Сохта “Грин-карта” машмашаси: айбдорлар жазога тортилди, яхши келин ёнга қолди



 
  Расм манбаси : adsuze.top

Қўшни қишлоқда яшайдиган таниши Ботирнинг Америкага ишлагани кетаётганлигини эшитиб, Салимнинг ороми йўқолди. У Ботир билан Самарқанд шаҳрида учрашиб, ундан ўғлини Америкага юборишда ёрдам сўради.

Ботир Салимга ўғлини Америкага юбориш учун “GREEN CARD” ютуғи чиққан қиз топиб беришини, ўша қизга фарзандини уйлантирса, унинг эри сифатида Америкага бориши мумкинлигини айтди, бунинг эвазига эса у Салимдан 7.000 АҚШ доллари миқдорида пул сўради. Салим кўнди.

Режаси “силлиқ” кетаётганлигидан хурсанд бўлган Ботир таниши Акромга қўнғироқ қилиб “GREEN CARD”  ютуғи чиққан қизларнинг манзилини сўраб билган бўлди. Бир неча кун ўтгач эса Салим билан бирга Акром айтган жойга, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида яшовчи бир қизникига боришди. У ердан ютуқ чиққан қиз топилмагач, хуноб бўлиб, навбатдаги Акром айтган манзилга, Самарқанд вилояти Пайариқ туманида яшайдиган Севдора Тўраеваникига боришди. Ботирнинг ҳийлаларига лаққа тушган Салим шу қизга ростдан ҳам ютуқ чиққан ё чиқмаганлиги билан қизиқиб кўришни уят ҳисоблади. У ўша қизга ўғлини уйлантирди қўйди. Аслида, ҳаммаси ана шундан бошланди...

Ботир Севдоранинг номига инглиз тилида расмийлаштирилган ҳужжатларни Салимнинг қўлига тутқазиб, эвазига ундан жами 1.850 АҚШ доллари ва 10.900.000 сўм олди-ю жуфтакни ростлади. 

Салим эса яхши ниятларда келини ва ўғлини Америкага юбориш учун Ботир айтган барча ҳужжатларни тайёрлади. Бироқ негадир Ботир энди Салимнинг тинимсиз қўнғироқларига жавоб бермай, уйига ҳам келмай қўйганди. Бундан Салимнинг ичига ғулғула тушди. У Самарқанд шаҳрига бориб, “GREEN CARD” ўйнатадиган офис ходимларига Ботир берган ҳужжатни кўрсатди. У ердаги ходимлар ҳужжатнинг сохта эканлигини  айтишганида эса Салимнинг бошидан бир челак совуқ сув қуйилгандек бўлди. Дарғазаб бўлган Салим бу ишларга алоқаси бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб, келинини сиқувга олди. Бироқ ҳеч нарсадан хабари йўқ, ўғли билан бахтли яшаб келаётган келинининг айбсизлигини билгач, Ботир ва унинг шериги Акромни фирибгарликда айблаб судга берди.

Суд Ботир ва Акром ўзлаштирган пулларни ўз эгасига қайтарди ва айбдорларга нисбатан тегишли жазо тайинлади.

Kun.uz

2018-09-28 12:00:47  |  2125 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация