Адвокатлар палатаси журналистларни суд-ҳуқуқ муаммоларини ёритишда ҳамкорликка чорламоқда



 
  Расм манбаси : 

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳуқуқ соҳасига ихтисослашган журналистлар ва блогерларга мурожаат қилиб, долзарб муаммоларни тизимли равишда, профессионал тарзда ёритишни йўлга қўйиш мақсадида ҳамкорлик қилишга чақирди.

“Advokat” журналининг 20 йиллиги муносабати билан ташкил этилган «Ҳуқуқ соҳасига ихтисослашган журналистлар ҳамда адвокатлар ҳамкорлигида “Advokat” журналининг тутган ўрни» мавзусидаги давра суҳбатида таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида катта ҳаракатлар бошланган бўлса-да, ҳали ечимини кутаётган муаммолар ҳам етарлидир. Улар баъзан қонунчиликда кўзга ташланса, баъзан мавжуд қонуний меъёрларнинг амалиётда ишламаётганига бориб тақалади. Баъзан эса жуда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилган бир йўналишдаги арзимас бўшлиқ барча ҳаракатлар натижасини деярли йўққа чиқариб турганига гувоҳ бўламиз. Оқибатда соҳа мутахассисларининг “бизда фалон ишлар амалга оширилди” дея кўкракка уришлари фуқаролар наздида таги пуч гаплар бўлиб қолаверади.

“Шундан ҳам кўринмоқдаки, бу жараённинг самарали кечиши ва инсон ҳуқуқлари кафолатланган том маънодаги фуқаролик жамияти қуриш учун жамоат назоратига, демакки, оммавий ахборот воситаларининг ўткир нигоҳига эҳтиёж бор. Шу боис ҳам Президентимиз бу масалага бот-бот урғу берар экан, барчани мустақил фикрли ОАВ иштирокидаги фаол жамоатчилик назоратини ишга туширишга чорламоқда”, дейилади мурожаатда.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳам ўз нашри бўлган “Advokat” журнали таҳририятини адвокатлар фаолиятига доир муаммоларни профессионал даражада ёрита оладиган, ҳеч қандай назорат ва цензурасиз ишлайдиган мустақил нашрга айлантириш чораларини кўрди. Бу саъй-ҳаракатларимизнинг илк натижалари сифатида эса бир қатор жуда долзарб муаммоларни аниқ мисоллар асосида чуқур таҳлил қилиб бера олган мақолалар чоп этилиб, улар журналимизнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳам эълон қилинди. Аммо фуқаролар ҳуқуқлари ҳимояси жараёнида адвокатлар кунда-кунора дуч келаётган барча муаммоларни биргина таҳририят имкониятлари билан тўла қамраб олишнинг иложи йўқ.

Адвокатлар палатаси, “Advokat” журнали кўмаги билан, ҳамкорликнинг илк қадами сифатида ҳуқуқ соҳасига ихтисослашган журналистлар, блогерлар ҳамда фаол адвокатлар иштирокида ойда камида бир марта давра суҳбати ташкил этиб, суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг долзарб муаммолар муҳокамасини режали асосда йўлга қўйишни таклиф қилди. Барча ташкилий масалаларни, тадбир ўтказиш жойи таъминотини ҳамда ушбу давра суҳбатлари натижаси ўлароқ ёритилган чиқишларни рағбатлантириб боришни Адвокатлар палатаси ўз зиммасига олади.

Мурожаатда қайд этилишича, давра суҳбатларини қуйидагича йўсинда ташкил этиш мумкин:

 — журналистлар ва блогерларнинг суд-ҳуқуқ тизимидаги муаммоларни ёритиш борасида дуч келган саволларига адвокатлар томонидан ҳуқуқий жавоб ва маслаҳатлар берилишига эришиш;

— адвокатларнинг ўз фаолиятида дуч келаётган муаммолари ҳақидаги мисолларга асосланган шарҳларини тинглаш ва уни ОАВда қандай ёритиш борасида ҳамда бунинг аҳамияти хусусида баҳс-мунозара олиб бориш;

— ОАВда чоп этилган аниқ бир мақолалар муҳокама қилиниб, унинг аҳамияти ва муаммони кўтаришда эътибордан четда қолган жиҳатлар борасида фикр алмашиш;

— бир ой давомида эълон қилинган мақола, эшиттириш ва кўрсатувлар орасидан энг яхшиларини танлаб, тақдирлаш учун Адвокатлар палатасига тавсия қилиб бориш ва ҳоказо.

Палата бевосита адвокатлар кўтариб чиққан муаммоларни ёритадиган ҳамда мазкур давра суҳбатларида муҳокама қилинганидан сўнг эълон қилинган мақола, эшиттириш ва кўрсатувлар учун қалам ҳақи тўлашни йўлга қўйиш учун грант маблағлари топиш устида ҳам иш олиб бораётгани маълум қилинди.

“Ҳурматли журналист ва блогерлар! Бу таклифларни мустаҳкам ҳамкорлигимизни йўлга қўйиш борасидаги бизнинг илк уринишларимиз сифатида баҳолаб, уни ўзингизнинг қимматли фикр-мулоҳаза ва янги таклифларингиз билан бойитишингиздан умидвормиз. Барчангизга келгусидаги эзгу ишларингизда улкан омадлар ёр бўлишини тилаймиз!” – дея якунланади Мурожаат.

2019-12-25 16:15:40  |  259 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация