“Айблов хулосасининг прокурор томонидан тасдиқланиши оғриқли нуқта!”



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

“Жиноят процессуал қонунчилигида айлов билан ҳимоянинг мавқеини тенглаштириш борасида муҳим бир масала бор — айблов хулосаларининг прокурор томонидан тасдиқланишини бекор қилиш керак, бу биринчи оғриқли нуқта”, — дейди Андижон шаҳридаги “Андижон” адвокатлар ҳайъати адвокати Шавкатбек Абдурахимов. Унинг айтишича, жиноят ишлари кўрилаётган суд процесларида, одатда, прокурор кириб, айблов хулосасини ўқийдию чиқиб кетади. Суд жараёнида нималар бўляпти, терговда тўпланган далилларнинг қайсилари тасдиқланаяпти, қайсилари тасдиқланмаяпти, бунга эътибор ҳам бермайди. Бу, биринчи навбатда, фуқароларнинг прокуратура органларига бўлган ишончини сўндиради.

“Суд жараёни ниҳоясига етиб, охирги музокарага навбат келганида эса, прокурор, кутилмаганда, айбланувчига фалон модда билан мана бунча муддат сўрайман деб ҳаммани ҳайратда қолдиради, — дейди адвокат. —  Чунки, вилоят, шаҳар, туман прокурори ёки уларнинг ўринбосарлари айблов хулосасини тасдиқлаб тургандан кейин прокурорлар ундан четга чиқолмайди хоҳлаган тақдирда ҳам. Бу оддий ҳақиқат”. Шуларни инобатга олган ҳолда адвокат айблов далолатномалари хулосаларини тасдиқлашни прокурорларнинг ваколатидан олиб ташлаш кераклигини тавсия этади ва шундагина айблов билан ҳимоя тенглиги таъминланишини айтади. Унингча, бугунги ислоҳотлар жараёни, Президентимизнинг Парламентга мурожаатида айтилган кўрсатмалар ҳам бу масалага ҳам ечим топиш лозимниги тақозо этмоқда. Қолаверса, бугун Ички ишлар вазирлиги ҳузурида тергов департаменти ташкил этилгани ҳам тергов хулосасини прокурорга тасдиқлатиш тажрибасидан воз кечиш учун шароит яратилганини кўрсатади.

“Қўшни Қирғизистон Республикасида ҳам тергов департаменти тузилиб, тергов прокуратурадан олиб қўйилди, — дейди суҳбатга қўшилиб Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Адилжон Юнусов. — Айблов хулосасини прокурор тасдиқлаган бўлса ва прокурор ёрдамчиси судда иштирок этаётган бўлса, у қандай қилиб ўзининг прокурорига қарши боради?” Юнусовнинг айтишича, бундай ҳолатда холислик йўқолади. Чунки терговда барча ҳолатлар ёритилмайди. Иш судга етиб келгандагина асл ҳолатлар кўринади (Яъни ҳимоя томоннинг янги далиллари пайдо бўлади, гувоҳлар янгича кўрсатувлар бериши мумкин ва ҳоказо — Таҳририят). Шу боис айблов томони ҳам шу ҳолатдан келиб чиқиб ўзининг фикрини ўзгартириши керак. Аммо айблов хулосаси прокурор томонидан тасдиқлаб қўйилган бўлса судда иштирок этаётган ёрдамчи прокурор унга ўзининг муқобил фикрини бера олмайди.

Бу таклифлар Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси матбуот хизмати ва “Advokat” журнали таҳририяти ходимларининг Андижон вилоятидаги адвокатлар билан учрашуви пайтида айтилди. Тадбирда иштирок этган бошқа адвокатлар ҳам яна кўплаб масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Улар ҳақида ҳам алоҳида маълумот бериб борамиз. Сайтимизни кузатиб боринг!

2019-02-26 14:31:34  |  4094 |   0  | 

4 изоҳлар

Феврал 04, 2020  00:59

1.Адвокат Тоҳирбек

Теров депортаменти тузилгунча Хозирча айблов ҳулосани Прокурор тасдиқлашини зудлик билан қонундан чиқариш керак. Жиноят иши дастлабки тергови якуни бўйича иш материали билан прокурор танишиб, алоҳида бир вароқли ҳулоса ёзиб ишни суд муҳокамасига беришга розилигини билдириш керак. Айблов хулосани эса Давлат номидан терговчи ўзи тузиб, тергов бошлиги билан келишиб Прокурор хулосасини олиб судга юборса. Одилона бўлади. Судлар хам қўрқмай оқлайверади. Оқлов хукми чиққанида эса, Жавобгарлик прокурор зиммасидан олинади. Терговчи харакатларига суд Ажрим билан бахо беради. Шунда Адолат хукм суриши мумкин.

Айблов хулосасини прокурор давлат номидан тасдиқлайди. Шу боис уни бекор қилишга эришиб бўлмайди, барибир. Бу, адашмасам, бутун дунёда бор тажриба. Аммо ҳамкасбларимиз кўтараётган муаммонинг бошқа ечими бор. Бунинг учун ИИВ, прокуратура ва ДХХдаги терговларнинг ҳаммасини ажратиб олиб, фақат мамлакат Президентига бўйсунадиган алоҳида орган сифатида ташкил қилиш керак. Масалан, узоққа бормайлик, Россияда ҳам мустақил Тергов қўмитаси мавжуд. Бизда эса бугун қонунда терговчи мустақил саналса-да, ташкилий жиҳатдан у ўз идораси раҳбариятига бўйсунмасдан иложи йўқ. Шу боис терговчи ўзи хоҳламаган тақдирда ҳам раҳбарларининг тўғри-нотўғри кўрсатмалари ижрочиси бўлиб қолиши мумкин. Айниқса, прокуратуранинг ўзида юритилган тергов ҳаракатлари прокурорнинг ҳимоясида бўлиб қолади. Шу боис бундай айбловни прокурор текшириб ўтирмасдан тасдиқлайди. Агар тергов мустақил тергов органи томонидан олиб бориладиган бўлса, прокурор ҳам унга холис баҳо беришга мажбур бўлади-да.

Феврал 27, 2019  12:05

3.Улугбек Арамов

Прокурор томонидан айблов хулосасини тасдиклашни бекор килиш фикрига кушилган холда, судлар томонидан чикарилган хукм ва ажримлар устидан протест билдириш ваколатини прокуратурадан Адлия вазирлигига олиб берилса судларда айблов билан химоя томон тенглиги таъминланарди.

Феврал 27, 2019  00:19

4.Наргиза

Жуда тугри фикр. Долзарб масала хамма адвокатлар учун. Шахсан мен хам каршиман прокурор айблов хулосаларини тасдиклашига.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация