“Конституцияга ўзгартириш киритиш ёки лойиҳадан воз кечиш керак”. Кушербаев нимадан хавотирда?



 
  Расм манбаси : Norma.uz

Ер участкаларини олиб қўйиш ваколати ҳокимлардан Халқ депутатлари вилоят кенгашларига берилиши тўғрисида анча олдин анонс қилинганидан хабарингиз бор. Бузди-бузди можаролардан чарчаган жамият учун бу хабар умид чироғидек туюлган эди. Аммо... масала анчайин чигалга ўхшайди.

Кеча депутат Расул Кушербаев Қонунчилик палатаси бу бўйича тегишли қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилганини хабар қиларкан, мазкур қонун ортидан, агар у айни ҳолида қабул қилинса, қатор жиддий саволлар чиқиб келиши ҳақида маълум қилди.

Депутатнинг фикрича, “...кўп вақтдан бери одамларда жиддий эътирозлар пайдо қилиб келаётган ер участкаси ва кўчмас мулкларнинг ҳокимлар томонидан бузиб ташланиши ёки олиб қўйилишига чек қўйиш, ўзбошимчаликка йўл қўймаслик масаласида янги ечимдек тасаввур пайдо қилаётган ушбу қонун лойиҳаси амалда вазиятни ўзгартирмайдиган оддий ҳужжатга айланиб қолиши мумкин. Чунки лойиҳага кўра, ер участкаларини олиб қўйиш ҳоким эмас, кенгаш қарори билан амалга оширилади, кенгашга эса ҳоким бошчилик қилади”.

“Бир томондан масаланинг бир шахс яккаҳокимлиги орқали эмас, коллегиал тарзда, кўпчиликнинг овози билан ҳал этиш прогрессив ҳаракат бўлиши мумкин, ҳар қалай мулк масаласини сайловчиларнинг вакиллари ҳал этиши “бир зўравон”нинг ҳал этишидан кўра ижобийроқ. Аммо энг катта хавф бундамас: лойиҳа қабул қилинса келиб чиқадиган асосий муаммо бу – фуқаро кенгаш қароридан норози бўлган тақдирда нима қилади?” — деб ёзади Расул Кушербаев.

Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳасида Ер кодексининг 37-моддасида ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари қарорига ёхуд Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Амалда эса бу туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан қилиниши мумкин.

Айни чоғда, лойиҳада ер эгаси, ердан фойдаланувчи ва ижарачи депутатлардан иборат Кенгашнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг ер участкасини олиб қўйиш ҳақидаги қарорига рози бўлмаган тақдирда, белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкинлиги кўрсатилмоқда экан.

“Вазирлар Маҳкамаси қарори устидан судга шикоят қилиш-ку, амалда натижаси “ноль” бўлса-да, тушунарли. Лекин Халқ депутатлари вилоят кенгаши қарори устидан шикоят бериш тартибининг ўзи борми? Агар бўлса шикоят айнан кимнинг устидан берилади, 60 нафар депутатнингми? Мана бу саволлар очиқ қоляпти”, дейди депутат Р.Кушербаев.

Шу билан бирга, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари вилоят кенгаши қарорлари Олий Мажлис томонидан бекор қилиниши мумкин. Ва бу ерда конституциявий кафолатланган — ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи (44-модда) бузилади.

“Демак юқоридаги қонун лойиҳаси фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқини амалга оширишга монелик қилиши мумкин. Бу ҳолатда Конституцияга ўзгартириш киритиш ёки лойиҳадан воз кечиш керак”, дея хулоса қилади депутат.

2020-09-04 03:04:05  |  1014 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация