«Жамшид Кенжаев иши». Марҳумнинг отаси кўрсатма берди



 
  Расм манбаси : Ёқубжон Кендаев. Kun.uz фотоси

2019 йил 21 январь куни бошланган Жамшид Кенжаев иши билан боғлиқ суд жараёни давом этмоқда. Ўтган суд мажлисида гувоҳлардан бир нечтаси кўрсатма берган эди. Kun.uz хабарига кўра, бугун, 28 январь куни навбатдаги гувоҳлар ва марҳумнинг отасига сўз берилган.

Суд мажлисига гувоҳ сифатида марҳумнинг отаси Ёқубжон Кенжаев ва мудҳиш воқеа куни яраланган қўриқчилар Илясов Шерали ва Мирзаев Абдурасуллар чақирилди.

Марҳумнинг отаси қуйидагиларни сўзлади:

«Фарзандим бировга озор берадиган бола эмас эди. Онасини йўқотган вақтда қайғуга тушиб қолган эди. 3 кун уйдан чиқмай қўйган эди. Ўша куни “бир айланиб келаман, оғайнимни туғилган куни эди” деди. Ичиб-чекиб юрганини ҳам билмаганмиз. Менга бу воқеалар ёзилган видеони кўрсатишмади, болаларим. Кўтаролмайсиз дейишди. Кўксимда бир олов бор ҳозир. Мени қўйвормаяпти, нималигини айтиб беролмайман. Шу йигитларни ҳам бирор жойда ёрдам керак бўлса ташлаб кетмаган бўлар эди. Сизлар ваҳший экансизлар. Шунчалик ҳам қиладими? Буни Ўзбекистон эмас, бутун жаҳон кўрди. Тирикчилигига келсак, машғулотларга борар эди. Кейин кўчада такси ҳайдаб пул топиб турарди» дея сўзлади кўзида ёш билан.

Шундан сўнг, айбланувчиларнинг ҳимоячилари саволлар бериб ўтишди:

«Нима деб ўйлайсиз? Балки ўша куни ёнида пичоқ бўлмаганида шу жанжаллар бўлмасмиди?».

Ота шундай жавоб берди: «Мен бу саволга жавоб беролмайман. Суддан сўрайдиганим эса, бу ерда 4 киши эмас, 11 киши ўтиришини сўраган бўлар эдим».

Сўзи охирида Ёқубжон Кенжаев судланувчиларга қарата шундай деди:

«Мен сенларни оддий одам сифатида кечираман. Ота сифатида кечиролмайман. Бутун умр дуоларинг ижобат бўлмасин».

Шундан сўнг, воқеада яраланган қўриқчилардан бири Шерали Илясов тингланди:

«Мен келганимга 1 ҳафта бўлган эди. Жамшидни танимас эдик. Ўша куни Жамшид келди. Салом-алик қилдик. Ёнимдаги Володья (Владимир Смирнов) тушунтирди. Атрофда шовқин бўлгани учун гапини эшитмадим. Бирдан менга шапалоқ уриб юборди. Итариб юборгандим кўйлагини кўтардида пичоқни олди. Одамларни айланиб келиб менга тиқиб юборди. Ўша пайт дарровда сезмадим. Бошқаларга зарар бермасин деб орқасидан югурдим. Етиб боргунимгача Абдурасулга тиқиб олибди. Қучоқлаб олгандим, йиқилиб кетдик. Пичоқни Жамшид қаттиқ ушлаб олган. Кимдир уряпти, кимдир тепяпти. «Пичоқни олинглар» деб бақирдим. У ёш, бақувват бўлганлиги учун қаттиқ ушлаб олган. «Нима қилиб бўлса ҳам олинглар буни қўлидан» дедим. Пичоқ мени қаеримдан кирганини билмай юравердим. Шифохонага борганимизда операцияга ётқизишди. Ярим соатлар ўтгандан сўнг, ёнимда уни операция қилишди. Иккаламизни ҳам палатага олишди. Эртаси куни 10:00 ларда жон берибди».

Шундан сўнг, яна бир воқеа вақти жароҳатланган қўриқчи Абдурасул Мирзаев сўроққа тутилди.

«Мен четда тургандим. Володя пичоқни ташлаб кетавер, деб тушунтирди. Шодали ҳам айтди. Шерали яқинроқда бўлгани учун унга рўбарў бўлди. Русчалаб гапирди, эшитмай қолдим. Шу пайт Шералига бир шапалоқ қўйиб юборди. Пичоғини олди ёнидан. Мен ҳам пичоқни оламан дегандим, менга икки марта тиқиб юборди. Яхшиям Шерали ушлаб олди. Бўлмаса билмадим кимларга тиқиб юборар эди. Шерали қаттиқ ушлаб олди. Жамшид ҳам бақувват бола. Қўлидан пичоқни олиш қийин, шу сабабли балки таёқларни ишлатишган. Бошқаларни қувиб кетганимдан сўнг, орқага қайтиб келгандим ёнимдан қон сачраяпти. Шу пайт алам устида тепиб юборганман. Бунинг учун оила аъзоларидан узр сўраймиз.

Мен ҳам ўша куни жароҳат олдим. Ўпкамгача етиб борган. Битта жойимга 6 см, бошқа хжойимга 8 см пичоқ кирган. Шу кунгача даволаниб юрибман», деб айтди А.Мирзаев.

Воқеа гувоҳларига давлат айбловчиси ва марҳумнинг турмуш ўртоғи савол беришди ва ўз эътирозларини айтишди.

Суд ишни кўриб чиқишни 4 февраль, душанба куни соат 11:00 да давом эттиради.

2019-01-28 21:41:41  |  2212 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

  • Суд

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация