Вояга етмаган шахсни ёлланма сифатида жалб этганлик учун жавобгарлик кучайтирилади



 
  Расм манбаси : Respublika bolalar kutubxonasi

Уч ой муддатда қонунчиликка зарур қўшимча ва ўзгартишлар киритиш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламентга тақдим этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ билан биргаликда уч ой муддатда:

а) Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунига:

болага нисбатан ишлатиладиган тазйиқ ва зўравонликлар турлари ҳамда унинг олдини олишга оид чораларни;

судгача ва суд жараёнида жиноят процесси иштирокчиси бўлган болаларни ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча кафолатларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни;

б) Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунига ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун профилактик ҳисобга олиш ўрнига, уларнинг жамиятга мослашувини таъминловчи механизмларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни;

в) Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсни ёлланма сифатида жалб этиш, ўқитиш, молиялаштириш ёки унга бошқа моддий таъминот бериш, худди, шунингдек, ундан ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш жинояти учун жавобгарликни оғирлаштирувчи нормалар билан тўлдиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни;

г) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг одам савдоси учун жавобгарликни назарда тутувчи 135-моддасини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига доир Факультатив протоколга (2000 йил 25 май, Нью-Йорк) имплементация қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига белгиланган тартибда киритади.

2019-04-24 15:40:09  |  2633 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация