган қилмишни инкор этувчи далил ишга қўшиб қўйилади холос. Ғарб давлатларига нисбатан уни мажбурий далилий кучи инобатга олинмайди. В). Адвокатларнинг аксарият мурожаатлари нафақат ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар, балки суд томонидан инобатга олинмайди. Шунинг учун ҳам халқда адвокатларга ишонч жуда паст. Г). Адвокатни меҳнати ва фаолияти матбуотда,ТВ да тарғиб этилмайди. Халҳ адвокат фаолиятини фақат чет эл фильмлари орқали билади. Д). Адвокатнинг моддий таъминоти фақат уни гонорарига боғлиқ. Кўп гонорар олиш учун аксарият фуқароларнинг истеъмол саватчаси тўғри келмайди. Е) Адвокат билан давлат идораларининг муносабати талаб даражасида эмас. Адвокат экспертиза ёки альтернатив текширув тайинлай олмайди. Ж). Адвокат қонуний мурожаатининг давлат идоралари олдидаги масъулиятлари чегараси белгиланмаган. З). Адвокат иммунитетини бузганлик, уни таъқиб этганлик, обрўсизлантирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмаган. 2. Адвокатура коррупциядан ҳоли эмас. 3. Адвокатни ҳар бир у хоҳлаган масала юзасидан суд орқали баҳслашиш ҳуқуқи чекланган. Ўзбекистонда адвокатурани чинакам мустаъқил қилиш учун ижобий ҳаракатлар бор, лекин ижролар даражаси паст ва тўсиқлар кўп. Бу тўсиқларнинг аксарияти давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлигида ифодаланади.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация