Фожиа билан якун топган хиёнат
1986 йилда туғилган Холидбек Маҳкамов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Моҳира исмли қиз билан ижтимоий тармоқлар орқали танишиб қолгач, турли мавзуларда мароқ билан гаплашадиган бўлди. Қизиқарли суҳбатлар ортидан эркак ва аёлда бир-бирини кўриш иштиёқи уйғонди. Шу кезларда Холиднинг учрашиш таклифига аёл йўқ, дея олмай, рози бўлди. Мазкур жараёнда эркак ҳам, аёл ҳам оиласини унутди. Ҳатто муқаддас даргоҳга хиёнат қилаётганликларини хаёлларига ҳам келтирмади. Бу учрашувнинг охири вой бўлиши ҳақида ўйлаб ҳам кўришмади. Танишиб олганларидан кейин тез-тез учрашиб турадиган бўлишди. Бу учрашувлар охир-оқибат уларни хиёнат қилишга ундади.
Шу алфозда орадан бир қанча вақт ўтиб, улар жуда яқин бўлиб кетишди. Шундан кейин Холидбек хотинидан кўнгли қолганини, уни нега аввалроқ учратмаганидан афсусда эканлигини айтиб, Моҳирага эридан ажрашиш талабини қўя бошлайди. Унинг “Кейин нима қиламан”, деган саволига, хотинидан воз кечишини, ўзи унга уйланишини таъкидлайди.
Тубанлик сари ботиб бораётган Моҳира бу сафар жазманининг талабига кўнмади. Эри билан ажрашишдан бош тортди.
Холидбек эса қарорида қатъий туриб олди. Моҳирага етишишнинг турли йўлларини қидира бошлади. Шундай кунларнинг бирида таниши Урфан Соғуновни учратиб қолди. Икковлон кафега кириб, тамадди қилиш баҳонасида озроқ “қиттай-қиттай“ қилишди. Гап орасида Холидбек шеригига “дилини ёрди”. Янги танишининг таърифини келтирди. Унга етишиш учун ҳаракат қилаётгани, аммо бунга унинг эри тўсиқ бўлаётгани ҳақида айтиб, нолиди. Уларнинг улфатчилиги жазманга эришиш йўлида унинг эрини орадан олиб ташлаш билан якунланди. Ичкилик таъсиридаги Холидбекни эрига бевафолик қилган аёл қандай қилиб, вафодор ёр бўлиши қизиқтирмади.
Моҳиранинг турмуш ўртоғи шифокор эди. Ғараз мақсадли кимсалар учун мазкур касб айни муддао бўлди. Улар Моҳиранинг эрини касал кўриб қўйиш баҳонасида олдиндан тайёрлаб қўйилган уйга чақиришади. Ичкарига киргач, уриб-тепиб, оёқ-қўлини боғлаб қўйишади. Салкам уч кун ҳатто сув ҳам бермай, шу тарзда мажбуран тутқунликда сақлаб, кейин бўғиб ўлдиришади.
Қотиллар ҳеч нарсадан хабарсиз бегуноҳ инсоннинг ҳаётига зомин бўлганликлари етмаганидек, унинг пластик карточкаси, уяли телефон аппаратлари, бир неча сўм пули, жами 11 миллион 805 минг сўмлик шахсий буюмларини ўзлаштириб олишади.
Фуқаролик паспортини ёқиб юборишади. Ўзини эса яна бир танишлари – Эрик Мағрупов бошқарувидаги автомашинага ортиб, дарё бўйида қазилган чуқурга кўмиб юборишади.
Содир этилган жиноят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан фош этилди.
Суд томонидан икки қотил узоқ йиллик муддатга озодликдан маҳрум этилди. Автомашинаси билан жиноятга шерик бўлган учинчи шахсга ҳам тегишли жазо тайинланди.
Элмурод Убаев,
Тошкент шаҳар прокуратураси катта прокурори.
“Ҳуқуқ” газетасининг 20.09.2018 йилдаги 38-сони
0 изоҳлар
Изоҳ қолдириш