Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан кимлар озод қилинган?



 
  Расм манбаси : 123ru.net

Солиқ кодексининг 329-моддаси янги таҳрирда қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Судларда давлат божини ундириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи”да эълон қилинган.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, 329-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«329-модда. Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш

Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:

1) даъвогарлар – иш ҳақини ундириб олиш тўғрисидаги даъволар ва меҳнат ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа талаблар юзасидан;

2) даъвогарлар – алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

3) даъвогарлар – меҳнатда майиб бўлганлиги ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек боқувчиси вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

4) даъвогарлар – ноқонуний ҳукм этиш, жиноий жавобгарликка тортиш, маъмурий жазо бериш туфайли жисмоний шахсга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ низолар юзасидан;

5) даъвогарлар – жиноят туфайли етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

6) юридик ва жисмоний шахслар – алиментларни ундиришга доир фуқаролик ишлари билан боғлиқ ҳужжатларни уларга берганлик учун;

7) қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга ариза билан мурожаат этган юридик ва жисмоний шахслар;

8) юридик ва жисмоний шахслар – давлат ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар юзасидан;

9) тадбиркорлик субъектлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда;

10) истеъмолчилар – ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ даъволар юзасидан;

11) товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) хавфсиз бўлиши ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари ва истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари – истеъмолчиларнинг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) манфаатларини кўзлаб бериладиган даъволар юзасидан;

12) даъвогарлар – ўрмон дарахтларини ўзбошимчалик билан кесиш ҳамда ўрмондан фойдаланиш, ўрмонни қўриқлаш ва муҳофаза қилишнинг тартиби ва шартларини бошқача тарзда бузиш туфайли ўрмон фондига етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги ишлар юзасидан;

13) давлат органлари – ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги даъволар юзасидан, шунингдек жисмоний шахсларга тегишли бўлган, тарихий, илмий, бадиий қимматга ёки ўзга маданий қимматга эга бўлган мол-мулкни жисмоний шахслар бу мол-мулкка хўжасизларча муносабатда бўлган ҳолларда жисмоний шахслардан давлат мулкига олиб қўйиш тўғрисидаги ишлар юзасидан;

14) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари – палата аъзоларининг манфаатларини, ўз манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қилинган шикоятлар юзасидан;

15) нодавлат нотижорат ташкилотлари – ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;

16) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;

17) ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, шунингдек уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари – барча даъволар юзасидан;

18) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари – пенсионерлардан (нафақа олувчилардан) ортиқча (ноқонуний) тўланган пенсияларнинг ва нафақаларнинг суммаларини ундириш билан боғлиқ даъволар юзасидан;

19) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги органлари – кўчиш жойига бормаган ёки кўчиб борган жойларини ўзбошимчалик билан тарк этган кўчириб келтирилувчиларга нисбатан кўчиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг ўрнини қоплаш тўғрисида тақдим этилган даъволар юзасидан;

20) Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги органлари – атроф-муҳитни ифлослантирганлик, табиатдан ўзбошимчалик билан фойдаланганлик ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш тартиби ва шартларини бошқача тарзда бузганлик туфайли табиий объектларга ва комплексларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

21) Ўзбекистон Республикаси Cув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда уларнинг жойлардаги органлари – сув тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик туфайли давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун маблағларни давлат даромадига ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

22) суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш органи – мажбурий суғурта операциялари билан боғлиқ ишлар юзасидан;

23) қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи – инвесторларнинг, қимматли қоғозлар эгаларининг ҳамда давлатнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадидаги даъволар юзасидан;

24) давлат солиқ хизмати органлари, молия ва божхона органлари – барча ишлар ҳамда ҳужжатлар юзасидан, шунингдек алоҳида юритиладиган ишлар бўйича судга аризалар берганлик учун;

25) ички ишлар органлари – алиментлар ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаётган шахсларни қидириш учун қилинган харажатларни ундириш тўғрисидаги ишлар юзасидан;

26) прокуратура органлари – давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

27) адлия органлари – давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

28) ундирувчи ёки давлат ижрочиси – қонунда назарда тутилган тақдирда, қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидириш бўйича харажатларнинг ўрнини қарздор томонидан қоплаш тўғрисидаги ишлар юзасидан;

29) Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги – интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзлаб қилинадиган даъволар юзасидан;

30) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари – фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан, шунингдек фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб қилинган шикоятлар юзасидан;

31) Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари – қўмита ваколатларига мувофиқ судларга бериладиган даъволар ва аризалар юзасидан;

32) мулкдорлар – хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органлари ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳақидаги ишлар юзасидан;

33) якка тартибдаги қурувчи билан тузилган шартномага кўра қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш чоғида буюртмачининг вазифаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қайси юридик шахснинг зиммасига юклатилган бўлса, ўша юридик шахс – қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш масалалари юзасидан якка тартибдаги қурувчилар билан низоларни ҳал этиш тўғрисидаги даъволар бўйича;

34) қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун имтиёзли кредитлар бериш қонун ҳужжатларига мувофиқ қайси тижорат банкларининг зиммасига юклатилган бўлса, ўша тижорат банклари – қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун берилган имтиёзли ипотека кредитлари юзасидан қарз олувчиларнинг кредиторлик қарзларини ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича;

35) хорижий инвестициялар иштирокидаги акциядорлик жамиятлари – уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъволар юзасидан;

36) тадбиркорлик субъектлари – ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берганда.

Ушбу модда биринчи қисмининг 8–10, 32–36-бандларида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.

Мавзуга доир:

Иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган фуқаролар ва субъектлар белгиланди

Қайси ҳолатларда маъмурий судларга давлат божи тўланмайди?

2019-01-10 18:30:29  |  3725 |   0  | 

5 изоҳлар

Ноябрь 08, 2024  11:58

1.Д Махсудов

ногиронлиги булган шахсларга давлат божи тулашда имтиёз борми

Октябрь 10, 2024  08:53

2.Исматулло

Ўқитувчилар давлат божини тўлашдан озод этилганми.

Июль 13, 2024  17:46

3.ойбек

Темир дафтарда Турган оила фукароси жавобгар сифатида апелляция аризаси киритса Давлат божи тулайдими?

Октябрь 29, 2023  13:28

4.Омонова Махбубахон

Пенсия нотугри туланганда, судга берилса, фукаро давлат божи тулайдими?

Феврал 16, 2021  20:53

5.Бухожар

Алимент ундирганда давлат божини ким тўлайди?



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация