Аудиторлик фаолияти такомиллаштирилади
«Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Тегишли қонун лойиҳаси муҳокамалар портали ва Молия вазирлиги сайтида эълон қилинган
Norma’нинг ёзишича, ишлаб чиқилган ҳужжат эскирган ва ҳаволаки нормаларни қайта кўриб чиқишга, тўғридан-тўғри амал қиладиган янги нормаларни киритишга йўналтирилган бўлиб, қуйидаги вазифаларни амалга оширишга қаратилган:
• аудиторлик фаолиятини лицензиялаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматларини соддалаштириш ва аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериладиган лицензиянинг қоғоз шаклидан воз кечиш;
• аудиторлик фаолиятини фақат аудитнинг халқаро стандартлари асосида амалга ошириш;
• Молия вазирлиги аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан биргаликда аудиторлик ташкилотлари иши сифатини, уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмасдан ташқи сифат назоратидан ўтказиши;
• мажбурий аудиторлик текширувидан ўтадиган ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ташкилотлар рўйхатини шакллантириш;
• аудиторлар малакасини оширишнинг амалий тизимини яратиш;
• манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган аудиторларнинг касб фаолиятига тегишли ахлоқ қоидаларига риоя этиш;
• халқаро стандартларни жорий этишнинг энг яхши жаҳон тажрибасини қўллаш бўйича аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари фаолиятини фаоллаштириш;
• аудиторлик фаолиятини тартибга солувчи нормаларни ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатда унификациялаш ва тизимлаштириш.
Айни пайтда қонун лойиҳаси ДСҚ, МБ, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси, Аудиторлар палатаси, Иқтисодий суд, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Монополияга қарши қўмита, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, ССП, Бош прокуратура билан келишилган ҳамда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Адлия вазирлигига киритилган.
Қонун лойиҳаси 51 моддадан (амалдагиси – 29 моддадан) иборат бўлиб, саккизта бобга тизимлаштирилган ва аудиторлик фаолиятини тартибга солишнинг синалган амалий тамойилларига ҳамда илғор хориж мамлакатлари тажрибасидан фойдаланишга асосланган.
2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритиш дастурига мувофиқ, ушбу лойиҳани Вазирлар Маҳкамасига киритиш муддати 2019 йилнинг 1 июлигача этиб белгиланган.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш