Таълим соҳасида коррупцияни қандай йўқ қилса бўлади?



 
  Расм манбаси : Novoye Vremya

Порахўрликнинг кенг қулоч ёзгани йил сайин Ўзбекистоннинг инвестицион жозибалилиги сўниб боришига олиб келиши мумкин. Таълим соҳасида коррупция ҳақида гапирадган бўлсак, яна ўша манзарани кузатамиз — таълимнинг (асосан олий таълимнинг) коррупция кўлами Ўзбекистон университетларининг чет эллик талабалар учун жозибалилигини тушириб юборади. Ўзбекистонга келиб таҳсил оладиган талабалар сонининг камайиши эса Ўзбекистон олий таълими обрўсининг тушиб кетишига олиб келади. Шу сабабдан таълим соҳасидаги коррупция, суд тизими, ижроия органлари тизимидаги коррупция муаммолари билан бир қаторда туради.

Охирги икки йил ичида Ўзбекистонда коррупция кўринишларининг камайишининг барқарор тенденцияси кузатилмоқда. Бу комплекс ва тизимли олдини олиш чоралари кўрилганининг натижаси бўлди. Бугунги кунда мамлакатда коррупция билан курашишнинг барча қонуний-ҳуқуқий воситалари яратилган. Коррупция билан кураш стратегияси тасдиқланди, «Коррупция билан кураш ҳақида» каби муҳим қонунлар қабул қилинди. Ўз навбатида, коррупцияни ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилмасликка қаратилган очиқ фикрлаш, ҳуқуқий ва молиявий маданиятни шакллантириш, шунингдек кундалик ҳаётда учрайдиган коррупцияни илдизи билан йўқ қилиш умумий вазифалардан бири бўлиб қолиши керак. Кундалик ҳаётдаги коррупция оддий фуқаро давлат ташкилотларига: таълим, соғлиқни сақлаш ёки қонунни ҳимоя қилиш (куч ишлатар) муассасаларига келганда одатда дуч келадиган коррупциядир.

Таълим соҳасида вазирлик назоратининг етарли эмаслиги

Бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли модернизация шароитида Ўзбекистон 2035 йилга бориб дунёнинг энг рақобатли 50 мамлакатлари қаторига қиришига эришиш учун энг муҳим шарт бўлмиш инсон капиталини ривожлантириш масаласи биринчи ўринга чиқади. Сўнгги икки йил ичида таълим соҳаси учун ажратилаётган маблағлар ошди. Бу даврда Ўзбекистонни халқаро таълим тизимига интеграция қилиш фаол олиб борилди.

Таҳлиллар таълим соҳасида коррупция кўлами жуда юқори эканлигини: вазирликнинг етарлича назорати йўқлигини кўрсатади. Талабалар таълим жараёнида ҳуқуқлари поймол қилинганлиги ҳақида кўп арз қилади. Оралиқ сессияда имтиҳонлар, амалиётни ўтиш учун пул тўлаш керак, баҳоларни улгуржи, яъни талабаларнинг бутун гуруҳи, ҳатто курс учун сотиб олиш ҳодисаси кенг тарқалган. Бундай хизмат ҳақи 30–50 шартли бирликдан бир неча юз, ҳатто минг шартли бирликларга тенг бўлиши мумкин: бу олий ўқув юртининг қайси шаҳарда жойлашганлиги ёки мавқеси, ҳамда фаннинг кўлами, жиддийлигига боғлиқ.

Коррупциянинг пайдо бўлиши омиллари

Олий таълим тизимидаги коррупцияни икки қатламга ажратиш мумкин: қуйи ва юқори. Қуйи даражадаги коррупция бевосита таълим жараёнида намоён бўлади: ўқув юртларига қабул қилиш, кириш имтиҳонлари, оралиқ ва битирув имтиҳонларини топшириш ва ҳок. Юқори даражадаги коррупция текширишлар/аккредитация, университетлар учун квоталар ажратиш, ОАҚ тизими, ўқув юртларини моллиялаштириш (жумладан, дарслик адабиётларини нашр қилиш учун бюджет маблағлари ажратиш) билан боғлиқ. Қуйи даражада коррупциянинг бўлиши ва ривожланиши учун бир қатор сабаблар мавжуд.

Коррупциянинг иқтисодий сабабларидан бири давлат ходимлари маошларнинг кам экани ҳамда тақиқловчи меъёрлар сонининг ҳаддан ортиқлигидир. Амалдорларга етишмай турган маблағни тасарруф қилиш учун кенг ваколат берилган жойларнинг барчасида коррупция гуллаб-яшнайди. Давлат идоралари ишининг яширин-ёпиқлиги, ҳисоботдорликнинг чалкаш оғир тизими, қонунчилик тизимида шаффофликнинг йўқлиги институционал сабаблар қаторига киради. Жамиятнинг бундай аҳволи, етарлича ахборотнинг берилмаслиги ва фуқароларнинг уюшқоқ эмаслиги, «кучни қўлларида ушлаб турганларнинг» ўзбошимчалигига нисбатан ижтимоий фаолликнинг йўқлиги ижтимоий-маданий сабаблардир.

Умумтаълим тизимидаги коррупцияда асосан ота-оналар ҳамда ўқитувчилар ва мактаб директорлари қатнашади. Болалар бунда қатнашмайди. Университетларда талаба, айтайлик, имтиҳон учун пул тўлаганда ҳаётидаги энг муҳим дарсни ўрганади. Биринчидан, баъзи масалаларни осон ҳал қилса бўлади. Иккинчидан, тизим порахўрликка асосланган бўлса, демак, у ҳам университетни тугатгач, худди шундай иш туца бўлади, шу йўсинда бу нарса бошқа соҳаларга илдиз отиб кетаверади. Шунинг учун таълим соҳасидаги коррупция жуда жиддий тизимли муаммо ҳисобланади. Шунингдек, биз уни янги бошқарув тизимни жорий қилиб, кузатув кенгашининг университет бошқарувчилари фаолиятини назорат қилиш фаолиятига кенг очиқлик бериб ва жамоатчилик назорати ўрнатиб тизимли ҳал қилишимиз лозим.

Таълим соҳасида коррупция билан боғлиқ жиноят турлари:

- Олий ўқув юртига кириш учун пора олиш. Бу хизмат вазифаларини суистеъмол қилишнинг энг кенг тарқалган шаклидир. Баъзи баҳоларга кўра, олий ўқув юртига кириш учун пора олиш замирида 60–80 фоиз жиноятлар ётади;

- Бу эса Ўзбекистоннинг келажаги учун энг катта таҳдид солувчи турдир. Фалсафа доктори (PhD) илмий унвони олиш учун тадқиқот ишларига илмий раҳбарлик қилиш учун «илмий раҳбарлар» 10–15 минг доллар талаб қилиши мумкин ва талабаларда бундай таклифни қабул қилмасдан бошқа иложи бўлмайди ҳам. Акс ҳолда раҳбарнинг турли сунъий тўсиқлари туфайли улар илмий ишларини охирига етказа олмасликлари мумкин;

- ОАҚ тизимида эса баъзи професор-олимлар сўнгги бир неча йил давомида бирор академик ютуқларга эришмаган бўлса-да, фақат ёши улуғ бўлгани шарофати билан ўтирибди. Уларнинг чет элларда ўтказилган халқаро конференцияларда чиқишлар қилиб, чет элларда чоп қилинадиган обрўли ва мавқели журналларда мақолалар эълон қилингани ёки академик жиҳатдан компетент китоблар нашр қилгани даргумон. Бундай одамлар ўзларига тегишли соҳаларда содир бўлаётган инновациялардан қандай қилиб хабардор бўлиши мумкин? Уларнинг жойини эгаллай оладиган ёш экспертлар йўқми? Савол жуда оддий: агар улар илм-фаннинг равнақи учун академик жиҳатдан ҳисса қўша олмаса, уларнинг қўмитада ўтиришидан мақсад нима?

- Ўқитувчиларни малака ошириш дастурлари тўла коррупцияга юз тутган: дастур курси сўнгида уларга дарс берган ўқитувчилар курсни тугатганлик ҳақидаги далолатнома учун пул йиғиб олади. Бу нарх йилдан йилга ошиб бораверади. Бутун бир гуруҳда қатнашувчиларнинг атиги 10 фоизи ўз битириш ёзма лойиҳасини мустақил ёза олади, қолганлар эса лойиҳани сотиб олади;

- Умумтаълим ва олий касбий таълим муассасаларида имтиҳонлар ва зачетлар топшириш учун пора олиш;

- Таълим муассаса биносида хоналарнии ижарага бериш шартномаларини тузишда пора олиш ва давлат мулкини ноқонуний ижарага бериш учун ўз хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш;

- Диплом ва аттестатларни таълим муассасаларида таҳсил олмаган шахсларга топшириш;

- Болалар боғчалари ва умумтаълим мактабларига болаларни жойлаштириш учун пора олиш.

Республикада таълим энг коррупциялашган етакчи соҳа қаторига киритилиши мумкин. Турли баҳоларга кўра битта талабанинг оралиқ сессия имтиҳонларини топшириши учун 30–50 доллар сарф бўлиши мумкин, олий таълим тизимида ноқонуний пул айланиши миллиард сўмлардан ортиқ бўлиши мумкин.

Олий ва умумий ўрта таълимнинг бугунги ҳолати

Олий таълимда қуйидаги асосий муаммоларни ажратиб кўрсатса бўлади:

1. Университетлар учун имкони борича кўпроқ сонли талабаларга таълим бериш фойдали. Талабани фанларни ўзлаштирмаганлиги учун ўқишдан ҳайдаш — тижорат нуқтаи назаридан зарарли қарор. Талаба ўқув материалининг 5 фоизини ўзлаштирмаган бўлса ҳам, 90 фоиз фанлардан «чиройли қилиб ўтган» бўлса ҳам майли, аммо у ўз вақтида пул тўлаб келмоқда. Университет ўқитувчиларининг мантиғи битта: «эртага ректор, кафедра мудири буйруғи билан шундай баҳо қўйиб беришнинг ўрнига, яхшиси мен талабани пул билан жазолаганим маъқул». Бу нимага олиб боради? Таълим даражасининг пасайиб кетишига, университетларда коррупция кўламининг ошишига.

2. Университетлар талабалар сонини ошириш билан бирга университет мавқесини ошириш ва ҳоказоларга эришишга ҳам кўпроқ ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам таълим сифатининг ҳақиқий натижаларини эълон қилишни хоҳламайди. Талабаларни фақат ҳеч иложи қолмаган вазиятларда ўқишдан ҳайдайди.

Мен давлат университетларида таълим даражасини ошириш нафақат талабаларни давлат томонидан молиялаштириш тизими билан чекланибгина қолмайди деб ўйлайман. Қуйидаги асосий сабабларни кўрсатиш мумкин:

- ўқитувчи кадрларнинг тайёргарлик даражаси пастлиги;

- ўқитувчилар илмий фаолият олиб боришлари учун давлат кўмагининг озлиги;

- давлат университет ўқитувчиларининг ижтимоий ҳимояланмаганлиги;

- ўқитувчиларга психологик ёрдам кўрсатиш тизимининг йўқлиги;

- ўқитувчи кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимининг самарасизлиги (у ерда ҳам ҳамма нарса коррупцияга юз тутган).

Таълим соҳасида стандартлар талабларига риоя қилишни назорат қилиш

Мактабни битирувчиларнинг билим савияси, даражалари ва университетларнинг абитуриентларга қўядиган талаблари орасида жуда катта фарқ бор. Шу сабабдан университетга кириш қийинлашибгина қолмай, амалда имконсиз бўлиб қолмоқда, шунинг учун эса мактабни битирувчилар ва уларнинг ота-оналари олий ўқув юртига киришнинг ноқонуний усулларини қўллашга уринади. Демак, жорий таълим тизимининг ўзи коррупцияга йўл очиб беради. Таълим дастурларининг тамойиллари ва асослари белгиланадиган таълим стандартлари борасида буйруқлар чиқаришда Халқ таълими вазирлиги бундай катта фарқни бартараф қилишга уриниб кўриши керак. Ўрта махсус таълим дастурини ривожлантириш зарур: мониторинг олиб бориш йўли билан ўрта махсус (касбий) таълим мутахассислари керак бўлган соҳаларни аниқлаш керак; таълим муассасаси бошлиқлари ўз битирувчларининг потенциал иш берувчилари билан бирга фаолият олиб бориши лозим.

Талабалар учун имтиҳонни мустақил топширишдан кўра уни «сотиб олиш» осонроқ

Талабанинг ўқишга қизиқишини жорий битириш имтиҳонлари тизимини ўзгартириш билан ошириш мумкин, масалан, роль ўйини шаклида. Хусусан, кўплаб йирик компаниялар рол ўйнаш ўйинларидан ишга олиш учун тест синовларида фойдаланади. Бир қатор таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бир неча йил ўтгач, университетлар ва меҳнат бозори ўртасидаги алоқалар йўқолаётганлиги сабабли олий таълим тизими таназзулга дуч келиш мумкин. Ходимларни танлашда айрим хусусий корхоналар ва ҳатто давлат идора, ташкилотлари ҳам баъзи олий ўқув юртлари битирувчилардан ўзларини кескин олиб қочади.

Ўз ўзини тартибга солиш тизими ривожланмаган. Университетларда коррупциянинг мавжудлиги кўпроқ аксар талабаларнинг бу ҳодисага бетараф муносабатидан ҳам келиб чиқади ва коррупцияни оммавий ҳодисага айлантиради. Зиддият вазиятини яратиш лозим: талаба учун ўқишдан ҳайдалиш катта харажатлар билан боғлиқ бўлса, ўз-ўзидан «ўқишдан ҳайдалмаслик» учун рағбат ошади. Бунда талабалар орасида ўтказиладиган оммавий яширин анкета тўлдириш воқеликдаги ҳолатни кўрсатади. Масалан, Англияда университетларда курс тугагач яширин (аноним) анкета тўлдириш ўтказилади, ва бу асл моҳиятида, «иккинчи томондан келадиган мулоқот каналининг» ўзидир.

Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида коррупция

Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимидаги коррупция таълим соҳасидаги коррупциядан бутунлай фарқ қилади ва ўз анаъанавий тушунчаси бўйича давлат бюрократик аппарати коррупциясидан эса жиддий фарқ қилади. Биринчидан, илмий даража расмий таълимда эришиш мумкин бўлган энг юқори поғона ҳисобланади. Олий ўқув юртидан кейинги таълим олиш индивидуал фаолиятнинг нафақат шунчаки билимлар олиш, балки янги билим яратишни назарда тутадиган даражасига ўтишини белгилайди. Илмий даражалари бор инсонлар ўзларига тегишли соҳаларда кўпроқ квалификация/малакага эга мутахассислар ва ҳурмат қилиб тан олинадиган экспертлар деб ҳисобланади. Кўп ҳолларда уларнинг билимлари ва чоп қиладиган илмий ишлари одатда ижтимоий-йўналтирилган иқтисодда талаб қилинадиганга кўра жуда тор соҳада, махсус ва юқори сифатли бўлади.

Иккинчидан, одатда илмий даражага эга бўлган инсонларда юксак маънавий-ахлоқий сифатлари бор деб ҳисобланади. Аксарияти олий ўқув юртларида дарс берадиган ва илмий тадқиқотлар билан шуғулланадиган PhD даражаси соҳиблари, фан докторлари одатда интеллектуал бирлик ҳиссини қўллаб туради.

Учинчидан, улар бир вақтнинг ўзида янги PhD даражаси соҳиблари ва фан докторларини тайёрлаб бориш билан бирга университет талабаларига дарс беришади. Шунингдек, улар академик яхлитлик стандартларига риоя қилинишини ҳам кузатиб бориб, академик муҳитда ахлоқий этика меъёрларини белгилайди ва талабаларнинг нопрофессионал хулқ-атворининг олдини олади.

Бироқ илмий жамоатчилик орасида диссертациялар академик муҳитга умуман алоқаси бўлмаган инсонлар томонидан сотиб олинаётгани ва баъзи ҳимоя қилинган диссертациялар буюртма асосида мутахассислар томонидан пул учун бажарилган деган хавотир бор. Ижтимоий ва гуманитар фанлар, жумладан, иқтисодиёт, юриспруденсия, молиявий ишлар, сиёсатшунослик, тарих ва жамиятшунослик соҳаларида илмий даражаларга бўлган талабнинг юқорилиги «диссертацион бизнеснинг» ривожланишига сабаб бўлади. Бугунги кунда, ушбу бизнес жуда яхши ривожланган. Илмий даражаларни сотиб олиш «модаси» пулга ёлланадиган ва диссертация ҳимоясидан олдин ва кейин талаб қилинадиган барча ҳужжатларни тайёрлашда ва тегишли процедуралардан ўтишда ёрдам берадиган олимлар томонидан ёзиладиган пули тўланган диссертацияларга бўлган талабнинг ўсиб боришини таъминлайди. Бу бир бутун коррупциялашган тизимдир.

Таълим соҳасининг норасмий сектори олий таълим тизимининг барча жабҳаларига тарқалган ҳодисадир. Кўп ҳолларда мутахассисларнинг пул эвазига диссертация ёзиб беришларини илмий консултацияларга қўяди, бироқ аслида эса «ҳақи тўланган диссертациялар» ҳам ўз ички иқтисодий қоидаларига асосан фаолият олиб борадиган норасмий секторнинг бир қисми ҳисобланади. Илмий даражани тақдим этиш тизимида коррупциянинг мавжудлиги аён бир шароитда, тўлов миқдори ва уларга илова қилинадиган турли хизматлар нархи 10–20 минг доллар орасида бўлади.

Ўзбекистонда плагиат, кўчирмачилик ва қалбакилаштириш маданияти кенг тарқалган. Magisтрлик диссертациялари ва курс ишларини бировдан кўчириб олиш ёки уларни тайёрлаш учун буюртма бериш мумкин; фалсафа доктори PhD ва фан доктори диссертациялари борасида ҳам худди шу вазият.

Пора олиш учун ақл бўлиши талаб қилинмайди. Ўқиш, ўз билимлари ва квалификацияларини ошириш, илғор ва алтернатив технологиялар яратиш, янги корхоналар қуриш ва ер чопиш шарт эмас. Баъзан мен коррупция билан курашишнинг фойдаси йўқ, шунчаки ўқитувчиларни пора олишга ўргатмаслик, уларга пора бермаслик, очиқдан-очиқ пора беришга мажбурлаш вазиятларида эса дарҳол президент интернет порталига ёзиш керак деган фикрга бораман.

Ҳукумат, ўз навбатида, ўқитувчиларнинг маошларини ошириши, таълимга бўлган талабларни кучайтириши керак. Плакатлар, ташвиқотлар, комиссиялар тузиш билан коррупцияни илдизи билан йўқотиб бўлмайди, бироқ коррупцияни жуда оғир жиноятлар қаторига киритиш ва қонун моддасида жазо хат ёзишиб туриш ҳуқуқисиз 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш билан белгилансагина вазият ўзгариши мумкин.

Коррупциянинг гуллаб-яшнашига ўзимиз айбдормиз: порани ўзимиз узатамиз ва бу билан ўқитувчиларнинг иштаҳасини янада оширамиз. Порахўрларнинг ўзи коррупция билан кураш олиб борар экан, ҳеч қанақа қонун ёрдам бермайди.

Биз Ўзбекистон Республикси олий таълим соҳасидаги коррупцион тизимнинг воқе бўлишида барча томонлар: абитуриентлар ҳам, ота-оналар ҳам, ўқитувчилар ҳам ва олий ўқув юртлари маъмуриятлари ҳам баробар айбдорлиги ҳақида ўзимизга ҳисобот беришимиз лозим. Бундан 10–15 йил кейин ҳар қандай соҳада Ўзбекистон мутахассисларининг қайси авлоди фаолият олиб боришини тасаввур қилишимиз керак. Фарзандларимизга қимлар дарс беради, уларни кимлар даволайди? Жавоб эса ўз-ўзидан маълум: бугунги куннинг бечора чаласаводлари.

Азамат Акбаров,

Пусан чет тиллар университети профессори

Daryo.uz

2019-03-25 14:09:58  |  1298 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация