Адвокатлар палатаси Солиқ кодекси лойиҳаси билан келиша олмайди!



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Бугун Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳаси юзасидан ўз муносабатини Палатанинг расмий сайти орқали билдириб, лойиҳанинг адвокатурага доир қисмлари билан келишиб бўлмаслигини маълум қилди.

Гап шундаки, кеча хабар берганимиздек, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси янги таҳрири лойиҳаси муҳокамага қўйилган бўлиб, унинг адвокатурага дахлдор қисмларида амалдаги меъёрлардан фарқ қилувчи жиҳатлар мавжуд. Жумладан, Кодекс лойиҳасининг 488-моддасида адвокатлар ҳайъатининг нотижорат ташкилот шаклида ташкил этилиши, уни сақлаб туриш ва тадбиркорлик фаолияти бўлмаган умумий вазифаларни бажариш учун адвокатлардан олинадиган маблағлар қисми бўйича адвокатлар ҳайъати юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ва қўшилган қиймат солиғини тўловчи ҳисобланмаслиги белгилангани ҳолда адвокатлик фирмалари ва адвокатлик бюроларининг солиқ солиш мақсадларида тадбиркорлик субъектлари деб эътироф этилиши ҳамда юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлган фаолият қисми бўйича солиқлар ва йиғимларни ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда тўлаши кўрсатиб ўтилган.

“Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси эса муҳокама учун қўйилган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасининг адвокатурага тааллуқли мазкур моддалари билан келишиб бўлмайди деб ҳисоблайди”, – дейилади Палатанинг расмий ахборотида. Хабарда таъкидланишича, шунга кўра Палата Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитасига янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси юзасидан ўз эътирозларини юборган.

Адвокатлар палатасининг эътирозлари ахборотда жумладан қуйидагича баён қилинган:

“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасида адвокатура фаолияти қонун билан тартибга солиниши кўрсатиб ўтилган. “Адвокатура тўғрисида”ги қонунда эса адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этиладиган адвокатлик бюроси, адвокатлик фирмаси ва адвокатлар ҳайъати нотижорат ташкилотлари этиб белгиланган (4-1, 4-2, 4-3-моддалар). Шунингдек, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида ҳам “Адвокатура нотижорат ташкилотдир” деб белгилаб қўйилган. Зеро, адвокатура ўзининг асосий фаолияти давомида даромад (фойда) олишни кўзламайди ва фаолияти давомида йиғилган даромадни (фойдани) ўз аъзолари (иштирокчилари) орасида тақсимламайди. Адвокатлик тузилмалари Конституцияга мувофиқ фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилади. Шунинг учун ҳам Қонун адвокатлик тузилмаларининг, ҳар қандай мақсад йўлида ҳам,  статусига ёки ташкилий тузилишига кўра нотижорат фаолиятдан ташқари фаолият билан шуғулланишини  инкор этади.

Шуларга кўра, тақдим этилган СК лойиҳасининг 488-моддаси таҳрири нафақат Конституциямиз, балки “Адвокатура тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунлар нормаларига ҳам зиддир. Шунингдек, у ҳатто тақдим этилган СК лойиҳасининг 11-моддасида белгиланган талабга ҳам мос келмайди. Зеро, мазкур моддада фуқароларнинг Конституция билан қўриқланадиган ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган солиқларни жорий этиш мумкин эмаслиги белгиланган.

Масаланинг яна бир нозик жиҳати шундаки, солиқ солишда адвокатлик фирмалари ва бюроларига нисбатан дифференциал муносибатда бўлиниши фуқароларнинг ўз конституцион ҳуқуқларини амалга оширишда қийинчиликлар яратиши ва адвокатура институтини ривожлантиришда негатив ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Жумладан, СК лойиҳасининг 488-моддаси таҳрири давлат ҳисобидан кўрсатиладиган юридик ёрдамни молиялаштиришда маълум муаммоларни келтириб чиқаради. Яъни гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчига давлат ҳисобидан кўрсатилган адвокатлик ёрдами адвокатлик фирмаси ёки адвокатлик бюроси томонидан амалга оширилганида давлат томонидан тўланадиган пул миқдори  ҚҚС  ва бошқа солиқлар миқдорида ошади ва бу бюджетга қўшимча харажатларни келтиради. Бу ўринда яна шуни ҳам эътиборга олиш лозимки, айрим вилоятларда адвокатлар ҳайъати мавжуд эмас ва ҳар қандай юридик ёрдам (жумладан, давлат ҳисобидан молиялаштириладигани ҳам) фақат адвокатлик фирма ёки бюролари орқали кўрсатилади”.

Шунингдек, Палата бундай эътироз билан чиқишга ҳақли эканини ҳам ахборотда қисқача таъкидлаб ўтади: “... «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасида адвокатура манфаатларига дахлдор масалаларнинг давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси иштирокида белгиланган тартибда ҳал этилиши кўрсатилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5441-сон Фармонининг 7-бандида адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Адвокатлар палатаси билан келишилиши шартлиги белгилаб қўйилган. Бу эса янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасининг адвокатлик тузилмалари фаолиятига бевосита дахлдор моддалари юзасидан ҳам Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг муносабати инобатга олиниши лозимлигини билдиради”.

2019-09-05 18:35:34  |  2788 |   0  | 

2 изоҳлар

Сентябрь 08, 2019  18:39

1.Ўрозгул Эгамназарова

Янги Солиқ Кодексида киритилаётган адвокатурага оид янгилик ва ўзгаришлар албатта Адвокатлар палатаси иштирокида кўриб чиқилиши шарт. Бу «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасида адвокатура манфаатларига дахлдор масалаларнинг давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси иштирокида белгиланган тартибда ҳал этилиши кўрсатилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5441-сон Фармонининг 7-бандида аниқ қилиб кўрсатилган. Бундан ташқари адвокатлик бюролари учун ҳам имтиёз киритилиши лозим. Чунки бюрода фақат битта адвокат ишлайди. Фақат у юридик ёрдам кўрсатиш учун шартнома тузади ва кўрсатилган юридик ёрдам учун ҳақ олади. Ўша битта адвокат ўз ёрдамчи, котиби, бухгалтерига ҳам ойлик тўлаши лозим. Бундан ташқари гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчига кўрсатилган юридик ёрдамнинг давлат томонидан тўланиши масаласига эътибор қаратиш керак. Чунки кўп ҳолларда айрим адвокатлар давлат ҳисобидан ҳимоя қилаётган шахсни нимада айбланаётгани ҳақида тушунчага эга бўлмайди, лозим даражада юридик ёрдам кўрсатмайди, бу эса фуқаролар орасида адвокатдан норозилик туйғуси келиб чиқишига ва бошқа адвокатлар фаолиятига ҳам ишончсизлик билан қарашига олиб келмоқда. Аксарият ҳолларда туманларда фаолият юритадиган адвокатлар навбатчилик жадвалига умуман риоя қилинмайди. Навбатчилик жадвалида кўрсатилган бошқа санада адвокатнинг давлат ҳимоясида қатнашиши тартибга солиниши керак (у қатнашаётган ишнинг давом этиш ҳолати бундан мустасно). Бу менинг шахсий фикрим доимий "гос"да қатнашадиганлар сўзимдан хафа бўлмасинлар, Адвокатура обрўси ҳаммамиз учун. Адвокатлик бюролари учун солиқ имтиёзлари берилса яхши бўларди. Бу борада Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда иш олиб бориш ва палата эътирозлари инобатга олиниши керак.

Сентябрь 05, 2019  19:19

2.Sherzod Usmonov

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги «2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-5308-сон Фармонининг 78-бандида, солиқ юкини мақбуллаштириш мақсадида адвокатлик тузилмалари учун ягона ижтимоий тўлов ва адвокатлардан ундириладиган жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ставкаларини камайтириш механизми орқали, адвокатлик тузилмаларига солиқ имтиёзларини тақдим этиш назарда тутилган эди. Менинг фикримча, ушбу банд талаблари бажарилмаган. Фақатгина, амалдаги Солиқ кодексининг 181-моддасида, Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган жисмоний шахснинг даромадларига 12 фоизли ставка бўйича солиқ солиниши (бундан дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадлар мустасно) ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сон Қарори 8-иловасида ягона ижтимоий тўлов ставкаси 12 фоиз этиб белгиланганлиги сабабли, ҳозирда ўтган йиллардагига нисбатан солиқ ставкалари камайган. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган Солиқ кодекси лойиҳаси бўйича, битта тизим (адвокатура) ичида икки хил солиққа тортиш амалиёти бўлиб, адвокатлик фирмалари ва бюролари учун аксинча солиқ юкининг ошишига олиб келади.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация