Адвокатларга нисбатан интизомий иш қандай юритилади?



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Аввал хабар қилганимиздек, адлия вазирининг 2018 йил 9 январдаги буйруғи билан Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низомга тузатишлар киритилди.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2018 йил 12 майдаги ПФ-5441-сон Фармони билан адвокатлик институтини тубдан такомиллаштиришга йўналтирилган қатор чора-тадбирлар қабул қилинган, 2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-497-сон Қонун билан «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган эди, деб ёзади Norma.

Хусусан, Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари ваколатлари доираси кенгайтирилди. Улар зиммасига, шу жумладан, қуйидагилар тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш юклатилди:

адвокат мақомини тўхтатиб туриш ва тиклаш;

адвокатга малака даражасини бериш ва бекор қилиш;

адвокатнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича интизомий иш юритишни қўзғатиш (илгари бунга тегишли ҳудудий бошқарма ёки адлия органи раҳбари ҳақли бўлган).

Адвокатга нисбатан интизомий иш юритишни қўзғатиш ва ишни кўриб чиқиш тартибига ҳам айрим ўзгартиришлар киритилди.

Қандай тартибда интизомий иш юритиш қўзғатилади ва кўриб чиқилади?

Аввал айтганимиздек, бундан буён адвокатга нисбатан интизомий иш юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор малака комиссия томонидан қуйидагиларга асосланиб қабул қилинади:

адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг, Адвокатларнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сирининг ва адвокат қасамёдининг адвокат томонидан бузилиши аниқланган тақдирда, ҳудудий бошқарма ёки адлия органи раҳбарининг тақдимномасига;

адвокатнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан комиссияга топширилган мурожаатларга;

суднинг адвокатга нисбатан чиқарган хусусий ажримига.

Бунда адвокатнинг комиссия номига ўзига нисбатан қўзғатилган иш юритиш бўйича ёзма тушунтиришлар бериш мажбурияти чиқариб ташланди.

Адвокат ҳуқуқи эса, аксинча, кенгайтирилди. Энди ўзига нисбатан интизомий иш юритиш қўзғатилган адвокат, шу жумладан, қуйидагиларга ҳақли:

нафақат барча материаллар билан танишиб чиқишга, балки ўз ҳисобидан улардан нусха олишга;

зарур бўлган маълумотга эга бўлган шахсларни комиссия йиғилишига таклиф қилиш ва тушунтиришларини эшитиш тўғрисида илтимоснома киритишга;

адвокат хизматидан фойдаланишга.

Амал қилаётган тартибга кўра комиссия қарор қабул қилгунига қадар адвокат унга нисбатан шикоятни берган шахс билан ярашув чораларини кўришга ҳақли. Бу шарт аниқлаштирилди. Энди малака комиссияси томонидан адвокат:

адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдини мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузган;

адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этган деб топилган тақдирда, ярашув қабул қилинмайди.

Яна бир ўзгартириш. Энди комиссия қарори билан интизомий иш юритиш билан боғлиқ айрим масалаларни қўшимча равишда ўрганиш ҳудудий бошқармага юклатилади (илгари комиссия аъзоларидан бирига топширилар эди). Бунда бошқарма ўз хулосасида адвокатнинг жавобгарлиги ва интизомий таъсир чоралари юзасидан таклифлар беришга ҳақли эмас.

Интизомий иш юритиш жараёнида жиноят тўғрисидаги хабар мавжудлиги аниқланганда, иш юритиш тўхтатилади ва материаллар тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилади. Жиноят иши қўзғатиш рад этилган тақдирда, адвокатга нисбатан интизомий иш юритиш тикланади ва умумий тартибда кўриб чиқилади.

Интизомий иш юритишни кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

огоҳлантириш тўғрисида;

маъмурий судга лицензиянинг амал қилишини 6 ойгача муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги мурожаат ҳақида;

Олий малака комиссиясига лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида мурожаат ҳақида;

ҳудудий бошқарма зиммасига қўшимча ўрганиш ўтказишни топшириш тўғрисида;

интизомий жазо чоралари қўллашни рад этиш ва интизомий иш юритишни тугатиш тўғрисида.

Адвокатларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш механизми ҳам янада батафсил ёритиб берилди.

Адвокатларларга нисбатан шикоятлар қандай кўриб чиқилади?

Адвокатга нисбатан келиб тушган шикоят ҳудудий бошқарма ёки адлия органи раҳбари томонидан иш юритишни қўзғатиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун комиссияга киритилади. Бинобарин, мурожаатда кўрсатилган масалаларни ҳал этиш комиссия ваколатига кирмаган тақдирда, мурожаат 5 кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли тузилмаларга (давлат органлари, ташкилотлар, мансабдор шахсларга) юборилади.

Мурожаатда содир этилган жиноят тўғрисидаги хабар мавжуд бўлган тақдирда, мурожаат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади ва унинг нусхаси комиссияга тақдим этилади. Бу иш бошқарма бошлиғи ёки адлия органи раҳбари томонидан мурожаат келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмай амалга оширилиши лозим.

Мурожаат муаллифининг ҳуқуқлари белгиланди

Уларга интизомий иш юритиш материаллари билан танишиб чиқишга ва адвокатлик сирини қатъий сақлаган ҳолда ўз ҳисобидан материаллардан нусха олишга рухсат этилади.

Бундан ташқари, шикоят қилган шахс:

ёзма шаклда тушунтиришлар беришга ва қўшимча маълумотлар тақдим этишга;

ҳолат юзасидан аниқлик киритиш учун зарур маълумотга эга бўлган фуқароларни таклиф қилиш ва тушунтиришларини эшитиш тўғрисида комиссияга илтимоснома киритишга;

ишни кўриб чиқиш жараёнида адвокат хизматидан фойдаланишга ҳақли.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2019 йил 9 январдан кучга кирди.

2019-01-14 18:49:21  |  2863 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация