Оғир хаста қизнинг даволаниши учун йиғилган 22 миллион сўм хайрия пули ўғирланди



 
  Расм манбаси : Юлдузхоннинг онаси Зироат Жайлабаева. Kun.uz фотоси

Маблағ қизнинг онаси номидаги пластик картадан 12 март куни кундузи сирли тарзда йўқолган

Оғир хасталикка чалинган 10 яшар Юлдузхоннинг Ҳиндистонга бориб даволаниши учун хайрия йўли билан аҳолидан тўпланган 28 млн сўмдан 22 миллиони ўғирланди.

Мазкур хайрия акцияси Kun.uz сайти ёрдами билан март ойида ташкил қилинган эди. Нашр пуллар ўғирлангани ҳақида бугун хабар берди.

Қизнинг онаси Зироат Жайлабаеванинг сўзларига кўра, пластик картасидан 22 млн сўм ғойиб бўлганини ўша куниёқ (12 апрель) сезиб қолиб, банкка мурожаат қилган. Банк текширишни ваъда қилган ва ҳозирча карточкани “музлатиб қўйган”. Онанинг айтишича, пластик картасини ҳеч кимга бермаган, доим ўзида сақлаган.

Kun.uz нашри вакили оиланинг яшаш манзили бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани ИИБ бошлиғи майор Мирқодир Жалолов билан учрашганини маълум қилган. ИИБ бошлиғи зудлик билан чора кўришга, ишни ўз назоратига олишга ваъда берган.

Юлдузхон гўдаклигидан бери оғир дардга чалинган. Қизчанинг умуртқасидан суяк ўса бошлаган. Дастлабки йиллар унчалик халал бермаган ўсимта, кейинчалик юрак ва буйракка яқинлашиб қолгани боис ҳаётини хавф остига қўймоқда. Онасининг таъкидлашича, қиз гўдаклигида шифокорларга бир неча марта мурожаат қилган ва улардан “бир оз катта бўлгунича кутиб туришни” тавсия қилишган. Аммо кейин тайинли ташхис қўя олишмаган ва Ўзбекистонда уни операция қилиб бўлмаслигини айтишган.

Касаллик ривожланиб, Юлдузхон юра олмай қолгач, ота-она уни “Akfa-Medline” клиникасига келган ҳиндистонлик врачларга кўрсатади. Хорижлик мутахассислар қизни текшириб кўриб, Ҳиндистонда кафолатли муолажа қилиш мумкинлигини ва бунинг учун 17 минг доллар кераклигини маълум қилишади.

Оила йўл харжи ва операция учун анча-мунча маблағ тўплаб бўлган, яна “озроқ”, тахминан 40 млн сўм етмаётган эди.

2019-04-17 19:44:25  |  2119 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация