“Сайловда мен бетараф қолдим...”



 
  Расм манбаси : "Advokat" журнали

Аввал хабар берганимиздек, 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар Палатасининг III конференцияси бўлиб ўтди. Унда Палатанинг янги раиси қарши овозларсиз сайланган бўлса-да, 5 нафар делегат  бетараф қолди. Журналистик қизиқишимиз эса бизни ана шу бетарафлардан бири билан ҳам суҳбатлашиб, ушбу позицияларининг сабабини сўрашга чорлади. Тадбир якунлангач улардан бирини уловига чиқиш олдидан “ушлай” олдик ҳам. Жавоб эса, назаримизда, анча мазмунли бўлди. Айниқса, делегатнинг эркин фикр эгаси экани бизни жуда хурсанд қилди.

 

Сурайё СУЛАЙМОНОВА,

Самарқанд шаҳридаги “Эзгу фикр” адвокатлик фирмаси раҳбари:

— Ҳа, мен Адвокатлар палатаси раиси лавомига кўрсатилган номзодга овоз беришда ростдан ҳам бетараф қолдим. Тўғриси, сайлов жараёни менга демократик эмасдек туюлди. Албатта мен бу билан сайлов ноқонуний бўлди демоқчи эмасман. Янги сайланган раисга ҳам мутлақо эътирозим йўқ. Аксинча, унинг қисқагина бўлса-да сайлаволди нутқи менга жуда манзур бўлди. Бу раҳбар билан биргаликда олдимизда турган улкан вазифаларни бажариб, ютуқларга эришишимиздан умидворман. Шунчаки, сайловда бетараф қолишим менинг табиатим билан боғлиқ деб ўйлайман. Яъни тўлиқ ишончим комил бўлмаган нарсага ҳеч қўл ургим келмайди. Адвокатлар палатаси конференцияси делегати сифатида палата раиси сайловида илк бор бевосита иштирок этаётганим учун бу жараённи ҳам яхши ҳазм қила олмадим. Яна қайтариб айтаман, жараён ноқонуний бўлгани учун эмас, қонуний тартибнинг ўзи тушунарсиз бўлгани учун.

Умуман, ўзи бирон нормани қонунда кўриш билан уни амалда қўллаш орасида фарқ бор-да. Масалан, мен “Адвокатлар тўғрисида”ги Қонунимизнинг 123-моддасидаги Адвокатлар палатасининг раиси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан Адвокатлар палатасининг Конференцияси томонидан ушбу Конференция сайлаган Адвокатлар палатаси Бошқаруви аъзолари орасидан беш йил муддатга сайланади” деган бандга шу пайтга қадар умуман эътироз қилган эмасман. Аммо бугун жараёнда делегат сифатида иштирок эта туриб, бу нормага ўзгартириш киритиш керак экан, деб ўйлаб қолдим. Нега дейсизми?

Биринчидан, номзодни Адвокатлар палатасининг янги бошқаруви аъзоларидан танлашга қўшилмайман. Менимча, Конференциядан маълум бир муддат аввал Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг  ҳар бири адвокатура соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган, раҳбарлик салоҳиятига ва бошқа шахсий фазилатларга эга бўлган адвокатлар орасидан бир нафардан номзодлар кўрсатилса ва бу номзодларнинг барчаси Адлия вазирлиги томонидан ўрганиб чиқлиб, энг муносиб номзодлардан камида икки нафари  Республика Адвокатлар Палатаси раислигига номзод сифатида танланиб, Конфереция делегатларигатақдим қилинса мақсадга мувофиқ бўларди.

Бунинг учун эса Қонунга бу борада аниқлик киритиш керак. Чунки ҳозирги нормага кўра номзод гўё янги сайланган бошқарув аъзолари орасидан кўрсатилиши керакдек  бўлиб қолган. Агар шундай бўлса, номзодни Адлия вазирлиги эмас, адлия вазири кўрсатишини нормага киритиш керак бўларди. Ахир Конференцияда вазирлик эмас, фақат вазир иштирок этади. Қолаверса, вазирнинг номзодни эндигина сайланган бошқарув аъзолари орасидан арзимаган дақиқалар ичида танлаб кўрсатишининг ўзи мантиқан тўғри эмас. Худди шунингдек, делегатларнинг ўзлари танимайдиган, биринчи марта кўриб турган номзодга овоз беришлари ҳам. Сайловда шу нарса менга сал оғир ботди. Қачонгача халқимиз кўр-кўрона қўл кўтараверади?

 Номзодлар сонини кўпайтириш ҳам муҳим. Чунки битта номзод кўрсатилса унинг сайланиши аниқ бўлиб қолади. Чунки қарши овоз бериш учун ҳам одам авало номзоднинг бу лавозимга лойиқ эмаслигига ишончи комил бўлиши керак, танимаган номзодга, у ҳақда маълумотга эга бўлмасдан туриб,  қарши овоз бериш эса одобдан эмас. Шу боис ҳам кўпчилик одатда бетараф қолишдан кўра қўллаб-қувватлашни маъқул кўради. Шундай экан, сайлов ҳақиқий демократик бўлиши учун сайловчиларда бир неча номзодлар орасидан бирини танлаш имконияти бўлиши лозим. Шунингдек, Адлия вазирлиги номзодларни Конференция куни эмас, маълум бир муддат олдин эълон қилиши керак. Бу айни пайтда номзодларга ҳам ўз дастурларини эълон қилиш имконини  беради ва оқибатда номзодлар ўртасида соғлом рақобат вужудга келади.

Умуман, бу гаплар билан мен Америка очмоқчи эмасман, сайловнинг дунё тажрибасидан муваффақиятли ўтиб келаётган тартиби бор. Биз фақат ушбу тартибни “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунимизнинг тегишли нормаларида акс эттира олишимиз керак, холос.

Янги сайланган раис бошчилигида  бу таклифни келгусида тегишли идораларга олиб чиқамиз, деган умиддаман.

2018-11-19 22:39:45  |  610 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

1 изоҳлар

Декабрь 12, 2018  20:32

1.Ойбек

Кузбуямачиликни йукотиш керак. Колган идорадан нимани хам кутиш мумкин адвокатурада ахвол шунака булса...



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация