Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик 30 “минималка” жарима ва 15 суткагача қамоқ билан жазоланиши мумкин
МЖтКнинг 111-моддасини янгилашга доир қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳайвонларга шафқатсиз муомалада бўлганлик учун жазо чораларини кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Мазкур ҳужжат «Mehr va Oqibat» Жониворларни ҳимоя қилиш жамияти таклифи билан депутатлар томонидан илгари сурилмоқда.
Қонун лойиҳаси, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасини янги таҳрирда қабул қилишни назарда тутади. Ҳозирда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш энг кам иш ҳақининг 1/2 қисмидан 2 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Лойиҳада ушбу модда икки қисмда баён қилиниб, санкциялар кучайтирилган. Биринчи қисм диспозицияси 111-моддада таърифланган ҳуқуқбузарлик билан бир хил, айни чоғда жаримани ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача ошириш таклиф қилинган.
Иккинчи қисмда эса худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий чора қўлланилганидан сўнг бир йил давомида такроран содир этилса ёки мазкур ҳуқуқбузарликни содир этишга вояга етмаган шахслар жалб этилса, – айбдорларга ЭКИҲнинг 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ тайинлаш таклиф этилмоқда.
Ҳайвонлар ҳимоячилари жониворларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жазо чораларининг кучайтирилиши бу каби ҳуқуқбузарликлар профилактикасида самарали чора бўлишига умид билдирмоқда.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш