Янги Фуқаролик кодекси чинакам “бозор конституцияси” бўлиши лозим
Профессор Илҳом Насриев Kun.uz нашрида эълон қилинган ушбу мақоласида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексини янгилаш эҳтиёжи, янги таҳрирда Кодексдан олиб ташланиши ва, аксинча, киритилиши лозим бўлган меъёрлар, шунингдек, бозор муносабатларини ривожлантиришда замонавий фуқаролик қонунчилигининг ўрни хусусида фикр юритган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди.
Фармойишда 1995-1996 йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси “ўтиш даври”нинг кенг кўламли ўзгаришларини тартибга солишда муҳим роль ўйнагани ҳамда иқтисодиётни либераллаштириш, иқтисодий муносабатларни тартибга солишда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк кафолатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берганлиги алоҳида таъкидланади.
Аммо Фуқаролик кодексида бозор иқтисодиётини янада чуқурлаштириш, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, халқаро рейтингда мамлакат ўрнини яхшилашга салбий таъсир этувчи жиддий камчилик ва бўшлиқлар мавжудлигига ҳам эътибор қаратилади.
Ана шундай камчилик ва бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида қабул қилинган Фармойиш Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ўзида акс эттирганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Устивор йўналишлар сифатида эса:
фуқаролик қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш ва унификация қилиш, уларнинг энг намунали хорижий амалиётлар билан уйғунлигини таъминлаш, шунингдек, ушбу соҳада илғор халқаро стандартларни имплементация қилиш;
хусусий мулк дахлсизлиги кафолатларини таъминлайдиган, жисмоний ва юридик шахсларнинг, айниқса тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган самарали фуқаролик-ҳуқуқий механизмларни белгилаш;
оммавий ва фуқаролик ҳуқуқ нормаларини аниқ чегаралаш, иқтисодиётни бошқаришда маъмурий-буйруқбозлик тамойилларига асосланган, ўз аҳамиятини йўқотган ва эскириб қолган қоидаларни чиқариб ташлаш;
давлат-хусусий шериклиги, кластерлик ишлаб чиқариши, электрон тижорат, крипто-валюта айланмаси, ер участкаларини хусусийлаштириш, улушли қурилиш ва бошқа замонавий фуқаролик-ҳуқуқий институтлар ва иқтисодий муносабатлар шаклларини ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш вазифалари белгиланган.
Ушбу фармойиш асосида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси” ҳам тасдиқланганини қайд этиш жоиз. Мазкур Концепциянинг кириш қисмида фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишнинг энг муҳим қоидаларини белгиловчи Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодекси бугунги иқтисодий муносабатлар талаби ва халқаро стандартларга етарли даражада жавоб бера олмаётганлигининг сабаблари атрофлича таҳлил этилиб, бу борадаги муаммоларни ҳал этишнинг аниқ йўллари ҳам кўрсатиб ўтилган. Масалан, унда:
эскирган ҳуқуқий институтлар, шунингдек бозор иқтисодиётига асосланган давлатларнинг ҳуқуқий тизимида мавжуд бўлмаган юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари сақланиб қолаётганлиги;
“тижорат таваккалчилиги”, “хўжалик юритувчи субъектлар тенглиги”, “адолатли компенсация”, “шартномавий мажбуриятларни бажаришдан бош тортиш” каби анъанавий фуқаролик-ҳуқуқий институтларнинг мавжуд эмаслиги;
замонавий бозор шароитларида талаб этиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар ва муносабатларнинг алоҳида шакллари, шу жумладан, давлат-хусусий шериклиги, дилерлик шартномаси, улушли қурувчилик, кластер ишлаб чиқариш, электрон тижорат, крипто-валюта айланмаси, ер участкасини хусусийлаштириш ва бошқа ҳуқуқий ҳолатларни тартибга солиш механизми назарда тутилмаганлиги;
кўп миқдордаги ҳаволаки нормаларнинг мавжудлиги кодекснинг тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжатга айланишига тўсқинлик қилаётгани ва унинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш борасидаги мақомини пасайтираётганлиги;
бир-бирига ўхшаш ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шакллардаги қоидалар аралашмасидан ташкил топган юридик шахслар ташкилий-ҳуқуқий шаклларининг кўплиги;
фуқаролик кодексида фуқаролик ҳуқуқи институтларига тааллуқли бўлмаган оммавий ҳуқуқ нормалари, хусусий мулк ва шартномавий муносабатларига оид асосланмаган миқдорда чекловлар мавжудлиги;
фуқаролик–ҳуқуқий муносабатларда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш масалаларини тартибга солувчи қоидалар деярли мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Фармойишга биноан, 2020 йилнинг 1 апрелига қадар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва фуқаролик қонунчилигини такомиллаштиришга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда ваколатли органларга кўриб чиқиш учун киритиш вазифаси юклатилди.
Бизнингча, янги таҳрирдаги Фуқаролик кодексининг такомиллаштирилиши натижасида ундан бозор иқтисодиёти шароитларига мос келмайдиган ёки юридик техника қоидаларини бузадиган мавжуд қоидалар чиқариб ташланади. Бунда асосий эътибор товарлар, ишлар, хизматлар бозори қоидаларини халқаро стандартлар асосида белгилашга қаратилади.
Маълумки, ўтган йиллар мобайнида халқимиз нафақат реал бозор иқтисодиётини чуқур англаш даражасига етди, балки ушбу жараёнда муайян тажрибага ҳам эга бўлди. Мазкур тажриба фармойишда таъкидланганидек, ўтган давр ичида фуқаролик қонун ҳужжатларида вужудга келган айрим бўшлиқларнинг тўлдирилишини, чунончи Фуқаролик кодексининг бир қатор қоидаларини бугунги бозор муносабатларига мувофиқлаштиришни ҳам тақазо этмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси фуқаролик қонун ҳужжатлари тизимида марказий ўринни эгаллайди, албатта. Унинг бозор мурватларини қанчалик ҳаракатга келтира олишига қараб ё иқтисодиётда товарлар, хизматлар, ишлар фуқаролик муомаласида эркин ҳаракатланади ёки давлат аралашуви, маъмурий тўсиқлар, шунингдек, ҳуқуқий бўшлиқлар сабаб ушбу муносабатларнинг ривожланиши секин кечади.
Шу боис ҳам фуқаролик кодексини иқтисодчи ва ҳуқуқшунос олимлар “бозор конституцияси” деб атайдилар. Чунки бозор иқтисодиёти мулкий, мулк билан боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган шахсий муносабатларнинг муттасил ривожланишини ҳам тақазо этади. Бу жараёнда янги-янги хизмат турлари, турфа иш бажаришлар, товарларнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган хиллари вужудга келаверади. Албатта бундай хизматлар, ишлар, товарларнинг фуқаролик муомаласи билан боғлиқ муносабатлар айнан фуқаролик қонун ҳужжатлари билангина тартибга солинади. Бу ерда ўзаро муносабатга киришувчиларнинг барчаси тенг ҳуқуқли бўлиб, бир-бирларига бўйсунмайдилар. Чунки сотувчи, олувчи, хизмат кўрсатувчи, иш бажарувчи, хизматдан, ишдан фойдаланувчиларнинг барчаси айнан шундай муносабатларда тенг ҳуқуқли ҳисобланадилар. Аммо Президент фармойишида алоҳида кўрсатиб ўтилган камчилик ва қонунчиликдаги бўшлиқлар чиндан ҳам хусусий ишларнинг тараққий этишига жиддий тўсиқ бўлмоқда. Зеро, ҳар қандай қонун нафақат мавжуд муносабатларни, балки вужудга келиши мумкин бўлган муносабатларни ҳам тартибга солиши лозим. Аммо афсуски, бугунги кунда фуқаролик қонун ҳужжатлари тўғрисида бундай фикр билдира олмаймиз. Шунинг учун ҳам иқтисодиётимизга “тўсиқ” бўлаётган эски тузум асоратларидан тезроқ халос бўлиш бугунги куннинг кечиктириб бўлмас вазифаларидандир.
Шуни тан олишимиз керакки, Фуқаролик кодексидаги хусусий мулк, айниқса оммавий мулк мақомига оид моддалар бирмунча мавҳум характерга эга. Амалиётнинг кўрсатишича, оммавий мулк ҳуқуқи субъектлари (республика, муниципалитет) томонидан мулкни эгаллаш, фойдаланиш ва тасарруф қилишнинг тартиби, мол-мулкни бир субъектдан иккинчисига ўтказиш шартлари ҳам унда аниқлаштирилмаган. Бу эса ўз навбатида оммавий мулк ҳуқуқи субъектларининг ўз мулкий ҳуқуқларини амалга оширишга нисбатан бефарқ муносабатда бўлишларига олиб келмоқда.
Шунинг учун ҳам Фуқаролик кодексида энг аввало, муниципал мулк мақомига аниқ таъриф берилиши керак. Шунингдек, давлат мулкини маъмурий-ҳудудий тузилмаларга бериш (ўтказиш) жараёни ҳам унда мукаммал тартибга солинмаганини қайд этиш жоиз. Шунинг учун ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўз тасарруфидаги мол-мулкларга нисбатан муносабатида мулкдорлик ҳисси деярли сезилмаяпти.
Шу ўринда Фуқаролик кодексида белгилаб қўйилган, бошқа давлатларнинг ҳуқуқ тизимлари учун номаълум бўлган ҳамда иқтисодиётимиз ривожига маълум маънода салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли бўлган хўжалик юритиш ва оператив бошқарув институтларини ҳам такомиллаштириш вақти келганини таъкидлаш жоиз.
Илҳом Насриев,
юридик фанлар доктори, профессор
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш