Чет тилини биладиган адвокатни топиш муаммоми?



 
  Расм манбаси : sensorika.uz

Шу пайтгача деярли эътибор берилмаган бу савол, назаримизда, аслида жуда оғриқли экани маълум бўлиб қолаётгандай. Зеро, халқаро тадбирда иштирок этиш учун 4000 нафар атрофидаги адвокатларимиз ичидан бор-йўғи саккиз нафар муносиб номзод кўрсатиш ҳам осон кечадиганга ўхшамаяпти..

Гап шундаки, Халқаро ҳуқуқшунослар уюшмаси (IBA) ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига ўзининг рағбатлантирувчи грант дастурини тақдим қилган эди. Унда IBAнинг 2019 йилнинг 22 — 27 сентябрь кунлари Сеул шаҳрида бўлиб ўтадиган анъанавий йиллик анжуманида иштирок этиш учун 35 ёшгача бўлган саккиз нафар номзод ҳақида ҳужжат тақдим қилиш сўралган. Дастурга кўра бу номзодлардан тўрт нафари танлаб олиниб, халқаро анжуманда иштирок этиш учун таклиф қилинади. Энг муҳими, иштирокчилар учун сафар, йўлкира, ётоқ ва кунлик харажатлар IBA томонидан тўла қоплаб берилади. Номзодларга қўйиладиган талаблардан бири эса, табиийки, инглиз тилини етарли даражада билишдир.

Адвокатлар палатаси ўз сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига IBAнинг ушбу таклифи ҳақидаги хабар ва сўровнома нусхасини жойлаштириб, номзодлардан буюртмалар қабул қилиниши ҳақида эълон берилди. Шу баробарда эса Палатанинг ҳудудий бошқармалари ёрдамида инглиз тилини биладиган ёш адвокатлар рўйхатини шакллантиришга ҳам киришилган. Аммо, бизга маълум бўлишича, тўпланган маълумотлар ҳозирча жуда қувонарли эмас — Тошкент шаҳридан етти нафар ҳамда Фарғона ва Хоразм вилоятларидан бир нафардан адвокатнинг инглиз тилини билиши ҳақида маълумот олинган, холос.

“Бу жуда тўғри маълумот бўлмаслиги ҳам мумкин, — дейди Тошкент шаҳридаги “Kosta Legal” адвокатлик фирмаси адвокати Азизбек Аҳмаджонов. — Чунки инглиз тилини биладиганларнинг ҳаммаси ҳам ўз шахсий маълумотномасида бу ҳақда ёзавермайди. Кўпчилик таржимонлик билан боғлиқ жамоатчилик ишларидан қочиб шундай қилади”.

Пойтахтдаги “MF-Kronos” адвокатлик фирмаси адвокати Жасур Насриддиновнинг фикрича эса бу борада вазият ростдан ҳам яхши эмас. Чунки бугун адвокатларнинг жуда катта қисми турли идораларда ишлаб нафақага чиққан ёки турли сабабларга кўра ишдан бўшаган катта ёшли юристлардан ташкил топган. “Аммо мен билган 8-10 нафар ёш адвокатларнинг аксарияти Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг тугатган ёшлар бўлиб, чет тилини яхши билишади, — дейди Жасур. — Бу университетда чет тилига катта урғу берилади. Бундан ташқари, хориж тажрибасини кўп ўрганиш ҳам ўз таъсирини ўтказади, шекилли. Биласиз, хорижда ҳуқуқшунослик йўналишидаги талабаларнинг аксарияти кучли адвокат бўлиб етишишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишади. Дипломатия битирувчиларининг чет тилини яхши билиши сабаби эса бу университетда талабаларнинг бир қисми иқтидорига кўра ажратиб олиниб, халқаро ҳуқуқ, халқаро иқтисод каби фанлар чет тилида ўқитилиши билан боғлиқ. Бу тажриба ҳозир Тошкент давлат юридик университетида ҳам жорий этилган, унинг илк қалдирғочлари шу йил битиради, адашмасам. Бизнинг университетдан проректор бўлиб борган Мансурхон Камолов мазкур тажрибани у ерда ҳам жорий қилганидан хабаримиз бор. Лекин... ўша битирувчиларнинг неча фоизи адвокатлик касбини танлаши ҳақида бир нарса дея олмайман. Чунки у ердаги талабалар ўртасида адвокатурага қизиқадиганлари жуда кам. Юридик университетида магистратурада ўқиб бунга ўзим амин бўлганман. Шу боис, менимча, ёшларни адвокатурага кўпроқ жалб қилиш, уларнинг соҳа ҳақидаги назарий ва амалий билимларини мустаҳкамлаш учун ҳуқуқшунослик йўналишидаги университетларда талабаларни 3-4-босқичлардан бошлаб дарсдан кейин адвокатурада амалиёт ўташга йўналтириш тартиби жорий этилса мақсадга мувофиқ бўларди”.

“Чет тилини биладиган адвокатлар етишмовчилиги муаммоси энди аста-секин сезилаверади, — дейди Фарғона шаҳридаги “Lawman” адвокатлик бюроси бошқарувчиси Фируз Набиeв. — Чунки мамлакатимизга хорижлик сармоядорлар кириб кела бошлади. Демак, ўз-ўзидан, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган адвокатларга ҳам эҳтиёж туғилади. Жумладан, адвокатлик бюромиз ишонч билдирувчилари қаторида ҳам чет эл капитали иштирокидаги компаниялар мавжуд. Уларга шартнома асосида ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда тил билишим қўл келади. Тил биладиган адвокат билан ишлаш улар учун ҳам қулай. Сабаби, таржимон билан ишлаш бир томондан қўшимча харажат талаб қилса, бошқа томондан таржимон орқали фикрни тушунтириш ва тушуниб олиш ортиқча қийинчилик пайдо қилади. Шу боис ҳамма йўналиш бўйича ҳам хорижликларнинг ўзларига тил биладиган ҳамкорларни излашлари табиий”.

Самарқанд шаҳридаги “Sam Lex Unversalizs” адвокатлик фирмаси адвокати Рустам Шодиевнинг фикрича эса шу пайтгача талаб бўлмагани учун адвокатлар чет тилини билишга қизиқмаган, агар касбнинг ўзи талаб қила бошласа бу касб эгалари орасида ҳам тил ўрганадиганлар ўз-ўзидан кўпайиб кетади.

“Талаб пайдо бўлган экан, Адвокатлар палатаси ўз аъзолари учун тил ўргатадиган курслар ташкил қилса яхши бўларди”, —дейди “Reveka-K” адвокатлик бюроси бошқарувчиси Хуршида Абдураҳмонова.

Шу сўнгги таклифдан келиб чиқсак, Адвокатлар паласининг чет тилини биладиган адвокатлар танқислиги муаммосига амалда дуч келгани балки яхшиликкадир дея умидланамиз. Ахир ҳар қандай муаммога ечим топилиши учун ҳам бирон туртки керак-да...

Хуллас, IBA гранти учун номзодлар йиғиш тадбири давом этади. Муддат эса 15 мартгача. Демак, ҳали вақт етарлича. Зора, ростдан ҳам шахсий маълумотномасида инглиз тилини билишини кўрсатмай юрган “камтарин” адвокатлар кўп бўлиб, бу муддат ичида талабгорлар қўзғалиб қолса. Дарвоқе, эълонда қайд этилишича, номзодлар кўпайиб кетса Адвокатлар палатаси улардан саккиз нафарини суҳбат асосида танлаб олади. Шунингдек, IBA адвокатлардан якка тартибдаги аризаларни қабул қилмаслигини ҳам билдирган.

Шу ўринда маълумот учун айтадиган бўлсак, IBA (International Bar Association — Ҳуқуқшунослар халқаро уюшмаси) 1947 йилда Нью-Йорк шаҳрида 34 та халқаро адвокатлар уюшмалари иштирокида ташкил топган бўлиб, айни пайтда у дунёдаги хоҳлаган адвокатлик уюшмалари, тизимлари ва адвокатларнинг ўзлари ҳам аъзо бўлишлари мумкин бўлган нуфузли халқаро ташкилотга айланган. IBA ҳақидаги батафсил маълумот билан эса “Advokat” журнали ва сайтимизда эълон қилинган махсус мақола орқали танишиб олишингиз мумкин.

2019-03-02 17:09:13  |  2133 |   0     Нурбек Тошниёз (Норбек Тошниёзов)  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация