Икки йилда бир марта малака ошириш талаби – фақат йўловчи ва юк ташувчилар учун...ми?



 
  Расм манбаси : ИИББ

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 135-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилингани ҳақида маълум қилганди.

Қонун лойиҳасига кўра, икки йилда бир марта малака ошириш талаби фақат йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларга нисбатан сақлаб қолиниб, бошқа юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди. Малака ошириш сертификатини тақдим этмаганлик учун эса ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида жарима белгиланган.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев ушбу хабарга ўз муносабатини билдирди.

Ўзи гап нима ҳақида кетмоқда?

Ёдингизда бўлса, 2017 йил 4 сентябрдаги Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан, мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар 2 йилда бир марта «Avtotest Report» МЧЖда малака ошириши ва махсус сертификат олиши кераклиги белгиланди.

Ушбу қарор кенг жамоатчиликда кескин норозилик уйғотди. Ҳеч қандай асос келтирмасдан, лоббизм суви билан қондирилган бундай қарор халқда норозилик уйғотиши аниқ эди-да.

Узоқ муҳокамалардан кейин 2018 йил 23 февралдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ушбу қарорга ўзгариш киритилди. 2 йилда бир маротаба малака ошириш талаби ўз кучида қолди, фақат айнан «Автотест»да ўқиш шарт эмаслиги, керакли талабларга жавоб берадиган бошқа автомактабларда ҳам бемалол ўқиш мумкинлиги белгиланди. Бир қарашда, монополия бекор қилинди.

Талаб бор, жарима йўқ

2017 йил 4 сентябрдаги Вазирлар Маҳкамаси қарорида 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини сертификатсиз бошқараётган шахслар (ҳайдовчилар)га нисбатан маъмурий жавобгарликни жорий этишни назарда тутадиган қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш белгиланган эди. Лекин мана орадан 17 ой ўтган бўлса-да, бугунги кунгача бундай қонун қабул қилинмади (аммо бу сафарги кечикишга жуда ижобий қарайман, сира эътирозим йўқ). Депутатнинг сўзларидан келиб чиқсак, ушбу лойиҳа Олий Мажлисда энди кўриб чиқиляпти.

Бу нима дегани? Демак, ВМ қарори бўйича малака ошириш шарт, лекин малака оширмаганларга ҳеч қандай жазо йўқ (ҳозирча).

Яъни йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори (ГАИ) юридик шахс ҳайдовчиларидан сертификат сўрамайди. Сўрагани билан барибир бефойда. «Менда сертификат йўқ» деса ҳам ҳеч нарса қилолмайди.

Қандай ўзгариш кутилмоқда?

Агар МЖтКга депутат Расул Кушербаев айтганидай ўзгариш киритилса, яъни малака оширмаганлиги учун фақат йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларга жарима белгиланса, бу ўз-ўзидан қолган юридик шахслар малака оширишга мажбур эмаслигини англатади.

«Вазирлар Маҳкамаси қарорида «мулкчилик шаклидан қатъи назар» деб ёзилганку, демак, ҳамма ўқиши шарт эмасми», дейишингиз мумкин. Майли, ёзилса ёзилаверсин. Асосийси, бу қилмишга жарима йўқми, тамом, малака оширмаслик ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатни келтириб чиқармайди. Вазирлар Маҳкамаси қарори қонундан устун бўла олмайди. Қўрқмасангиз ҳам бўлади.

Кўрамиз, воқеалар ривожи қандай тус оларкин. Депутатларимиз охиригача «туриб бера» олишига умид қиламиз.

2019-02-14 19:53:52  |  2905 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация