Омбудсман: хусусий мулкнинг давлатга ноқонуний ўтказилишига доир шикоятлар 1,9 баравар кўпайган
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг бу борадаги жавобгарлигини кучайтиришни таклиф қилди
Маҳаллий ҳокимият органларининг хусусий мулкни давлат эҳтиёжлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга риоя қилмаган ҳолда ундириши кўпайган. Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, 2018 йилда шунга ўхшаш шикоятлар сони 1,9 баравар ошган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Омбудсмани Сенат йиғилишида қатор таклифларни илгари сурди. Жумладан, унинг фикрича, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун мусодара этилиши лозим бўлган ҳудудлар тўғрисидаги қарорлар маҳаллий (марказий) матбуотда мажбурий тарзда чоп этилиши керак.
Сенатда 2018 йилги фаолияти юзасидан ҳисобот берган Омбудсман, шунингдек, хусусий мулкни давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ундиришдаги ҳуқуқбузарликлар учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахслари жавобгарлигини кучайтириш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди.
Муҳаммадиевнинг айтишича, маҳаллий давлат ҳокимият органлари мулк эгалари билан ўз вақтида ва тўлиқ ҳисоб-китобни амалга ошириши ёки олиб қўйилаётган мулкнинг қийматига тенг уй-жой бериши керак.
«Меҳмонхоналар, савдо объектлари, маданий-кўнгилочар мажмуалар қуриш мақсадида, кейинчалик инвесторларга бериш учун давлат томонидан, хусусий мулкни мусодара этишда уй-жой эгалари бўлган фуқаролар ҳуқуқларини таъминлашнинг таъсирчан чораларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш керак», – деди у.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш