Самарқанддан одам савдоси трафиги асосан Таиланд, БАА ва Туркияга йўналган



 
  Расм манбаси : Turon24 коллажи

Вилоятда 2018 йилнинг октябрь ойи давомида одам савдоси билан боғлиқ жиноятни содир этганликда айбланаётган 91 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган бўлиб, ҳозирга қадар улардан 16 нафари ушланган

Самарқанд вилоятида одам савдоси трафиги асосан Самарқанд – Тошкент – Таиланд қироллиги, Самарқанд – Тошкент – Бирлашган Араб Амирликлари, Самарқанд – Тошкент – Туркия давлатлари йўналишида содир этилмоқда. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ширин Норматова Turon24 агентлигига маълум қилди.

2018 йилнинг октябрь ойи давомида одам савдоси билан боғлиқ жиноятни содир этганликда айбланаётган 91 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган. Ҳозирга қадар ушбу шахсларнинг 16 нафари ушланган, 75 нафари ҳамон қидирувда.

Шунингдек, 2018 йилнинг 10 ойи давомида Самарқанд вилоятининг 291 нафар фуқароси турли сабабларга кўра чет давлатдан депортация қилинган.

“Ҳозир бу фуқаролар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг одам савдоси қурбони бўлган-бўлмагани аниқланмоқда, – деди Ширин Норматова. – Уларнинг қайси йўллар билан чет давлатларга, кимлар билан бирга чиқиб кетгани ва депортация қилиниши сабаблари ҳам ўрганилмоқда”.

Жорий йилнинг октябрь ойида одам савдоси билан боғлиқ 6 та жиноят қайд этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 25 тани ташкил этган.

Жиноят кодексининг 135-моддасига кўра, одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

2018-12-12 11:53:09  |  904 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация