Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби белгиланади



 
  Расм манбаси : Norma.uz

Танловда талабгорларнинг назарий ва амалий билимлари билет саволларига жавоб бериш орқали аниқланади. Ҳар бир билетда давлат ва жамият қурилиши, фуқаролик ҳуқуқи ва нотариат соҳасига доир учта савол бўлади

Адлия вазирлиги Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисида низом лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат муҳокама учун ҚҲТБ порталига жойлаштирилган.

Лойиҳада белгиланишича, танлов Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси томонидан ўтказилади. Ташкилий-техник масалалар билан Комиссия ҳузуридаги махсус ишчи орган шуғулланади. Ишчи орган ўз фаолиятини комиссия раисининг раҳбарлигида амалга оширади.

Танловда 25 ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси иштирок этиши мумкин. Бунда, судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди.

Малака имтиҳонини топширган, лекин нотариус лавозимида уч йил мобайнида ишламаган фуқаро малака имтиҳонини қайта топширганидан кейин танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган; қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, шунингдек, ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати тугатилган шахслар танловда иштирок этиши мумкин эмас.

Талабгорнинг битта танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда берилган икки ёки ундан ортиқ нотариус лавозимларига ҳужжатлар топширганда унинг ҳужжатлари қайтариб берилади.

Танлов давомида талабгорларнинг назарий ва амалий билимлари билет саволларига жавоб бериш орқали аниқланади. Ҳар бир билетда давлат ва жамият қурилиши, фуқаролик ҳуқуқи ва нотариат соҳасига доир учта савол бўлади.

Билетлар комиссия раиси ва масъул котибининг имзолари билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Талабгорнинг танловга уяли телефон, бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб ва шпаргалкалар олиб кириши ҳамда улардан фойдаланиши тақиқланади.

Қоидаларни бузган талабгор далолатнома асосида четлаштирилади ва олти ой давомида кейинги танловларга қўйилмайди.

Танлов натижаларини аниқлаш учун комиссиянинг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил ҳолда баҳолаш бюллетенида талабгорнинг саволларга берган жавобини 10 баллик тизимда баҳолайди. Талабгор танловга келмаса, ундан чиқариб юборилса ёки ўзи чиқиб кетса 0 балл қўйилади. Талабгор саволларга жавоб бериб бўлганидан сўнг хонадан чиқишга рухсат берилади.

Танлов натижасига кўра энг кўп балл олган талабгор танловда ғолиб деб топилади. Ғолиб деб топилган талабгорнинг балли танловда олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизидан кўп бўлиши лозим.

Танловда иштирок этган талабгорнинг бали танловда олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизи ёки ундан кам балл бўлса, комиссия танлов ўтказишга қайта эълон бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Нотариус лавозимида ишлаётган шахс танловда иштирок этиб, танловда олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизи ёки ундан кам балл тўпланган тақдирда эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилади ва у билан тузилган меҳнат шартномаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади.

Танлов ўтказиш жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида реал вақт режимида трансляция қилинади.

2018-12-18 14:07:35  |  2380 |   0  | 

1 изоҳлар

Август 14, 2022  11:05

1.Лола

Танловда биринчи марта иштирок этган талабгор танловда етарли балл туплай олмаса яьни ута олмаса кайта топширишга 1 ойдан кейин рухсат бериладими



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация