«Жамшид Кенжаев иши»: асосий айбдор 18 йилга "кесилди"
Яна уч иштирокчининг ҳар бири 5 йилдан «олди»
Ўтган йилнинг 8 август куни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани, А.Қодирий кўчаси, 1-а-уйда жойлашган «Aurum» тунги клуби кириш эшиги олдида юз берган мудҳиш жиноят натижасида эркин курашчи Жамшид Кенжаев вафот этганидан кўпчиликнинг хабари бор.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида айни шу жиноят юзасидан айбланаётганлар – Шодали Қиличов, Саидазим Камолдинов, Алижон Хамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловларга оид жиноят иши кўриб чиқилаётган эди.
Кеча, 2019 йил 14 март куни мазкур жиноят иши бўйича суд жараёни ниҳоясига етди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили А.Обидовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, судья Сарвар Каримов раислигида бўлиб ўтган суд якунига кўра, Ш.Қиличов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в», «ж» бандларида назарда тутилган жиноятни, С.Камолдинов, А.Хамраев ва Ж.Ёрқуловни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.
Натижада суд ҳукмига асосан Ш.Қиличовга 18 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланди. С.Камолдинов, А.Хамраев ва Ж.Ёрқуловнинг ҳар бирига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш