ЁШ МУТАХАССИСЛАР НЕГА АДВОКАТУРАГА КЕЛОЛМАЯПТИ?..



 
  Расм манбаси : https://pravo.ru/

Гап мазмунини адвокатура тизимидан озгина хабари бор одам дарҳол тушуниб олган бўлса ажаб эмас. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатура тўғрисида”ги Қонуни 31-банди иккинчи қисмида адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши, шу жумладан адвокатлик тузилмасида (адвокатлик бюросида, адвокатлик фирмасида, адвокатлар ҳайъатида, юридик маслаҳатхонада) камида уч ой муддат стажировка ўтаган бўлиши кераклиги кўрсатилган. Худди шу талабдаги “икки йил иш тажрибаси бўлиши кераклиги” ҳақидаги талаб олийгоҳ битирувчиларининг тўғридан-тўғри соҳага келишига имкон бермайди...

Жиззах вилоят адлия бошқармаси ва Адвокатлар палатасининг Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ҳуқуқшуномлик йўналишида таҳсил олаётган жиззахлик талабалар ва турли давлат идораларида ишлаётган ҳуқуқшунос ходимлар билан жорий йилнинг 12 март куни ўтказилган учрашувда шу масала ҳам кенг муҳокама қилинди.

Палата ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бахтиёр УМРЗОҚОВнинг айтишича, адвокатлар жамоаси бундай тўсиқни олиб ташлашаш керак деган хулосага келган. Шу боис Республика Адвокатлар Палатаси раҳбарияти йирик учрашувларда, мулоқотларда бу ҳақда гапираётган бўлса, Палатанинг қонунчилик бошқармаси бу борада қонунга ўзгартириш тўғрисида ташаббус билан ҳам чиқмоқда.

Маърузачи, жумладан, бугунги кунда олийгоҳларда юқори савияда назарий билим берилаётганига ҳам урғу берар экан, амалий кўникмани битирувчи талаба қонунда белгиланганидек адвокатура тизимидаги камида уч ойлик амалиёт пайтида ҳам бемалол олиши мумкинлигини таъкидлади. Яъни у ўзига бириктирилган адвокат терговга борса терговга, прокуратурага борса прокуратурага, судга борса судга бирга бориб, тажриба орттириб олаверади. Қолаверса, 3 ойлик чегара ҳам қуйи чегара, холос. Хоҳласа ундан ҳам кўпроқ, то ўзига ишонч ҳосил қилиб олгунича амалиёт ўтайвериши мумкин.

Бу талабнинг энг ёмон салбий оқибати ҳам тилга олинди. Яъни адвокат бўла олмаган ёш мутахассис бошқа қаергадир ишга жойлашса, у икки йилда ўша муҳитга мослашади, ишнинг ҳадисини олади. Шундай ҳолатда у икки йил ишлаб қўйган жойидаги жамоасини ташлаб, “бўлди, мен адвокат бўлиш учун бу ерга келган эдим” деб кетадими? Кетмайди албатта. Оқибатда адвокатурани ёшлар билан тўлдириш масаласи муаммолигича қолаверади...

Шунингдек, тадбирда ўз адвокатлик тажрибаси ҳақида маъруза қилган “Komil huquqshunos” адвокатлик бюроси адвокати Камол АБДУРАҲМОНОВ ҳам мазкур тақиқ юзасидан ўз фикрларини билдирган бўлса, Марказий банкнинг Жиззах вилоят бошқармаси ҳуқуқшуноси Асқар ИБРАГИМОВ икки йиллик тажриба мажбуриятининг олиб ташланиши соҳага тажрибасиз ёшларнинг кириб келиши адвокатура обрўйига путур етказиши мумкинлиги тўғрисидаги мулоҳазалари билан ўртага савол ташлади. Аммо “Sevinch” адвокатлар ҳайъати адвокати Ленура АБДУКЕРИМОВА ва Тошкент давлат юридик университети талабаси олийгоҳ ҳозир назарий таълим амалиёт билан қўшиб борилаётганини ва нафақат адвокат, умуман барча ҳуқуқшунослар учун ҳамадвокатура энг қулай тажриба маскани эканини таъкидлашди.

Шу мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда мавзуга якун ясаган Жиззах вилоят адлия бошармаси раҳбари Шокир САИДОВ муҳокамага сабаб бўлган қонун меъёри бугун ростдан ҳам эскирган бўлиши мумкинлигини эътироф этар экан, бу таклифлар адлия бшқармаси томонидан албатта тегишли доирага кўтариб чиқилишини маълум қилди.

Тадбир ҳақидаги мақоланинг тўлиқ матни “Advokat Press” рўзномасининг навбатдаги сонида чоп этилиши режалаштирилган.

Тўлиқ тафсилотлар акс этган тасвирли лавҳамизни эса қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин:

2021-03-17 23:04:14  |  2211 |   0     Нурбек Тошниёз (Норбек Тошниёзов)  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация