Бугун қандай янги қонун ва меъёрлар кучга кирди?



 
  Расм манбаси : Telegram Analytics

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали 2019 йилнинг 1 мартидан кучга кирган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида маълумот тақдим этди.

1.Тадбиркорлик, бизнес соҳасида

Бугундан бошлаб жисмоний шахслар ҳам қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Бунинг учун лицензия олиш ва ўлчамлари 1 гектардан ортиқ бўлмаган сочма олтин конларидан фойдаланиш ҳуқуқини электрон аукцион орқали сотиб олиш лозим.

2019 йил 1 мартдан:

тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда банк ҳисоб рақамларини масофадан туриб очишга рухсат берилди;

истеъмолчиларни электр таъминотидан рухсатсиз узганлик учун иқтисодий санкциялар қўлланилади;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастр ҳисобини юритиш учун ариза экстерриториаллик принципи асосида (исталган жойдан) берилиши мумкин;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорларнинг ҳужжатларга муҳр босилишини талаб қилиши тақиқланди.

Ижтимоий соҳа, тўловлар

«Меҳрибонлик» уйлари ва болалар шаҳарчаларининг раҳбарлари ва тарбиячилари, халқ таълими муассасалари тарбиячиларининг базавий тариф ставкаси бугундан 1,5 баробарга оширилиб, умумтаълим мактаблари базавий тариф ставкасининг 75 фоизи даражасида белгиланди.

Бундан ташқари бугундан бошлаб оилага тарбияга олинган (патронат) ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,33 баробарга оширилиб, 820 000 сўмни ташкил қилади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади.

Бугундан бошлаб болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга, улар пенсия ёшига тўлгандан сўнг, агар уларда пенсия тайинлаш учун зарур стаж мавжуд бўлмаса, ижтимоий нафақа тўлаш бўйича тартиб кучга кирди.

Давлат хизматлари, ахборот технологиялари

Фуқаролар бугундан ойлик иш ҳақлари ҳақидаги маълумотларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиши мумкин.

Бундан ташқари, «Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика» ягона ахборот тизими ҳам бугундан тўлиқ ишга туширилиши лозим.

Мактабларга болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш тартиби босқичма-босқич жорий этилади.

Таълим, нострификация

2019 йил 1 мартдан қуйидагиларнинг таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлари тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) тан олинади ва нострификация қилинади:

Ўзбекистонда алоҳида бўлинмалари бўлган хорижий таълим муассасаларида ўқиган фуқароларнинг;

халқаро рейтингда биринчи 1000 ўринни эгаллаган хорижий олий таълим муассасаларида ўқиган фуқароларнинг;

вазирлик ва идораларининг йўлланмалари асосида хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар) ҳисобидан таълим олган фуқароларнинг;

1992 йил 1 январгача хорижий таълим муассасаларига ўқишга кирган фуқароларнинг;

Олий таълимда сифатни кафолатлаш Европа ассоциациясининг тўлақонли аъзолари – ваколатли ташкилотлар томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олган фуқароларнинг;

Америка Қўшма Штатлари, Австралия Иттифоқи, Исроил Давлати, Канада, Сингапур Республикаси, Корея Республикаси, Япония давлатларида таълим олган фуқароларнинг;

вазирлик ва идоралар томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан хорижда таълим олган фуқароларнинг.

2019-03-01 19:18:49  |  2071 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация