Тан олинган солиқ қарздорлиги судсиз ундирилади
Солиқ қўмитаси тан олинган қарздорликни суд аралашувисиз ундириш механизмини таклиф қилмоқда
Солиқдан қарздорликни айрим ҳолларда судсиз ундириш механизми Солиқ кодексига киритилиши мумкин. Қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳолаш порталида муҳокама қилинмоқда.
Norma’нинг ёзишича, бугунги кунда ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш солиқ органларининг даъво аризасига кўра суд тартибида амалга оширилади (Солиқ кодексининг 65-моддаси). ДСҚ Кодексга ундирувни солиқ органлари қарори асосида, яъни суд аралашувисиз амалга оширишга рухсат берувчи тузатиш киритишни таклиф қилмоқда.
Бунинг иккита шарти бўлади:
солиқ тўловчининг солиқдан қарздорлиги ва ундирув унинг мол-мулкига қаратилиши ҳақида солиқ органлари томонидан огоҳлантирилиши;
солиқ тўловчининг солиқдан қарздорлигини ёзма тан олиб, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда электрон ҳужжат шаклида тақдим этиши.
Ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги қарор давлат солиқ хизмати органининг раҳбарлари томонидан имзоланади ва гербли муҳр билан тасдиқланади. Ҳужжат нусхаси у чиқарилган кундан 2 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда солиқ тўловчига тилхат олиб топширилади ёки топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади.
Қарори унинг нусхаси солиқ тўловчига топширилган кундан эътиборан 10 кун ўтгач қонуний кучга киради, яна 3 кун ичида мажбурий ижро қилиш учун давлат ижрочисига юборилади.
Таклиф қилинаётган бошқа ўзгаришлар билан ушбу манзилда танишишингиз мумкин.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш