Халқаро ташкилотлар ҳукуматни ҳуқуқбонларга муносабатни ўзгартиришга чақирди



 
  Расм манбаси : Суратда: Дилмурод Саидов ва Аъзам Турғунов. Centre1.com

Amnesty ва яна беш халқаро ташкилотнинг баёнотига кўра, Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилари ҳануз кузатув ва таъқиб остида қолмоқда

Amnesty International, «Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» ассоциацияси, «Фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари», Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилотлари, Норвегия ва Польша Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди. Гап, хусусан, Аъзам Турғунов ва Дилмурод Саидов ҳақида бормоқда.

Ушбу халқаро ташкилотларнинг 13 май куни эълон қилган қўшма баёнотида қайд этилишича, ҳукумат ушбу амалиётни давом эттирмоқда. Жумладан, Аъзам Турғунов ва Дилмурод Саидов доимий равишда хавфсизлик хизматлари томонидан назорат қилинмоқда, улар кузатувлар, қўрқитиш ва таҳдидларга тўқнаш келмоқда. Аъзам Турғуновга қарши «шубҳали» маъмурий айбловнинг эълон қилиниши, ташкилотлар фикрича, унинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти кузатувда эканидан далолат беради.

Хабар қилинишича, ҳукумат Турғуновнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳини рўйхатдан ўтказишдан бош тортган. 28 февраль куни Турғунов, Саидов ва собиқ сиёсий маҳбус Аъзам Фармонов «Адолатни тиклаш» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотини рўйхатга олиш тўғрисида ариза топширган. 29 март куни рўйхатга олиш жараёнига дахлдор важлар билан ушбу ариза рад этилган.

«Биз президент Шавкат Мирзиёевни барча ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар хавфсизлиги, мустақиллиги ва эркин фаолиятини таъминлашга чақирамиз», – деди Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти директори Брижит Дюфор.

Ҳуқуқбонлик фаолияти туфайли Аъзам Турғунов 9 йил, Аъзам Фармонов 11 йилни қамоқда ўтказган. Журналист Дилмурод Саидов эса 12 йилу 6 ой муддатга ҳукм қилинган бўлиб, 2018 йил февралда шартли равишда муддатидан олдин озодликка чиқарилган.

2019-05-17 15:03:37  |  2071 |   0  | 

1 изоҳлар

Ҳуқуқбонлик фаолияти - бу қандай ташкилот? Бу фаолият Ўзбекистон қонунларида тартибга келтирилмаган. Жамоат бирлашмалари тўғрисидаги қонун билан ҳам бу фаолият лозим даражада тартибга солинмаган. Чунончи, ушбу қонуннинг биринчи моддасидаёқ жамоат бирлашмаларининг тури чегараланган. Демак, қонунларимизни такомиллаштиришимиз керак. Халқаро ташкилотлар холис эмаслигини давр талаби билдирган бир пайтда, ўтмиш камчиликларидан хулоса қилиб ва фақат танқид позициясига ўтиб олмасдан, такомиллашган ва ҳуқуқий одобга риоя қилиб, Президентимизга ва барча коррупцияга қарши курашувчиларга кўмаклашишимиз керак. Инсон руҳиятидан (психологиясидан) келиб чиқиб, ҳар бир шахс танилишга, кўзга ташланилга интилади (Д.Карнеги), лекин бу интилиш бировларни ҳуқуқини ва энг аввало Ватан нуфузини камситишдан келиб чиқмаслиги лозим. Ҳар ким ўз иши билан шуғулланиши керак.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация