Одил судловга эришиш йўлидаги муҳим ҳужжат
Қонунчилик палатасида «Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Жиноят процесси иштирокчилари бўлмиш жабрланувчилар, гувоҳлар ҳамда бошқа иштирокчиларни ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тўлиқ тартибга солишни кўзда тутувчи ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Қонунчилик палатасига киритилган эди.
Парламент қуйи палатасининг 27 август кунги навбатдаги мажлиси қонун лойиҳаси депутатларнинг қизғин баҳс-мунозарасига сабаб бўлди.
Қонун лойиҳасида жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш принциплари белгилаб берилмоқда. Шунингдек, давлат томонидан ҳимоя қилинадиган шахслар ҳамда жиноят процесси бошқа иштирокчиларини ҳимоясини таъминловчи давлат органларининг рўйхати, хавфсизлик чораларининг турлари ҳамда уларни қўллашнинг асослари, хавфсизлик чораларини бекор қилиш тартиби, ҳимоя қилинувчи шахслар ва давлат томонидан муҳофаза қилишни таъминловчи органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатиб ўтилмоқда, деб ёзади Kun.uz.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жиноят процесси иштирокчиларининг қонунчиликка ишончини янада ошириб, уларнинг хавфсизлигини кафолатлаш, одил судловга эришиш ҳамда жамиятда жиноятга жазо муқаррарлиги принципининг мустаҳкам қарор топишига хизмат қилади.
Ҳужжат биринчи ўқишда қабул қилинди.
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш