Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ислоҳ қилишга чақириқлар янграмоқда
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Андижонда ички ишлар ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, қийноққа солиниши оқибатида вафот этган фуқаро билан боғлиқ воқеа юзасидан берган баёнотида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимини тубдан ислоҳ қилишга чақирди.
«Андижонда юз берган воқеа шуни кўрсатадики, соҳани ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмаслиги, аксинча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш лозимлиги, бунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига сўзсиз риоя қилинишига, ички ишлар органлари фаолиятининг ҳисобдорлиги ва шаффофлигини таъминлашга, шу жумладан, парламент ва жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини йўлга қўйиш ва энг асосийси, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида урғу бериш кераклигини тақозо этади», — дейилади умуммиллий ҳаракатнинг баёнотида.
Баёнотда Андижондаги воқеа жорий йилда жамиятимизда катта резонанс уйғотган қийноқлар ва зўравонлик билан боғлиқ иккинчи ҳолат эканлиги таъкидланади. Январь ойида Қашқадарё вилоятида маҳаллий ИИБда гумонланувчи сифатида келтирилган фуқаро жисмоний қийноқлардан вафот этганди.
«Юксалиш» УМҲ 2018 йил июль ойида Самарқанд вилояти Каттақўрғон ИИБда тезкор ходим томонидан аёл киши оммавий таҳқирланиши воқеасидан сўнг Ички ишлар вазирлиги ўз сафини «нопок ва тасодифий» ходимлардан тозалашга қаратилган қатъий чоралар кўришга ваъда берганини ҳам эслатган.
Умуммиллий ҳаракатнинг ҳолат юзасидан билдирган муносабатига кўра, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва тергов изоляторлари ҳамда жазони ижро этиш муассасаларини видеокузатув воситалари билан жиҳозлаш муҳим аҳамиятга эгалигини ва умуман, барча ички ишлар идораларида тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари орқали олиб бориш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланади.
Аввалроқ, Ўзбекистон сиёсий партиялари раҳбарлари ҳам ҳам Андижондаги воқеа юзасидан муносабат билдиришган эди. Хусусан, “Адолат” СДП раиси Н.Умаров айбдор ходимларни жазолаш билан жиддий натижага эришиб бўлмаслигини, тизимни ўзгартириш зарурлигини айтди.
2 изоҳлар
1.Адвокат Холмурод Исанов, юридик фанлар номзоди
Ички ишлар вазирлиги ва айни бир пайтда Миллий гвардия кумондонлигининг фаолият курсатиши максадга мувофик эмас деб хисоблайман. Ички ишлар вазирлиги тизимини бутунлай тугатиб, унинг малакали ва маданиятли ходимларини Миллий гвардия кумондонлигига танлов йули билан кабул килиш оркали фаолиятнинг юкори сифат даражасига эришиш лозим. Шу йул билан жамиятимизни ички ишлар вазирлиги тизимидаги нопок кимсалардан тозалаш мумкин.
2.Каландаров Комилжон,адвокат
ИИВазирининг истеьфоси билан масала уз ечимини топмайди.ИИВлиги тизимини тубдан ислох килиш зарур,бунда Грузиянинг тажрибасини кулласа булади.Саакашвили президентлик даврида 3 ойгача Грузияда ДАН ходимлари булмаган,барчасини ишдан бушатиб,янгидан еш,ватанпарвар йигитлардан тизим шакллантирилган.Шундан сунг порахурлик кескин камайган.Бизда хам ИИВ лигини тугатиб ,кайтадан ташкил килиш лозим.
Изоҳ қолдириш