Прокурор протестини тақдимнома билан алмаштириш таклиф қилинди



 
  Расм манбаси : UzNews.uz

Юридик фанлар доктори Ш.Абдуқодиров қонунлардаги тарафларнинг тенглиги ва суд ишларини юритишдаги тортишув принципини таъминлаш мақсадида, прокурорларнинг суд қарорларига нисбатан протест келтириш ҳуқуқини тақдимнома киритиш, деб белгилашни таклиф этмоқда.

“Чунки “протест” термини юридик луғатларда бирон нарсага қатъий норозиликни билдирувчи расмий эътироз, амрнома, хоҳишига зид нарсани билдириш, деб тушунилади ва қонун мазмуни бўйича кўриб чиқилиш шарт бўлган ҳужжат ҳисобланади.

“Тақдимнома” термини эса бирон-бир маълумотни илтимоснома тарзидаги ифодалайдиган расмий ҳужжат бўлиб, қонунда қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги қабул қилинадиган ҳужжатни ифодалайди”, дея ўз нуқтаи назарини тушунтиради таклиф муаллифи.

Ш.Абдуқодировга кўра, тарафларнинг тенглиги таъминлаш мақсадида “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 34, 35-моддаларига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, унда прокурор ишни фақатгина моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаси бузилган ҳолатига баҳо бериш мақсадида суднинг қарорига тақдимнома киритиш учун олиши мумкинлиги назарда тутилиши керак.

Суднинг қарорига тақдимнома киритиш учун асослар мавжуд бўлмаганда ишни текширган прокурор асослантирилган хулоса тузиб, хулоса тақдимнома келтириш ваколатига эга бўлган шахс томонидан тасдиқланиб, ишга қўшиб қўйилиши ҳамда бу ҳақда илтимосномасига кўра иш ўрганиш учун олинган шахсга, корхона, муассаса ёки ташкилотга хабар берилиши, иш эса судга қайтарилиши кўрсатилиши лозим бўлади.

Шунингдек, суднинг қарорига тақдимнома киритиш учун асослар мавжуд эмаслиги ҳақидаги фақат бир марта хулоса тузилиши, бу хулоса юзасидан норози тараф томонидан юқори турувчи прокурорга ёки суд қарорига нисбатан шикоят қилиниши мумкинлиги, ишни ўрганиш учун олишнинг рад этилиши устидан эса юқори турувчи прокурорга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланиши лозим.

Муаллиф бундай мазмундаги нормани процессуал кодексларга, жумладан Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Маъмурий суд ишларни юритиш тўғрисидаги кодексларга киритиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб, амалдаги “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 34 ва 35-моддаларини қуйидаги таҳрирда қабул қилишни таклиф этмоқда:

34-модда. Ишларни суддан чақириб олиш тартиби

Прокурор фақат шикоят бериш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг ёзма мурожаати асосида суднинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ва қарори қонуний кучга кирган ишни суддан ўрганиш учун олиши мумкин.

Бунда прокурор ишни суддан ўрганиш учун олиш тўғрисидаги илтимосномасида иш қайси тарафнинг қандай важига баҳо бериш учун олинаётганлигини кўрсатган ҳолда тарафнинг ёзма мурожаатини илова қилган ҳолда ишни суддан сўраб олиши мумкин. Бу қоидага риоя қилмаслик суд томонидан прокурорнинг ишни ўрганиш учун олиш тўғрисидаги илтимосномасини рад қилишга асос бўлади.

Бунда прокурор ишни фақатгина моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаси бузилган ҳолатига баҳо бериш мақсадида суднинг қарорига тақдимнома киритиш учун олиши мумкин бўлади.

Суднинг қарорига тақдимнома киритиш учун асослар мавжуд бўлмаганда ишни текширган прокурор асослантирилган хулоса тузади, хулоса тақдимнома киритиш ваколатига эга бўлган шахс томонидан тасдиқланиб, ишга қўшиб қўйилади. Бу ҳақда илтимосномасига кўра иш ўрганиш учун олинган шахсга, корхона, муассаса ёки ташкилотга хабар берилади, иш эса судга қайтарилади.

Суднинг қарорига тақдимнома киритиш учун асослар мавжуд эмаслиги ҳақидаги фақат бир марта хулоса тузилади, бу хулоса юзасидан норози тараф томонидан юқори турувчи прокурорга ёки суд қарорига нисбатан шикоят қилиниши мумкин.

Ишни ўрганиш учун олишнинг рад этилиши устидан юқори турувчи прокурорга шикоят қилиниши мумкин.

Айблов хулосасини, айблов далолатномасини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурор ёки юқори турувчи прокурор жиноят иши судда кўриш учун тайинлангунига қадар ишни суддан чақириб олиш ҳуқуқига эга.

35-модда. Суд қарорларига тақдимнома киритиш

Прокурор процессуал қонунда белгиланган тартибда ўз ваколатлари доирасида суднинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ва қарорига тақдимнома киритишга ҳақли.

Тақдимнома киритиш прокурорнинг ваколат доирасидан четга чиқиб кетадиган ҳолларда у тақдимнома киритиш тўғрисидаги таклиф билан юқори турувчи прокурорга мурожаат этади.

2020-06-08 19:36:10  |  4424 |   0  | 

4 изоҳлар

Июнь 10, 2020  02:51

1.Хамидулла

Ўртоқ адвокатлар ва ҳуқуқшунослар. Илтимос, сал жиддийроқ иш билан шуғулланинг. Қонунга бир ҳужжатнинг номини ўзгартириш билан "номига" ўзгартириш киритишнинг нима кераги бор? Номини ўзгартиргандан қандай наф бор? Ҳужжатнинг номини ўзгартирган билан унинг мазмуни ўзгариб қолмайдику, ахир. Аксинча, ушбу битта номни ўзгартириш учун бюджетдан, Халқинг чўнтагидан қанча маблағ кетади. Дарени қандай номласангиз хам у оқаверади, ахир. Шу ўринда қайд этиб ўтмоқчиманки, протест билан бирга тақдимнома хам прокурорнинг таъсир чораларидан бири. Бу қонунда белгиланган. Хозир протестни тақдимнома деб номаласак, бу чалкашликларга, номувофиқликларга олиб келмайдими? Кейин судининг рад этгани учун юқори турувчи прокурорга шикоят қилиниши қанчалик мантиққа тўғри келади. Эх, эссиз Халқинг пули...

Ҳа, протестнинг асосий маъноси норозилик ҳисобланади. "норозилик" жумласи эса, ҳуқуқий маданиятга, ҳуқуқ одобига унчалик мос келмайди. Совет даврида, барча давлат идораларидан ўлароқ устивор бўлган коммунистик партия ҳукмронлигида, "протоест" жумласи прокурорларга ёки бошқа ҳукмрон структураларга мос келиши мумкин эди... Лекин, ҳозирги замон талаби даврида, ҳуқуқий демократия шароитида бу атама эскириб, маданиятсизлик маъносини келтириб чиқаради. Чунки, мустаъқил судга нисбатан ёки юқори давлат идораси ҳужжатига нисбатан "протест" киритиш, бу ҳуқуқий одобдан эмас(!). Унинг ўрнига эътирознома ёки тақдимнома киритиш анча ҳуқуқий саводхонликка яқинлашиш бўлармикан...(?) "Тақдимнома" жумласини ҳам ўйлаб кўриш керак... "... номани тақдим этиш..."

Ўзи тақдимномадан иборат прокурор таъсир чораси тамоман бошқача мазмундаги процессуал ҳужжат.

Мақолани ўқиб чиқдим. Унда суд қарорларини прокуратура томонидан чақириб олиб ўрганиш амалиётини чеклаш ҳақида асосли фикрлар билдирилган. Бироқ, қисман қўшилмайман. Мақолада бир нечта масалалар қаторида қонунчиликда суд қарорларига нисбатан прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини тақдимнома киритиш деб белгилаш, ўз навбатида тақдимнома киритиш учун ишни (жиноий, маъмурий каби) олиш ҳам илгари сурилмоқда. Қонун лойиҳасида сал бошқачароқ. Ўзбекистон Республикаси Олий суд томонидан "Суд муҳокамаларида прокурорнинг иштирок этиши такомиллаштирилиши муносабати билан "Прокуратура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси 13.04.2020 йил куни regulation.gov.uz порталига муҳокамага чиқарилган. Ҳозирда муҳокама муддати тугаганлиги сабабли якулланган. Ушбу қонун лойиҳасига кўра, суд қарорларига прокурорнинг протест келтириш ваколати ўрнига, суд қарорлари устидан адвокат каби шикоят қилиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда. Бироқ, қонун лойиҳасида номувофиқликлар мавжуд.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация