Ун нархи ошишидан ким зарар кўради?



 
  Расм манбаси : "Huquq" газетаси

Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги «Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 1 килограмм 1-навли буғдой унининг улгуржи сотиш нархи амалдаги 935 сўм ўрнига 1400 сўмга оширилди.

Бу қарор аҳоли ўртасида кўплаб тушунмовчиликларни, асоссиз гап-сўзларни келтириб чиқараётгани сир эмас. Хўш, аслида ун нархининг ошиши нима билан боғлиқ? Айримлар айтаётгани каби кам таъминланган, моддий имконияти чекланган фуқароларга бу ҳолат қанчалик таъсир этади? Келинг, шу ҳақда фикр юритамиз.

Аввало, айтиб ўтиш жоизки, бундан аввал мамлакатимизда 1 килограмм 1-навли буғдой унининг улгуржи сотиш нархи 935 сўм эди. Мазкур нарх бўйича унинг 50 килограмми 46 минг 750 сўм бўлган. Бунинг оқибатида фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган буғдойнинг нархи анча паст баҳоланган, дон ишлаб чиқарувчи корхоналар зарар билан ишлаган. Давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ совурилган. Шунга қарамай, ўша арзон ун кўп ҳолларда ҳақиқий эҳтиёжманд оилалар қўлига етиб бормагани, айрим уддабурон тадбиркорлар бундан устамонлик билан фойдаланиб, аҳоли эҳтиёжлари учун ажратилган унни арзон нархда олиб, бозорда қимматига сотгани, уларни назоратга олиш қийин бўлгани сир эмас.

Энди эса бу тартиб ўзгарди. Унинг ўрнига кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, икки ёшгача бола парваришидаги нафақа олувчи, моддий ёрдам олувчи эҳтиёжманд фуқароларга энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида компенсация пули (ҳозирги кунда 18 минг 430 сўм) давлат бюджетидан тўлаб берилади. Мисол учун, аввал битта кам таъминланган оилада 6 киши истиқомат қилган бўлса, уларга давлат ресурслари ҳисобидан киши бошига ўртача 1,5 килограмм, жами бўлиб 9 килограмм ун арзон нархда сотилган. Янги тартиб бўйича эса уннинг ўрнига давлат томонидан 18 минг 430 сўм тўлаб берилади. Демакки, кам таъминланган оилалар учун бу тартиб аввалгисига қараганда бир неча баробар фойдалироқ ва унинг ижросини таъминлаш ҳам анча осон.

Иккинчидан, илгари буғдой унининг давлат нархи ва бозор нархи ўртасида жуда катта тафовут мавжуд эди. Яъни аҳоли эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган арзон ун аслида фақат айрим «тадбиркор»ларнинг тегирмонини айлантираётганди. Улар турли қинғир йўллар билан унни арзон нархда олар ва бозорда қарийб икки баробар қимматига сотарди. Бу ҳолдан улар қанчалик фойда кўришган бўлса, давлат бюджети ва донни қайта ишловчи корхоналарга шунчалик зарар етарди. Шуни инобатга олсак, уннинг нархи кўтарилгани оддий аҳолига деярли катта муаммо келтирмайди. Мисол учун, ҳозирги кунда мамлакатимизда 1-навли 1 килограмм буғдой унининг улгуржи нархи 1400 сўм этиб белгиланди. 50 килограмм ҳажмдаги бир қоп ун эса 70 минг сўм бўлади. Шунингдек, чакана савдо корхоналари томонидан худди шу уннинг 1 килограмми аҳолига сотилиши 1750 сўмгача, 50 килолик қопдагиси эса 87 минг 500 сўмгача этиб қатъий белгиланди.

Эътибор қаратилса, 1 қоп 50 килограммлик 1-навли ун нарх ошмасдан олдин ҳам бозорда айрим чайқовчилар томонидан 85 минг сўм атрофида сотилган. Демак, нарх ошгандан сўнг ҳам амалдаги ўзгариш уннинг 50 килограммлик бир қопига кўпи билан 2 минг 500 сўмни, ҳар килосига эса 50 сўмни ташкил этмоқда. Лекин бунинг натижасида донни қайта ишловчи корхоналар учун том маънода бозор механизмлари таъминланади.

Давлат бюджетидан аҳолини арзон ун билан таъминлаш учун сарфланаётган ва аслида айрим устамон «тадбиркор»ларнинг «бизнес»ини авж олдирган миллиардлаб маблағ ҳавога совурилмайди. Чунки улгуржи ва чакана нархлар ўртасидаги фарқ катта эмас.

Худди шунингдек, айни вақтга қадар қолипли (буханка) нон ишлаб чиқарувчи корхоналарда ҳам жуда катта муаммолар мавжуд эди. Бир дона нонни ишлаб чиқариш нархи ўзини қопламагани боис, кўпчилиги аслида маҳсулотнинг давлат нархи паст кўрсатилган бўлса-да, уни бозорда баланд нархда сотар, айримлари эса фойда кўриш учун сифатсиз ун ишлатиш, ҳажмини кўпайтириб кўрсатиш каби қаллобликларга қўл ургани ҳам сир эмас.

Ўрганишлар давомида маълум бўлдики, чакана савдо тармоқларида 1 дона 500 граммлик қолипли нон 900 сўмгача, 600 граммлиги эса 1000 сўмгача, 1 килограмм 1-навли буғдой уни эса 1700 сўмгача сотилса, ишлаб чиқариш нархини тўлиқ қоплайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, қолипли нон учун ҳам, буғдой уни учун ҳам бозор механизмлари асосида мақбул нарх белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Шерниёз УМИРЗАКОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи

(“Huquq” газетасидан олинди).

2018-10-11 19:27:45  |  2162 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация