“Адвокатлар палатасида қонун ташаббускорлиги ҳуқуқи бўлиши керак!”



 
  Расм манбаси : rapsinews.ru

“Адвокатларда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи йўқлиги учун таклифларимиз идораларда қолиб кетяпти”, — дейди “Legal aid” адвокатлар ҳайъати адвокати Нодирбек Нишонов. Унинг айтишича, бунинг сабаби оддий — қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган Бош прокурор, Олий суд, Вазирлар Маҳкамаси орқали турли вазирлик ва идораларга маъқул бўлмаган таклифларни улар чиқариб ташлашади. Адвокатлар манфаатини ҳимоя қилиши керак бўлган Адвокатлар палатасининг ўзида эса қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи йўқ. Шу боис Палата адвокатлардан тушаётган таклифларни қўллаб-қувватлаган тақдирда ҳам уларни қайсидир идоралар орқалигина илгари суришга ҳаракат қилиши мумкин, холос. Агар ўша идораларга бу таклифлар ёқмаса-чи? Масалан, адвокатлар ҳуқуқларининг оширилиши қайсидир маънода прокуратура ва тергов органлари ҳуқуқларининг чекланишига бориб тақалади. Шу боис бу идоралар томонидан тайёрланган лойиҳаларда адвокатнинг таклифлари четга суриб қўйилади. Умуман олганда, бу табиий ҳол. Чунки ҳар бир идора ўз тизими манфаатларидан келиб чиқади.

“Ҳақиқат тарафдори” адвокатлар ҳайъати адвокати Неъматулло Шахобидиновнинг фикрича ҳам бу масала тезроқ ҳал этилмаса, жуда кўплаб муаммолар очиқ қолиб кетаверади. Масалан, бугун қонунчиликка киритилаётган баъзи ўзгаришлар юзаки қараганда адвокатларнинг ҳуқуқлари оширилишига ўхшаб кўрингани билан аслида у амалда ишламайди. Ёки бошқа моддаларда бу ҳуқуқлар чегараланиб қолаётган ҳоллар ҳам мавжуд.

Шуларни инобатга олган ҳолда адвокат Шахобидинов бошқа бир таклифни илгари суради. Яъни, унинг фикрича, Адвокатлар палатаси ўзига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилгунига қадар ҳам бошқа оғирроқ йўллар билан бўлса-да масалага ечим излайвериши керак. “Масалан, партиялар билан, депутатлар корпуси билан ишлаш мумкин, — дейди адвокат. — Адвокатларнинг фаолиятидаги ҳолатни яхшилайдиган қонун нормалари лойиҳасини уларга бериб, улар орқали киритиш мумкин”. Чунки партияларда бунга имкон бор. Бу адвокатнинг фикрича, партиялар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларни муаммолар ичига олиб кириш, ҳақиқий аҳвол билан яқиндан таништириш, қонунчиликка қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича тайёрланган лойиҳаларнинг асосли эканлигига уларни шу йўл билан ишонтира олиш керак. Шунда улар ўша лойиҳани ўз фракцияси орқали Олий Мажлисга киритишлари мумкин.

Адвокат Нишонов эса бу таклифнинг ишлашига ишончсизлик билдириб, депутатларнинг қонун ташаббуси борасида жуда суст эканлигини таъкидлайди ва шу кунгача Олий Мажлис депутатлари томонидан тайёрланган қонун лойиҳалари жуда ҳам кам фоизни ташкил этиши билан ўз фикрини асослайди.

“Ferghanian lawyer” адвокатлик бюроси адвокати Салоҳиддин Розиқовнинг фикрича эса бу ишларни фақат вақтинчалик чора сифатидагина қўллаш мумкин, холос. Аммо мамлакатда процессуал тенгликка эришиш учун қонунчилик ташаббуси борасида ҳам тенглик яратилиши керак. Чунки бу ҳуқуқ давлат айблов идораси раҳбари саналадиган Бош прокурорда бўлсаю, ҳимоя вазифасини бажарувчи адвокатларнинг бош идораси саналган Адвокатлар палатасида бўлмаса, тенглик ҳақида гапириш мумкин эмас. Қолаверса, адвокатларнинг қонунчиликка таклиф киритишда восита орқали ҳаракат қилиши ўша воситага қарам бўлиб қолишга олиб келади. “Тўғри, депутатлар халқнинг вакили, аммо қайсидир бир жамоанинг вакили, адвокатларнинг вакили эмас, қолаверса, улар юрист бўлмасликлари ҳам мумкин, — дейди адвокат. — Шунинг учун қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини бевосита Адвокатлар палатасининг ўзига бериш керак”. Адвокатнинг фикрича, агар шундай имкон бўлганида нотариал идоралардан, ФҲДЁ идораларидан ҳужжат олиш каби оддий, аммо ечилмаётган муаммоларнинг ҳал қилинишига ўз вақтида эришилган бўларди.

Адвокатларга қонунчилик ташаббусини беришнинг муҳимлиги масаласида “Legal Aid” адвокатлик ҳайъати адвокати Феруза Валиева ҳам ўз фикрини билдирди. Унинг айтишича, адвокатлар бошқа юристларга қараганда жуда кенг қамровли тажрибага эга. Чунки улар, масалан, “жиноят ишлари бўйича суриштирувдан бошлаб тергов, суд, аппеляция, кассациягача ва ҳоказо, ёки суд тизимида ҳам фуқаролик ишларими, нотариал муносабатлар бўйичами, иқтисодий масалаларми, барчасида иштирок этади. Шундай экан, адвокатларда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи бўлиши ҳар томонлама мақсадга мувофиқ. Қолаверса, бу тажриба аввал ҳам бўлган ва буни бемалол яна тиклаш мумкин”.

Бу таклифлар Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси матбуот хизмати ва “Advokat” журнали таҳририяти ходимларининг Фарғона вилоятидаги адвокатлар билан учрашуви пайтида айтилди. Тадбирда иштирок этган бошқа кўплаб адвокатлар ҳам яна кўплаб масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Улар ҳақида ҳам алоҳида маълумот бериб борамиз. Сайтимизни кузатиб боринг!

Маълумот учун:

Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 83-моддасига кўра “Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Бош прокурори эгадирлар ва бу ҳуқуқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади”.

2019-02-20 23:31:52  |  2177 |   0  | 

2 изоҳлар

Феврал 21, 2019  09:35

1.Advokatus

Палата рахбарлари бошқа адвокатларга паст назар билан қарайди, боқувчи воситага қарагандек палата рахбариятига қарам шахсдек қарашади, ўзининг чириган хокимиятини мустахкамлаш учун турли хил таъсир чораларини қўллайди, энг аввало адвокатнинг мустақиллигини палатанинг ўзида амалга ошириш керак, эскича фирловчи, фақат бадал пулларига кун кечиришга ўрганган рахбарлардан хеч нарса чиқмайди.

Хамкасбларимиз фикрлари жуда тугри ва асосли, яьни Адвокатлар палатасига Конунчилик ташаббуси хукуки булиши шарт ва зарур. Зеро, хает билан конунлар узаро боглик холда узгариб, такомиллашиб борар экан, бу жараенларининг фаол иштирокчилари булган адвокатлар мавжуд муаммоларни бошкалардан кам булмаган холда англайдилар. Демак, Конунчилик ташаббуси хукукининг Адвокатлар палатасига берилиши давлат ва жамият тараккиетига хизмат килиши шубхасиз. Ахир, жамият ва давлат максадлари ягона-ку!!!....



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация