ҚИЙНОҚНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ҚЎМИТАСИ ЎЗБЕКИСТОНГА КЕРАК ЭМАСМИ?



 
  Расм манбаси : Адвокатская газета.

Бурноғи куни Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова тез орада Ўзбекистонда Қийноқнинг олдини олиш қўмитаси ташкил этилишини, тегишли қарор лойиҳаси тайёрлигини маълум қилди. Аммо бир қарашда инсон ҳуқуқлари таъминоти йўналишида жуда катта қадамдек туюладиган бу янгилик кенг жамоатчилик, айниқса ҳуқуқ соҳаси мутахассислари томонидан унчалик ҳам некбинлик билан кутиб олинмагандек...

Маълум қилинишича, тузилажак янги қўмита ҳуқуқни муҳофаза қилувчи алоҳида орган, яъни инсоннинг қийноқдан ҳимоя қилишга доир конституциявий ҳуқуқини таъминлаш бўйича республика давлат бошқаруви органи сифатида ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга ошириши, шунингдек, ўз фаолиятида Республика Президенти ва Олий Мажлиси палаталарига ҳисобдор бўлиши керак.

Қўмитани ташкил этиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳасига кўра унинг асосий вазифалари сифатида:

– жисмоний ва юридик шахсларнинг қийноққа доир мурожаатларини кўриб чиқиш;

– қийноқ ҳолатларига доир ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга ошириш;

– жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш;

– қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш;

– қийноқ ҳолатлари содир этилишига шароит яратган мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарлик масаласи ҳал этилишини таъминлаш кабилар назарда тутилган.

Шунингдек, лойиҳада Қўмитасининг «call-маркази»ни ташкил этиш ҳам кўзда тутилмоқдаки, ушлаб турилган ва қамоққа олинганлар сутканинг исталган вақтида телефон орқали, шу жумладан видеоконференцалоқа режимидан фойдаланган ҳолда унга мурожаат қилиши мумкин бўлади.

***

Хўш, бу яхши хабар эмасми? Унинг илиқ қарши олинмаётгани сабаб нимада?

Назаримизда, бундай ишончсизлик сабаби, аввало, жамиятдаги умумий кайфиятнинг ўзи кўп ҳам ижобий эмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Зеро, ижтимоий тармоқларни кузатганар эканмиз, унда фаол бўлганлар орасида умидсизликка тушиб, ислоҳотларга ишончини йўқотаётганлар кўпайиб бораётганини сезмаслик мумкин эмас. Айниқса, маҳаллий ҳокимларнинг фуқароларга ва хусусий мулкка нисбатан кейинги пайтдаги беписандроқ муносабати, жумладан, “снос”лар ва ер можаролари ҳануз ҳуқуқий тартибга олинмаётганлиги халқнинг некбин кайфиятига бир қадар путур етказгандек. Қолаверса, жамиятимизда яқин-яқинларгача анча кўтаринки бўлган умумий руҳнинг қайтадан пасайишига пандемия ва карантин, Бухородаги табиий офат ҳамда Сардоба фожиасининг ҳам яхшигина таъсири бор, албатта.

Шу билан бирга, кейинги пайтда ташкил этилаётган янги-янги вазирлик ва идоралар ҳали деярли ўзини кўрсата олганича йўқ ва шу ҳам уларнинг кўпайиши мақбул ечим эмасдек кайфият уйғотиб қўйган бўлиши мумкин. Чунки янги ташкилотнинг давлат бюрократик аппаратини “семиртириши” ва бюджетга юкламани ошириш шундоқ ҳам ҳаммага маълум. Боз устига тузилажак идора аввалдан мавжуд бошқарув институтларининг вазифаларини такрорловчи бўлса, унинг халқ елкасидаги юки янада “оғирлашади”. Шундай экан, буни оқлаш учун янги идора халқ кўзи олдида инқилобий иш кўрсата олиши лозим. Бунга эса бугунги шароитда унча-мунча некбин кайфиятдаги одамни ҳам ишонтириш осон эмас...

Анонс қилинган Қийноқнинг олдини олиш қўмитасига нисбатан айниқса адвокатларнинг ишончсизлик билан қараётгани ҳам юқоридаги мулоҳазаларимизга мос келади. Зеро, янги қўмита Бош прокуратурадан мустақил орган сифатида айнан Бош прокуратура ташаббуси билан ташкил этилмоқда экан. Ҳолбуки, қийноқлар ўзи асосан тергов ҳамда жазони ижро этиш муассасаларига хос ҳолат бўлиб, унга қарши курашиш шу пайтгача прокуратуранинг бевосита вазифаси бўлиб келган. Қолаверса, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) институтига ҳам айнан шу функция қонун асосида юкланган ва ҳоказо...

Шу боис ҳам ижтимоий тармоқда асосан идора устига идора ташкил қилгандан кўра борини ишлатиш йўлини топиш кераклигига ишора қилувчи писанда ва кинояли мулоҳазалар кўпроқ тарқалмоқда. Биз қуйида улар орасидан адвокатларимизнинг ҳар қалай тажрибага асосланган ва профессионал ёндувларини ажратиб олиб, хабаримизга ҳавола этмоқдамиз:

Усмонхон Салоҳиддинов (“ADOLAT DARCHASI” а/б адвокати): Бундай идораларни тузиш, прокуратура ташаббуси билан инсонларни ҳақиқатдан чалғитишдан бошқа нарса эмас. Чунки, янги қўмита ҳам давлат идораси бўлади ва солиқ тўловчилар ҳисобидан молиялаштирилиб, давлат буюрган “мусиқага рақсга тушади”. Бундай идора холис бўлиши учун у нодавлат ташкилот бўлиши зарур. Иккинчидан, адолатли тергов ва суд тизимини ҳам шакллантиришимиз шарт. Бунинг учун эса, эскисидан буткул воз кечиш (люстрация қонуни асосида) ва янгисини ватанпарвар ёшлардан тузиш керак. Тамом, вассалом. Шундан бошқа йўл йўқ!

Феруза Жалилова (“Solidarity” АҲ адвокати): Халқ тўлаган солиқлар кераксиз қўмиталар, вазирликлар ва ташкилотлар тузиш учун сарфланяпти. Ваҳоланки, бу иш (қийноқларга қарши кураш) прокуратура, Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари миллий марказининг вазифаси.

Комилжон Қаландаров (“Комрон ҳимоя” АБ адвокати): Ажабо, янгидан ташкил қилинаётган қўмитага айни пайтда прокуратуранинг зиммасида бўлган вазифа юкланар экан. Савол туғилади: унда прокуратуранинг кимга кераги бор? Балки, шу баҳонада, Туркиядаги каби, прокуратурани адлия органлари тизимига қўшиб юборган маъқулдир?..

***

Advokatnews таҳририяти ўқувчилардан бу борада яна таҳлилга асосланган фикр-мулоҳазаларни кутиб қолади. Балки ижобий кайфиятдаги гаплар ҳам чиқиб қолар...

2020-05-31 18:00:27  |  2301 |   0  | 

2 изоҳлар

Бундай идораларни тузиш, прокуратура ташаббуси билан инсонларни ҳақиқатдан чалғитишдан бошқа нарса эмас. Чунки, бу ҳам давлат идораси ва давлатдан солиқ тўловчилар ҳисобидан молиялаштирилади ва давлат буюрган "мусиқага рақсга тушади." Бундай идорани холис бўлиши учун бу ташкилот нодавлат бўлиши зарур ва иккинчиси, адолатли тергов ва суд тизимини ташкил этиш учун, эскисидан буткул воз кечиш (люстрация қонуни асосида) ва янгисини Ватанпарвар ёшлардан тузиш керак. Тамом ва вассалом. Шундан бошқа йўл равон эмас!

Хамкасибларнинг эьтирози хам хадиклари хам жоиз. Прокуратура узини хам ва шу сохадаги муаммоларни хал этишга кодир булмаса керак.Канчалаб кийнок ва терговнинг ноконуний усуллари тугрисидаги шикоятлар шу ташкилотнинг жавонларида конуний ечимини топмасдан тарих каьрига улоктирилган. Ушбу модага эьтикотни на давлатга на потенциал жабрланувчиларга хеч кандай нафи булмайди деган ишончдаман. Агар конун лойихасини Светлана опамиз рахнамолигида ишлаб чикилаетган булса бу уни ахамиятсизлигини икки марта оширади деб уйлайман.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация