Бош прокуратура ноқонуний ер сотган мансабдорларни фош этди



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Жорий йилнинг ўтган даврида ер майдонларини ноқонуний йўл билан ўзлаштириш билан боғлиқ жами 156 та жиноят фош этилган, деб хабар беради ЎзА.

Хабарингиз бор, мамлакатимизда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш фақатгина "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга ошириш тартиби жорий этилган. Чунки у ортиқча расмиятчилик-у қинғирликлардан ҳоли бўлган очиқ ва шаффоф электрон тизим ҳисобланади. Лекин, таҳиллар ҳамон айрим мансабдор шахс ва фуқаролар ушбу нормани четлаб ўтишга ҳаракат қилаётганини кўрсатмоқда. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида ер майдонларини ноқонуний йўл билан ўзлаштириш билан боғлиқ жами 156 та жиноят фош этилган.

Дастлаб амалдаги тартибнинг ҳуқуқий асосларини ёдингизга соламиз. Давлат раҳбарининг жорий йил 20 апрелидаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, шу йилнинг 1 июлидан бўш ер участкалари фойдаланиш мақсади кўрсатилган ва тегишли идоралардан хулосалар олинган ҳолда “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида сотиладиган бўлди. Янги тартибга кўра, ер ҳақидаги маълумот сайтга жойлаштирилгач, 30 кун давомида харидорлар рўйхатдан ўтади ва ер белгиланган муддатда электрон аукционда сотилади. Бу орқали тадбиркор, ҳеч бир қийинчиликсиз, бизнесига мос келадиган ер участкасини турли бюракратик тўсиқларсиз қўлга киритади. Энг муҳими, порахўр ва фирибгарлар тузоғидан узоқ бўлади.

Яна бир муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан электрон аукциондаги 30 кунлик муддат 10 кунга қисқартирилди. Яъни, ҳудудий гуруҳлар томонидан электрон аукционга қўйилган давлат мулки объектлари ва ер участкаларини тадбиркор 10 кунда сотиб олиши мумкин. Аммо ўз нафсини ўйлаган кимсалар қонун нормаларини четлаб ўтишга уринишмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти маълумотига кўра, 2018 йилнинг ўтган даврида ер ажратиш учун ҳужжатларни тайёрлаб бериш бўйича 156 та коррупция ҳолатлари аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган. Уларнинг 61 таси уй-жой, 44 таси деҳқончилик ва таморқа, 33 таси тадбиркорлик қилиш ва 18 таси бошқа ҳолатлар билан боғлиқ.

Ушбу жиноятлар мансабдор ва фуқаролар кесимида таҳлил қилинганда

- ҳокимият ходимлари томонидан 5 та;

- ермулккадастр идоралари ходимлари томонидан 37 та;

- фуқаролар томонидан 114 та жиноят содир этилгани маълум бўлди.

Жумладан, Сурхандарё вилояти Денов туман ер ресурслари ва давлат кадастри ер тузиш бўйича етакчи мутахассиси ана шундай қонунбузарлардан бири. У “Янги Ҳазорбоғ” маҳалласида яшовчи фуқарога уйи атрофидаги 1000 кв.м. нотурар жойни турар-жой сифатида расмийлаштириб беришни ваъда қилган эди. Лекин, режа амалга ошмади. Хизмат мавқеидан ўз манфаати йўлида фойдаланишни кўзлаган давлат хизматчиси 1500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинди.

Хоразм вилоятида Урганч туман ҳокимининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Б.Абдримов ҳам пора олаётган вақтида ушланганлардан бири бўлди. Эътибор беринг, у бир вақтнинг ўзида тумандаги корхона, муассаса, ташкилот ва фуқароларга қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун ер участкалари танлаш (ажратиш) масалаларини кўриб чиқиш комиссиясининг раиси ўринбосари ҳам эди. Мансабдор шахс бўла туриб, Урганч тумани, Қумравот маҳалласида яшовчи фуқаро И.Алламовга қарашли 490 кв. метрлик турар-жойга эгалик ҳуқуқини белгилаш эвазига 5 млн. сўм талаб қилади. И.Алламов эса пора бериш ҳам жиноят саналиши англаган ҳолда тегишли давлат органига мурожаат қилади. Хуллас, 2018 йилнинг 2 июль куни хизмат мавқейидан ўз манфаати йўлида фойдаланган Б.Абдримовнинг қинғир ишларига вилоят прокуратураси, Департаментнинг вилоят бошқармаси ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан чек қўйилди.

Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан аниқланган яна бир ҳолатда Хонқа туманидаги “Мавлуда Адибахон” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Б.Юлдашев раҳбарининг рухсатисиз, хўжаликка қарашли 8 га. ер майдонини фуқаро Ш.Маматовга 27,0 млн. сўмга сотган вақтида ушланган.

Хива туманида эса “Қушчи каттабоғ” МФЙ раиси Д.Эркаев фуқаролар Г.Рўзметова ва М.Рўзметовга туман ҳокимлиги захирасидаги ер майдонидан ҳар бири 800 кв. метр бўлган фойдаланилмай келинаётган 2 та турар-жой ўрнини ажратиб беришни ваъда қилган. Иш мансабдор шахслар орқали ҳал қилиниши ҳисобига роппа-росса 10 минг АҚШ доллари ҳам сўраган. Келишилган сумманинг ярмини фирибгарлик йўли билан олган чоғида Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси ва вилоят ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Тошкент вилояти Бекобод туманида 12 гектар ерда балиқчилик ва 23 гектар ер майдонларида сабзавотчилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро У.Рўзиқулов ер ажратиш масаласини ҳал қилишга киришди. У туман фермерлар уюшмасининг раиси У.Норқўзиевга мурожаат қилади. Қонун талабларидан яхши хабардор бўлган раис, Бекобод тумани ҳокими қарорини чиқариб бериш учун 7300 АҚШ доллари сўрайди. Фуқаро У.Рузиқулов эса пора беришга ошиқмай, бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат қилди. Оқибатда мўмай пул топишни кўзлаган раис Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ва ДХХ Тошкент вилояти бошқармалари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Кейинги ҳолат Қашқадарё вилоятида аниқланган. Бу сафар Шерзод Турамуродов ва Толиб Тожиев фуқаро А.Ражабовга Қарши шаҳридаги “Саройферон” МФЙ ҳудудидан 12 сотих ер майдонини архитектура ва ермулккадастрдаги танишлари орқали олиб беришни ваъда қилишади. Ушбу хизмат эвазига эса 25,0 млн. сўмлик маблағга эга бўлишни кўзлаган шериклар жорий йилнинг 24 август куни жиноят устида қўлга олинди.

Ҳозирда юқорида кўрсатилган барча ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2018-10-25 16:25:38  |  1873 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

1 изоҳлар

Апрел 14, 2021  16:26

1.Швроб

КВП ер майдонини Тендирсиз сотиш



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация