Миллий коррупция хусусиятлари ёхуд Ўзбекистонда амалдорлар «бизнеси»ни қандай енгиш мумкинлиги ҳақида



 
  Расм манбаси : "Пора" карикатураси. Маҳмуд Эшонқулов

Иқтисодий юксалишга кўмаклашиш маркази раҳбари Юлий Юсупов энг оғир ижтимоий иллатлардан бири — коррупция, унинг келиб чиқиш сабаблари, уни енгиш воситалари ва тамойиллари ҳақида сўз юритади.

Беҳзод Ҳошимовнинг коррупция ҳақидаги интервьюси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу муҳокамалар мени коррупция, унинг бизнес шаклини олган жиҳати ҳақида мушоҳада юритишга ундади.

Умуман олганда, коррупцияни «пуллик хизмат кўрсатиш» сифатида эътироф этиш мумкин. Аммо у одатий эмас — ўзига хос хизматдир. Биринчидан, у қонунга хилоф. Иккинчидан, у бошқа бир турдаги хизматдан келиб чиқади — давлат хизматларидан.

Жамият давлат хизматларини кўрсатиши учун мансабдорларни ёллайди. Аммо баъзи ҳолатларда мансаб эгалари шундоқ ҳам бажаришлари керак бўлган ишлар учун манфаатдор томондан қўшимча тўлов талаб қила бошлашади. Аксинча бўлиши ҳам мумкин: улар қилиши лозим бўлган ишларни қилмаслик учун, қоидабузарликка «кўз юмиш» ёки рухсат бермаслик лозим бўлган жойда рухсат беришлари учун пора олишади.

Давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида нега бундай ҳолатлар юз бериши ва нега «қўшимча» (коррупцион) хизматларга талаб пайдо бўлишини тушуниб етмоқ керак. Ахир бу ерда гап фақат мансабдорнинг пора олиш истаги ҳақида эмас, кимдир ўша порани беришга тайёрлигида ҳамдир. Акс ҳолда, мансабдорнинг пора олиш истаги ҳавода муаллақ қолган бўларди.

Таҳлил қулайлиги учун давлат хизматларини икки тоифага бўламиз.

Биринчиси — жамиятга керак бўлган хизматлар. Улар барча ривожланган мамлакатларда кўрсатилади. Масалан, мулк ҳуқуқини ҳисобга қўйиш (регистрация қилиш), паспорт (ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат) бериш, ташкилотларни текшириш (солиқ тўлаш, санитар қоидаларга амал қилиш ва бошқа масалалари бўйича), давлат эҳтиёжлари учун харидлар қилиш.

Иккинчи тоифа — аксарият ҳолларда мансабдорларнинг ўзлари томонидан жамиятга тиқиштирилаётган хизматлар. Ривожланган давлатларда бундай хизматлар кўрсатилмайди. Масалан, алоҳида корхоналарга турли-туман индивидуал имтиёзлар (солиқ, кредит соҳасида, расмий конвертациядан фойдаланиш учун имтиёзлар) бериш. Ёки ўта қийинлаштирилган прописка. Ёхуд жамият учун айтарли зарар келтирмайдиган, шу учун ҳам уларга рухсат олиш керак бўлмаган, аммо, негадир, мансабдорлар томонидан уларга рухсат бериш жорий қилинган хизматлар. Ёки конкурс ўтказмасдан қурилиш учун ер бериш амалиёти (бунда мансабдор кимга ер бериш керагу кимга бермаслик кераклигини ўзи ҳал қилади).

Қандай ҳолатларда давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида коррупцияга талаб пайдо бўлади?

Биринчидан, бундай хизматлар мураккаблаштирилганда ва шаффоф бўлмаганида. Бу ҳолда мансабдор ўзининг хизматларини тадбиркор ёки фуқарога осонлик билан «қўшимча сервис» сифатида тиқиштиради: «ишинг тез ва осон битишини хоҳласанг, муллажирингни чўз!» Яни бири — мансабдор мураккаб ва ношаффоф жараёндан тақиқ учун, нимадир бермаслик учун, нима учундир жазолаш учун фойдаланади. Шунда мазлум тараф «чека йўлларни» излай бошлайди — пора бериш ниманидир исботлашдан қулайроқ бўлиб қолади.

Иккинчидан, мансабдорнинг қарори ёрдамида кимдир фойда кўриши мумкин бўлганда коррупцияга талаб пайдо бўлади. Масалан, солиқ имтиёзлари ёки расмий конвертацияга «йўл очиш» (2017 йил сентябригача бизда шундай эди) ёки давлат харидлари бўйича тендерни ютиб олиш. Бунда манфаатдор тарафда устунликка эга бўлиш учун пора бериш истаги пайдо бўлади.

Энди бу ҳолатга коррупцион «хизматлар» сотувчиси кўзи билан қараб кўрамиз. Ҳар қандай сотувчи ўзининг товарига бўлган эҳтиёж ошишини истайди. Талаб кучайиши учун сотувчилар турли маркетинг воситаларни ишга солишади. Албатта, мансабдорлар ўз хизматларини газета орқали очиқ реклама қилолмайдилар. Аммо уларда бошқа воситалар бор.

Модомики, коррупцияга талаб жараёнларнинг мураккаблиги ва ношаффофлигидан келиб чиқяптими, демак улар жараённи тобора мураккаблаштириб, янада ношаффоф қилиш керак. Яъни, норматив ҳужжатлардаги зиддият ва чалкашликлар, мансабдорлар томонидан тақиқ қўйиш имконияти, турли рухсатлар олиш учун талаблар қанчалик кўп бўлса, коррупцияга потенциал талаб ҳам шу қадар катта бўлади. Бинобарин, коррупциялашган мансабдорлар меъёрий базани мураккаблаштириш ва тақиқлар, рухсатлар ҳамда текширувлар турларини ўйлаб топиш учун максимал куч сарфлашади. Шу учун ҳам улар кўзингизга қараб «афсусда эканликларини, меъёрий базанинг номукаммаллиги сабабидан ҳеч нарса қилолмасликларини» изҳор этсалар — ишонманг! Улар асло афсусда эмас. Ёмон меъёрий база — уларнинг «нони» — коррупцион хизматларга талабни ошириш учун ҳал қилувчи восита.

Бошқа бир маркетинг воситаси — жамиятга кераксиз (ортиқча) хизматларни тиқиштириш. Бу ерда доим эзгу сабаблар ўйлаб топилади: индивидуал имтиёзлар «миллий ишлаб-чиқарувчиларни ривожлантириш учун керак» (унда нега бу имтиёзлар индивидуал — соҳанинг барча ишлаб-чиқарувчилари учун эмас?), пропискани чеклаш «хавфсизликни таъминлаш учун керак», жамият учун керак бўлмаган рухсат ва лицензиялар «харидорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун керак» (ҳар ким сотавермасин-да товарларни, биз текширганлар сотсин!). Қурилиш учун ерларни танлов асосида сотмаслик керак (ким кўп тўласа, ўшанга эмас), балки шундоқ (мансабдорга пора берганга) бўлиб бериш керак.

Шунинг учун ҳам турли, давлатнинг иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётга аралашувини кучайтирувчи ғоя, дастур, меъёрий ҳужжатларни илгари суриш ишларида коррупциялашган мансабдорлар биринчи сафда. Жамиятга зарар етиши улар учун аҳамиятсиз. Давлат (демакки, мансабдорлар) қўлида функция ва ваколатлар, рухсат бериш ва тақиқлаш, бирор-бир нарсага йўл очиш ёки очмаслик, ниманидир бошқариш имкони қанчалик кўп бўлса, коррупцион хизматларга ҳам талаб шунчалик кўп бўлади. Боз устига, бу талаб коррупцион маркетинг маҳсули бўлган мутлақо сунъий талабдир.

Энди бир ўйлаб кўрайлик, жамият манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, коррупцияга талабни қисқартириш, унинг асосларидан мосуво қилиш учун нималар қилиш керак?

1. Норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишнинг, муҳокама қилиш ва қабул қилишнинг максимал шаффоф ва кенг жамоатчилик муҳокамасини назарда тутувчи механизмини яратиш. Ҳозир яна пайдо бўлган, меъёрий ҳужжатлар лойиҳаси оммага тақдим этмасдан, устимизга қўққисдан, «томдан тараша тушгандек» тақдим этилаётган амалиётдан мутлақо воз кечиш керак. Шу билан бирга, лойиҳалар муҳокамасини бир шаклга солиб, билдирилаётган таклифларга нисбатан ҳужжатларни ишлаб чиққанларнинг реакциясини шаффоф қилиш лозим. Бундан ташқари, барча меъёрий ҳужжатларни мустақил антикоррупцион экспертизадан ўтказиб бориш керак. Бу бизга қаерда коррупцион «мина»лар ва самарасизлик яширинганини кўрсатиб беради.

2. Давлатнинг қонун қабул қилувчи ва ижро этувчи тармоқлари томонидан қабул қилинадиган меъёрий ҳужжатлар нисбатини қатъиян ўзгартириш керак. Ҳанузгача меъёрий ҳужжатларнинг аксарияти айнан ижроия ҳокимият, яъни амалдорлар томонидан қабул қилиняпти. Демак, коррупционерлар қўлида меъёрий базани мураккаблаштириш ва жамиятга керак бўлмаган давлат хизматларини илгари суриш ҳамда ўзларининг коррупцион мажбуриятларини (айниқса турли имтиёзларни бериш қисмида) амалга оширишнинг улкан имкониятлари сақланиб қолмоқда.

3. Иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт устидан давлат бошқаруви тизимини либераллаштириш лозим. Бу эса давлатдан ортиқча функция ва ваколатларни олиш билан кечади. Бу коррупцияга қақшаткич зарба бўлади. Масалан, 2017 йилда валюта бозорининг эркинлаштирилиши мансабдорларнинг валютани имтиёзли конвертация қилиш ҳуқуқини беришдек функциясини бекор қилди. Эркин конвертация шароитида конвертация учун кимгадир пора бериш керак эмас. Талаб йўқми — таклиф йўқ — коррупция ҳам йўқ.

Иқтисодиёт либерализациясини янада давом эттириш коррупцион «охурлар»нинг йўқолишига, давлатнинг роли пасайишига олиб келади. Бунда коррупциялашган мансабдорлар ва уларнинг (ихтиёрий ва беихтиёр) ғоявий иттифоқчилари миллий ишлаб чиқарувчилар, маҳаллий истеъмолчилар, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш лозимлиги ва бошқа нарсалар ҳақида ҳайқира бошлайдилар. Аслида, айнан коррупцион «охурлар» ҳимояланаётган бўлади. Ишонинг.

4. Давлат хизматларини кўрсатишни мукаммаллаштириш лозим. Буни уларни соддалаштириш, кераксизларини йўқ қилиш, шаффофликни таъминлаш ва давлат хизматларини қабул қилувчиларини етказувчилардан максимал узоқлаштириш (хусусан, интернет воситасида) билан амалга оширмоқ керак. Бу ерда норматив базаларни қайта кўриб чиқиш, ягона ахборот базаларини яратиш, хизмат кўрсатишни электронлаштириш каби улкан иш ётибди.

Мазкур мақолада мен коррупцион хизматларга талабни камайтириш учун нималар қилиш кераклигига эътибор қаратдим. Коррупционерларнинг хизматларини қисқартириш бўйича чора-тадбирлар — алоҳида муҳокама қилинадиган мавзу. Бу ўринда муҳим ҳамда чуқур ўйлаб кўриш керак бўлган масалалар кўп. Масалан, давлат хизматчиларини таёрлаш, танлаш, хизмат пиллапоясидан кўтариш, малаксини ошириш механизмларини такомиллаштириш. Ёки уларнинг иши устидан назорат ўрнатиш, уларни чоғлантириш, мақсад тизимларини шакллантириш.

Хулоса ўрнида. Коррупцияга қарши курашиш учун биз иқтисодий ислоҳотларни давом эттиришимиз, давлатимизда кескин маъмурий ва бошқа, хусусан суд (судлар фуқароларни коррупционерлардан ҳимоя қилмоғи керак) ислоҳотларини амалга ошириб, ҳокимиятларнинг бўлинганлиги борасида реал механизмларини яратиб, парламентаризмни ривожлантириш, жойлардаги давлат бошқарувини ислоҳ этишимиз лозим.

Юлий Юсупов,

таҳлилчи.

Kun.uz

2019-01-27 17:12:05  |  2543 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация