ЯТТларга енгил автомобилларда йўловчиларни ташиш ҳуқуқи берилиши кутилмоқда
Президент қарорида бир ой муддатда бу борада ҳукуматга таклиф киритиш белгиланган
Президентнинг 2019 йил 6 мартдаги «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали ёзишича, Қарорда мутасадди идораларга якка тартибдаги тадбиркорларга енгил автомобилларда йўловчиларни ташиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини бериш (ҳозирда ушбу фаолият билан фақатгина юридик шахслар шуғулланиши мумкин) бўйича бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш топширилган.
Президент қарори билан 2019 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагилар бекор қилинади:
халқаро ташишларда фойдаланиладиган тягач (шатакчи) автомобилларга лицензия карточкалари берилиши учун давлат божи тўлаш;
«Евро-5» ва «Евро-6» экологик синф талабларига мос келадиган янги юк ва махсус автотранспорт воситаларини, шунингдек, автомобилда юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркама ва ярим тиркамаларни, транспорт-экспедиторлик хизматларини мажбурий сертификатлаш;
йўловчилар ташишда фойдаланиладиган автотранспорт воситаларида назорат-касса аппарати мавжуд бўлиши ҳақидаги талаблар;
автомобилда юк ташиш билан шуғулланувчи якка тадбиркорлар, шунингдек, ушбу фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс раҳбарининг малака талабларига мувофиқлик юзасидан аттестациядан ўтиши тўғрисидаги талаблар;
автомобилда йўловчилар ва юкларни ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олишда юридик шахсларнинг балансида транспорт воситалари мавжуд бўлиши ҳақидаги талаблар.
2019 йил 1 апрелдан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар ўртасида ижара шартномаларини тасдиқлаш учун амалдаги давлат божи миқдори (405 460 сўм) икки маротаба камайтирилади.
Бундан ташқари, 2019 йил 1 июлдан бошлаб:
йўналишсиз такси учун талаб этиладиган тўлов терминаллари, ҳисоблагич-тксометрлар ва радиоалоқа воситалари алмаштириладиган приборларнинг функцияларини таъминлайдиган махсус иловали қурилмаларга (уяли телефонлар, планшетлар, электрон тўлов тизимлари) алмаштирилиши мумкин;
йўналишсиз такси рангини қонун ҳужжатларида талаб қилинган рангга мувофиқ ҳолга келтириш учун (вилоятларда сариқ ва Тошкент шаҳрида фил суяги ранги) ўзи елимланадиган материаллардан фойдаланишга йўл қўйилади, уларни бўяш шарт эмас;
йўналишсиз таксилар автобуслар учун ажартилган махсус ҳаракат йўналишида ҳаракатланиши ҳамда «Тўхташ тақиқланади» белгиси амал қилиш ҳудудида тўхташи мумкин;
халқаро автомобилда ташишга хорижий/кўп томонлама рухсатномаларни олиш учун аризалар бир иш куни мобайнида кўриб чиқилади.
2019 йил 1 сентябрдан оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар ва кўчма шохобчалар ташкил этиш тартиби жорий этилади.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш