Бош прокуратура: Тошкентнинг 7 бозорқўми давлатга 30 млрд. сўмдан зиёд зарар етказган



 
  Расм манбаси : novotours.uz

Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент шаҳри Савдо, хизмат кўрсатиш ва халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш департаменти ҳамда «Бек тўпи» ва «Ўрикзор» бозорлари, «Чорсу» ва «Чилонзор» буюм бозорлари, «Эски жўва», «Юнусобод» деҳқон бозорлари ва Сергели автобозори мутасадди раҳбарларига нисбатан жиноий ишни тергов қилаётгани ҳақида маълум қилди.

Бош прокуратурага кўра, иқтисодиёт асосларига қарши жиноятлар содир этгани учун пойтахтнинг 7 та бозори раҳбарларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Улар, жумладан, қуйидагиларда айбланмоқда:

Сифатсиз маҳсулотларни сотиб олиш ва уларнинг бузилишига йўл қўйиш орқали давлатга 27,7 миллиард сўмлик зарар етказиш;

Бозорлар ҳудудида пулли хизматларни кўрсатишдан тушган 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағни инкассация қилмасдан ўзлаштириш;

Аниқлаштирилмаган ва ноқонуний қурилмалар (омборлар ва енгил конституциялар) фаолиятидан тушган 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштириш;

Савдо нуқталари фаолиятидан тушган ижара тўловларини топширмаслик йўли билан 1 миллиард сўмдан ортиқ давлат маблағини талон-тарож қилиш;

Савдо нуқталарини сотишда тадбиркорлардан 2 дан 5 минг долларгача миқдоридаги ноқонуний мукофот пулларини олиш.

Шу муносабат билан Департамент ва бозорлар мутасадди шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми бўйича айблов эълон қилинди. Уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

800 миллион сўмга яқин зарарни қоплагани учун «Юнусобод» бозори раҳбарлари О.Мустаев ва Б. Юсумов ҳамда 3,9 миллиард сўмлик зарарни қоплаган «Тошкент озиқ-овқат захира» ДУК директори Р.Расуловга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов жараёни давом этмоқда.

2018-09-05 18:24:11  |  2275 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация