Қонун мукаммал бўлмагач...



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Гапни узоқдан бошламай муддаога ўтиб қўя қолай. Гап Ўзбекистон Республикасининг амалдаги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуни ҳақида. Аслини олганда, мукаммал қонуннинг ўзи йўқ, менимча. Лекин мазкур қонундаги бўшлиқлар оқибатини тез-тез танангда ҳис этаётганинг ўта ёқимсиз-да…

Масалан, 5.1-моддаси. У «Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш», деб номланиб, давлат ОАВларини давлат субсидиялари орқали қўллаб-қувватлаши мумкинлиги айтилади. Аммо бу субсидиялар ажратиш тартиби ишлаб чиқарилмаган. Ваҳоланки, бу ҳақда низом ишлаб чиқиш зарур эди.  Масалан, нодавлат МТМларга субсидия ажратиш тартиби тўғрисида низом мавжуд-ку! Айнан шу боис ҳам қонуннинг ушбу моддаси амалда ўз ифодасини топгани йўқ.

Қонуннинг 12-моддасига асосан муассис ва таҳририят ўртасида таъсис шартномаси тузилиши белгиланган. Унда таҳририятни молиялаштириш муассис зиммасида эканлиги кўрсатилади. 14-моддада эса ОАВнинг чиқарилишини таъминлаш муассисга мажбурият сифатида юкланган.  Муассис жисмоний  ёки  хўжалик ҳисобидаги юридик шахс бўлса, бу моддаларни татбиқ этиш мумкин. Бироқ вилоят ёки туман ҳокимлиги бўлса-чи? Мантиқан олиб қараганда, газетани маҳаллий бюджетдан ёки ҳокимликнинг харажатлар сметасидан молиялаштириш талаб этилади. Тўғри-да, муассис газета таъсис этар экан, уни молиялаштириш манбасини ҳам кўзда тутиши зарур. Афсуски, вилоят ва туман газеталарини бу тартибда молиялаштириш кўзда тутилмаган. Қонун вилоят ва туман ҳокимликларига газета таъсис этиш ҳуқуқини беряпти, бироқ уларни молиялаштириш манбасини кўрсатмаяпти. Аслини олганда, мажбурий обунанинг илдизи ҳам мана шунда!

Сир эмас, бугун аксарият туман газеталарининг, ҳатто айрим вилоят газеталарининг ҳам моддий аҳволи оғир.  Ана шу дамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг баёни чиқиб қолди-ку! Ҳайрият-е, деб юбордик. Унда ҳар бир туманда Матбуот ва ахборот-кутубхона марказлари қурилиши, таҳририятларга маҳаллий бюджетдан субсидиялар ажратиш, газеталарнинг веб-сайтини яратиш ва уни юритиб туриш учун ҳар йили камида 100 миллион сўм маблағ ажратиш ва яна бир қатор ижобий ўзгаришларни амалга ошириш кўрсатилган эди. Ушбу баён асосида Навоий вилояти ҳокимлигида ҳам йиғилиш ўтказилди. Жойлардаги мутасаддиларга яна ўша топшириқлар берилди. Хатирчи туманида ҳам ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш... ҳужжатлаштирилди. Аммо буларда ҳам молиявий манба кўрсатилмади.

Мазкур вазиятдан чиқишнинг ягона йўли маҳаллий бюджет даромадларининг орттирилган қисмидаги маблағдан фойдаланиш эди. Надоматки, бу маблағ фақат бюджет ташкилотлари орасида тақсимланар экан?! Тўғри-да, туман газетасининг на молия бўлимида, на ғазначилик бўлимида ҳисоб варағи бор. Йўқ ҳисоб вараққа маблағ қандай ўтказилсин?!

Юқоридаги ҳолатларнинг ҳаммаси вилоят ва туман газеталари, гарчанд давлат корхонаси саналса-да, маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотлар рўйхатида йўқ эканига бориб тақалмоқда. Демак, ушбу газеталарни маҳаллий бюджетга ўтказиш талаб этилади.

Бу гапларни ёзишдан мақсад нима? Биринчидан, янги ташкил этилган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига матбуот соҳасидаги муаммоларни ўрганиш, қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини умумлаштириш каби вазифалар юклатилди. Мулоҳазаларимни агентлик мутасаддилари инобатга олишар, деган умид бор. Иккинчидан, республикамизнинг бирор вилояти ёки туманида юқорида тилга олинган қонун ва баён ўз ижросини топган бўлса, бунга қандай эришилгани билан  ўртоқлашилса, ҳамкасблардан миннатдор бўлар эдик. Учинчидан, 70-80 йиллар мобайнида чоп этиб келинаётган вилоят ва туман газеталарини ёпилишдан сақлаб қолиш, уларнинг таҳририятларида ишлаб келаётган ходимларни ишсиз қолдирмаслик...

Анвар Ҳосилов,

«Хатирчи ҳаёти» газетаси муҳаррири

Xabar.uz

2019-02-21 17:24:26  |  2144 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация