Хорижий фирмаларнинг ваколатхоналари ва улардаги хорижий ходимларни аккредитация қилиш муддатлари қисқартирилади



 
  Расм манбаси : pix11.com

Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги низом лойиҳаси жойлаштирилган.

Бу 2000 йилда қабул қилинган ҳужжатнинг янги версиясидир. Norma нашри иккалови: амалдаги ва таклиф этилаётган версияни солиштирма таҳлил қилди.

Биринчидан, лойиҳада хорижий фирма аккредитация қилиш учун Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига тақдим этадиган аризанинг мазмуни аниқлаштирилган. Яъни аризада акс эттирилиши лозим бўлган унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар рўйхати келтирилган:

• тўлиқ номи ва келиб чиққан мамлакати;

• ташкилотнинг тарихи: асос солинганлиги ёки илк бор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида ахборот, ривожланиш босқичлари, сўнгги давлат рўйхатидан ўтказиш санаси, жойи ва рақами;

• ташкилий-ҳуқуқий шакли;

• мулкчилик шакли (хусусий, оммавий ёки бошқа);

• бош офиснинг почта манзили;

• устав фонди миқдори ҳақидаги маълумотлар;

• хизмат кўрсатувчи банк тўғрисидаги маълумотлар;

• телефон, телефакс, электрон манзили;

• хорижий фирма раҳбарияти ҳақидаги маълумотлар: Ф.И.О., туғилган йили, фуқаролиги, лавозими, қисқача таржимаи ҳоли ва ҳ.к.;

• банд бўлганларнинг (ходимларнинг) умумий сони;

• фаолият предмети/турлари;

• сўнгги молия йилидаги сотиш ҳажми/обороти/товар обороти (экспорт ва импорт);

• оборотдаги фаолият турларининг фоизли улушлари;

• ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, реализация қилинадиган товарлар, кўрсатиладиган хизматлар номенклатураси;

• мулкдорлар (раҳбарлар, муассислар, акциядорлар ва ҳ.к.) ҳақидаги маълумотлар;

• асосий бўлинмалар: шуъба корхоналар, филиаллар, ваколатхоналар, уларнинг манзиллари ва фаолияти;

• савдо маркалари, кўчмас мулкка эгалик қилиш, ишлаб чиқариш қувватлари ва транспорт воситалари мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар.

Бундан ташқари, аризага илова қилинадиган ҳужжатлар сони ортади. Нотурар жой мулкдорининг (Ўзбекистоннинг юридик ёки жисмоний шахси) уни ваколатхонага ижарага бериш ёки реализация қилишга тайёрлигини тасдиқловчи кафолат хатини қўшиш таклиф этилмоқда (хорижий юридик шахс билан шартнома тузиш ҳақида сўз бораётган кўринади, сабаби ваколатхона юридик шахс ҳисобланмайди). Хатда ижарага бериш ёки реализация қилиш шартлари ва муддатини кўрсатишга тўғри келади. Кафолат хатини ижарага олувчи ҳам бериши мумкин, бироқ у мулкдор билан келишилган бўлиши керак.

Иккинчидан, ҳужжатда белгиланган муддатлар ўзгартирилмоқда.

Аккредитация қилиш ёки аккредитация муддатини узайтириш учун аризани кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш 5 иш кунигача (ҳозир – 10 иш куни) тезлаштирилади. Қабул қилинган қарор ҳақида у қабул қилинган пайтдан бошлаб 5 иш куни (ҳозир – 3 кун) мобайнида аризачига ёзма равишда хабар қиладилар. Аккредитация қилиш тўғрисидаги сертификат эса (ижобий қарор қабул қилинганда) тўлов тўлангандан кейин 1 иш куни (ҳозир – 5 кун) мобайнида берилади.

Эслатиб ўтамиз, тўлов 1 200 АҚШ долларини ташкил этади, ЭАВда ундирилади. Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурида уни уч баравар қисқартириш назарда тутилган, бироқ кўриб чиқилаётган лойиҳа бундай ўзгартиришларни ўз ичига олмаган.  

Ваколатхонани очиш юзасидан рухсатнома 1 йилдан 5 йилгача (ҳозир – 1 йилдан 3 йилгача) муддатга берилади. Сўнг аккредитация муддати тугашидан бир ой олдин Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига мурожаат қилиб, аккредитацияни худди шундай муддатга узайтириш мумкин (ҳозир мурожаат қилишнинг аниқ муддати кўрсатилмаган).

Учинчидан, аккредитация қилишни рад этиш учун асослар рўйхатини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Унга қуйидагилар киритилади:

• аккредитация қилувчи органда хорижий фирма ёки ваколатхона томонидан Ўзбекистон қонунчилиги бузилганлиги ҳақида ахборотнинг мавжудлиги;

• хорижий фирма ёки ваколатхонанинг террористик, экстремистик ва бошқа тақиқланган ташкилотларга алоқадорлиги;

• Ўзбекистон давлат хавфсизлиги манфаатлари ёки жамоатчилик тартиби муҳофаза қилинишини таъминлаш.

Тўртинчидан, ваколатхонада ишлайдиган хорижий фуқаролар сони бўйича чегарани – кўпи билан 5 киши этиб белгилаш таклиф этилмоқда. Уларнинг шахсан аккредитация қилиниши талаб этилади. Аккредитация карточкасини бериш муддатини икки баравар: 10 иш кунидан 5 иш кунигача қисқартирмоқчилар. Бунинг учун тақдим этиладиган ҳужжатлар пакети ва мутахассисларни аккредитация қилишнинг умумий тартиби ўзгартиришсиз қолдирилади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

2018-09-24 12:36:49  |  2456 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация