Наманган вилоятининг собиқ прокурори ҳибсга олинганми?
“Озодлик” манбасига кўра – ҳа, Бош прокуратурада “бу ҳақда маълумот йўқ”, ДХХ эса жим
Бир неча кун аввал “Озодлик” радиоси “Қодировни тергов қилган прокурор ҳам қамоққа олинди” сарлавҳали мақола эълон қилган эди. Унда жорий йилнинг 8 март куни Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошев юқори лавозимдаги амалдорга катта миқдорда пора бераëтган пайтда ДХХ ходимлари тарафидан ушлангани иддао қилинган. Айтилишича, Тошев 50 минг доллар пора бераëтган пайтда қўлга олиниб, унга нисбатан қамоқ эҳтиëт чораси белгиланган эмиш.
ЎзА ушбу хабарга аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратура матбуот хизмати билан боғланиб, “бизда бундай маълумот йўқ” деган жавоб олибди. Давлат хавфсизлик хизмати матбуот маркази эса телефон қўнғироқларига жавоб бермаган.
Эслатиб ўтамиз, Улуғбек Тошев Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманганга ташрифидан сўнг “қонунийлик, ҳуқуқбузарликлар эрта профилактикасини таъминлаш, кадрлар тарбиясида йўл қўйган камчиликлари учун” 5 март куни ишдан олинганди. Унинг ўрнига Ўзбекистон Республикаси бош прокурори ўринбосари Рашид Раҳматов тайинланган.
“Озодлик” манбасига кўра, Улуғбек Тошев 2017 йили қисқа муддат собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров устидан очилган жиноят ишини олиб борган тергов гуруҳини бошқарган.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш