Адвокатлар ўртасида шахмат бўйича I Республика чемпионати ўтказилди



 
  Расм манбаси : Ғолиб ва совриндорлар: С.Қаҳҳоров (ўртада), А.Абдусаматов (чапда) ва А.Ҳайитов (ўнгда).

Мамлакатимиз адвокатлари ўртасида спорт тадбирлари ташкил этиш анъана тусини олмоқда. Ўтган ойда улар футбол майдонида куч синашган бўлсалар, бу сафар “ақл гимнастикаси”да маҳоратларини синовдан ўтказишди.

Қизиқарли ва байрамона руҳда ўтказилган чемпионат якунларига кўра 1-ўринни Наманган вилоятидаги “Ҳимоя ривожи” адвокатлик бюроси адвокати Содиқжон Қаҳҳоров эгаллади. 2-ўрин Тошкент шаҳри вакили, “Abdusamadov and partners” адвокатлик бюроси адвокати Алишер Абдусамадовга насиб қилган бўлса, Самарқанд вилояти “Темирйўл” адвокатлар ҳайъати адвокати Анвар Ҳайитов учинчи бўлди.

Мусобақа ғолиби Содиқжон Қаҳҳоров 20 ёшидан бери дона сурар экан. “Мен яшайдиган маҳаллада (Уйчи тумани, “Файзобод” маҳалласи) шахмат энг оммалашган спорт тури саналади. Адвокатлар ўртасида биринчи бўлдиму, лекин ўз маҳалламда ўртамиёнадан бир поғона юқори, “зўр”лардан бир оз пастроқ даражадаги шахматчиман”, – дейди чемпионимиз кулиб.

Адвокатлар ўртасида шахмат бўйича I Республика чемпионати номини олган мусобақада, футбол турнири каби илк тажриба бўлгани сабабли барча ҳудудларни қамраб олишнинг иложи бўлмади – унда Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридан вакилларгина иштирок этди. Чемпионатнинг ташкилий ишларига раҳбарлик қилган Адвокатлар палатаси Адвокатларни касбий тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Аслиддин Махаммадиевнинг сўзларига кўра, келгуси йилдан барча вилоятларда Палата бошқармалари томонидан ички турнир ўтказилади ва у Республика биринчилиги учун саралаш вазифасини ўтаб беради.

Мусобақанинг ташкилий тузилиши ҳақида. Келишувга биноан 16 нафар иштирокчи қуръа ташлаш йўли билан 8 жуфтликка ва икки гуруҳга бўлинди. Оқ доналар билан ўйнайдиган томонлар ҳам қуръа ташлаш орқали аниқланди. Икки гуруҳнинг ҳар бирида рақибини мот қилган тўрттадан ғолиб сараланиб, улар “сетка” бўйича чорак финал жуфтликларини ҳосил қилишди. Ярим финал ғолиблари финалда, мағлуб бўлганлар эса 3-ўрин учун курашдилар.

Ғолиб ва совриндорларга диплом ва қимматбаҳо совғаларни Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров топширди.

2019-08-29 21:23:12  |  2622 |   0  | 

5 изоҳлар

Август 30, 2019  13:27

1.Адвокат Б.М.

Ассалому алайкум! Мани кечарасиз, биз шу кунгача барча топширик ва хабарларни телеграм канали оркали олганмиз, бир неча маротаба такрор келадиган топширик ва хабарлар учраб туради, лекин негадир шу шахмат мусобакаси хакида хабар келмаптида. Ман махсус яна карадим хозир телеграм каналга, лекин йук экан.

Август 30, 2019  11:34

2.Аслиддин Махаммадиев

Ассалому алайкум. Шахмат мусобақасини ўтказиш ҳақида нафақат ҳудудий бошқармаларга Адвокатлар палатасининг расмий сайти ва Фейсбукдаги расмий сахифасига ҳам эълон берилган. Ҳудудий бошқармаларга ҳам ушбу мусобақани тарғиб қилиш ва кўпроқ адвокатларни жалб қилиш мақсадида телеграм миссенжеридаги бошқарма каналига эълон жойлаштириш тавсия қилинган.

Август 30, 2019  10:06

3.Администратор

Адвокат Б.М., билишимча, фақат вилоят бошқармаларига хабар берилгану у ёғига бошқармаларнинг ташкилотчилигига боғлиқ бўлиб қолган. Кейинги мусобақаларда ташкилий камчиликлар бартараф этилса керак.

Август 29, 2019  22:04

4.Адвокат Б.М.

Шахмат мусобакаси хакида эълон еки хабар берилганмиди, футбол хакида тинимсиз хабар берилганди, шахмат мусобакасидан бехабар колибмизда

Август 29, 2019  21:56

5.Адвокат Абдуллаев Абдумалик

Шулар ҳам адвокатларни ягона мақсад сари бирлаштиради.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация