"ФОРМА ҲУЖУМ ҚИЛИШГА ЭМАС, ҲИМОЯ ҚИЛИШ УЧУН БЕРИЛГАН"



 
  Расм манбаси : adolat.uz

Республика махсус комиссиясининг 8 ҳамда 14 апрелдаги қарорлари билан шифокорларга машина ҳайдашга рухсат берилган бўлса-да, ҳозир-да қанчадан қанча шифокорлар машинлари жарима майдончасида ётибди. Бу ҳолатнинг айримларига эса жойлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қарор талабларини тўғри талқин қилмагани сабаб бўлган”, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Махфират ХУШВАҚТОВА Adolat.uz сайтида эълон қилинган мақоласида.  

“Фикр учун ҳеч ким, ҳеч қачон жазоланмаслиги керак. Бир нима деса дарров обкириб қўяверса фикр йўқолади. Ҳамма жим бўлади. Алалоқибат, фикр ростдан керак бўлганда ҳам бошқаларнинг овози чиқмай қолади, чунки одамлар тилдан қолган, гапириш функцияси ишдан чиққан бўлади” бу гап узоқ ўтмишда яшаган қайсидир файласуф ёки сиёсатчининг эмас, сиз-у бизга замондош ёш журналист, блогер Баҳодир Аҳмедов қаламига мансуб. Тўғриси, ушбу фикрни биринчи марта ўқиганимда “ҳа, чиройли гап бўлибди деб ўтиб кетган эдим. Аммо шу фикр ёзилган куннинг эртасидан бошланган ва ҳозиргача давом этаётган воқеалар ушбу гапнинг нақадар тўғри ва долзарб эканлигини кўрсатиб берди.

Ички ишлар вазирлигининг расмий телеграм каналида сўнгги бир йил давомида депутатлар ҳатти-ҳаракати ҳақида бир дона материал берилган. 15-17 апрель кунларининг ўзида эса депутатларга оид иккита материал эълон қилинди. Шу давр оралиғида ушбу каналга 40 дан ортиқ материал ва хабарлар жойланган бўлса, бошқа бирортасида қонунбузарлар қайсидир амалдор ёки, касб вакили эканлигига урғу берилмаган. Қолган барча хабарлар “қаҳрамон”ларига “шахс”, “ҳайдовчи”,“фуқаро”, “ука”, “ака” каби умумий номлар қўйилган. Хўш ички ишлар вазирлиги нега айнан депутатларга ёпишиб олди, депутатлар уларни шунчалик жаҳлини чиқарадиган қандай хатти-ҳаракатни амалга оширди? Шунча кундан бери бошқа бирорта каттакон, орган ходими ёки уларнинг ўғли томонидан қонунбузарлик содир этилмадими? Уларга депутат шахсини обрўсизлантириш, жамиятда, халқ орасида ишончсизлик кайфиятини шакллантиришга уринишларга нима сабаб бўлмоқда?Келинг, ҳаммасини бир бошдан бошлаймиз.

Жорий йилниг 13 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва “Адолат” СДП расмий сайтларида ва бошқа бир қатор интернет нашрларида “Шифокорлар автомобилдан фойдаланишга ҳақли аммо...” номли мақолам эълон қилинди. Мақолада Республика комиссияси қарори билан шифокорлар ишга бориш-келишда автомобилдан фойдаланишга рухсат берилган бўлса-да айрим ички ишлар органлари ходимлари бунга тўсқинлик қилаётгани юзасидан мурожаатлар келгани, ҳозир энг зарур инсонларга айланган шифокорлар инспекторлар билан ҳуқуқ талашиши эмас, одамларни даволаши кераклиги лозим дея ўз мулоҳазаларимни билдирган эдим. Орадан бир кун ўтгач “Депутатга популизм ярашадими” номли Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизматининг популистик раддияси эълон қилинди. Раддияда барчаси низом талаблари бўйича қилинаётгани, республика бўйича бирорта ҳолатда ҳам давлат муассасасида ишловчи шифокорлар машинаси асоссиз жарима майдончасига қўйилмаганини таъкидлашибди. Аввало, уларнинг бу статистикаси мени ҳайрон қолдирди ва мен, менга мурожаат қилган шифокорлар ҳамда ИИВ ЙҲХББ бутунлай бошқа-бошқа Ўзбекистонда яшаётган эканмиз деб қўйдим. Шундан сўнг статистикаси йўқ экан, ўзимдаги мурожаатларни уларга тақдим этаман дея тайёрлай бошладим.

Айни шу пайтда яъни 14 апрель куни Республика махсус комиссияси ва Махсус штабнинг қўшма йиғилишининг навбатдаги қарори эълон қилинди. Унда бир қатор янгиликлар билан бирга шифокорларни машинада юришига оид нормага ҳам ўзгартириш киритилибди. Яъни бир кун аввал кўтарилган масала инобатга олиниб шифокорларнинг машинада юришга рухсат берилгани аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилди.

Жумладан, “8 апрелда тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатини амалиётда қўллаш билан боғлиқ турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун махсус рухсатнома талаб этилмаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Аҳамиятлиси, қарорнинг мазкур банди бўйича ИИВ ЙҲХБ раддиясида бирорта ҳолат бўлмагани, унинг барча бандлари бекам-у кўст бажарилгани билдирилганди.

Эътибор берганингиздек, Республика комиссияси қарори “рўйхатни амалиётда қўллаш билан боғлиқ турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида” дея бошланган. Демак 8-14 апрель кунлари давомида тушунмовчиликлар бўлган ва навбатдаги тушунмовчиликларни олдини олиш мақсадида шу банд киритилган. Ўз-ўзидан маълум бўлаяптики, ИИВ нинг ҳозиргача бундай ҳолат бўлмади деган баёноти асоссиз бўлиб чиқмоқда.

Шундан сўнг ҳар тугул Махсус комиссия аъзолари ҳам биз яшаётган Ўзбекистонда экан деб қўйдим. Ва вазиятга реал баҳо бериб, кўпгина шифокорларни ортиқча сарсонгарчиликдан қутқарган ушбу комиссияга миннатдорчилик билдириб, муаммони бартараф этилишига озгина ҳиссамни қўшганимдан ўзимни мамнун ҳис қилдим. Юртимиздаги кўпгина шифокорлар ҳам менга алоқага чиқишиб ушбу бандлар тушунарли қилиб ёзилгани учун комиссиядан хурсанд эканликларини маълум қилишди.

Шундагина Президентимизнинг “Депутат, аввало, ҳамиша халқ дарди билан яшаши, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун фидойилик кўрсатиб бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Депутатнинг қалби, виждони уйғоқ бўлса, вазирлар ҳам, ҳукумат ҳам, парламент ҳам уйғоқ бўлади, бутун жамиятимиз уйғоқ бўлади” деган гаплари нақадар тўғри эканлигига ишондим.

Аммо, лекин, бироқ, юқорида таъкидлаганимдек, ИИВ томонидан депутатларни овлаш уларни юзини қора қилиш бошланганга ўхшамоқда. Ишқилиб, хато қилаётган бўлай. Тўғриси кўрсатилган икки ҳолат бўйича депутатни оқлаш ёки қоралаш ниятим йўқ. Балки айбсиздир, балки айби бордир. Буни адолатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз ўзлари баҳолаб олишади. Аммо депутат номи диққат марказига олингани вазиятга ойдинлик киритгандай бўлмоқда. Демак, ушбу мақоладаги шифокорлар мурожаати асосида кўтарилган муаммо уларга ёқмаган. Тўғри-да сен, эртаю кеч ишласанг-у сени бир депутат танқид қилса. Танқидни тўғри қабул қилиб, камчилик тўғри айтилган бўлса тўғри, нотўғри бўлса нотўғри деб баёнот берилса бўлди, олам гулистон. Аммо ИИВ ундай қилишни истамаяпти. Депутатларни кимлигини халққа кўрсатиб қўйишга киришиб кетишди. Бу орқали улар ўзларининг кимлигини аҳолимизга намоён қилмоқда. Кейинги сафар ўйлаб гапир демоқчидай гўё. Эртага журналистлар ёки блогерлар ҳам ИИВ танқид қилса, уларнинг ҳам “босар-тусари”ни билмай қолганлиги ҳақида видеолавҳалар кетма-кетлиги халққа тақдим қилинса ажабланмайман. Мен бирор шахснинг яқинларига тазийқ ўтказиш орқали тавбасига таянтириш усули эски замонда қолиб кетган деб юрардим. Ёки мен адашдиммикан?! Мақсадингиз шу бўлса билиб қўйинг, на мен, на бирорта сафдошим бу дағдағаларингиздан қўрққанимиз йўқ. Чунки, янги Ўзбекистон учун бундай ҳолатлар одатий эмас, ёт иллат. Бу билан аксинча ўзингизни нақадар ожиз эканлигингизни, энг камида тарғибот ташвиқот йўналишингиз ислоҳотларга муҳтож эканлиги ойдинлашди.

Ўзбекистонда амалда бўлган қонун устуворлиги, айбсизлик презумпцияси каби тамойиллардан ИИВ ахборот хизматининг хабари йўқми? Энг асосийси халқ ишонч билдирган депутатларга шундай муносабатда бўлинмоқда, ўз ҳақ ҳуқуқини талаб қилиб, уларнинг мушугини пишт деган халқимиз, оддий фуқароларимиз қай аҳволга тушади.

Ҳурматли Ички ишлар органлари вакиллари айни синовли кунларда сизларнинг эрта-ю кеч олиб бораётган хизматларингизни эътироф этамиз, аммо айрим ҳамкасбларингиз томонидан депутатлар учун қазилаётган чоҳлар, бутун соҳангизни ўзини ўша ерга қулашига туртки бўлмоқда. Биттагина менинг мақолам сабаб бутун депутатлик корпусига тош отманг. Гапингиз, эътирозингиз бўлса, марҳамат мулоқатга тайёрман.

Майли бу гаплар ўз йўлига. Аммо бир муаммо иккинчи муаммони келтириб чиқаради деганларидек, Республика махсус комиссиясининг 8 ҳамда 14 апрелдаги қарорлари билан шифокорларга машина ҳайдашга рухсат берилган бўлса-да, ҳозир-да қанчадан қанча шифокорлар машинлари жарима майдончасида ётибди. Бу ҳолатнинг айримларига эса жойлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қарор талабларини тўғри талқин қилмагани сабаб бўлган. Шу боисдан ИИВдан ўтган давр мобайнида машинаси жарима майдончасига қўйилган шифокорларни, улар томонидан тегишли ҳужжатлар кўрсатилган тақдирда, жаримани бекор қилишни ва автомашинасини олиб кетишига рухсат беришингизни ва бу ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилишингизни сўрайман.

Зеро, шифокорлар айни кунларда жарима майдончаси ёки ИИВ бўлинмалари биносида эмас, беморлар олдида бўлиши керак. 

Махфират ХУШВАҚТОВА,Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

2020-04-20 00:10:34  |  3377 |   0  | 

4 изоҳлар

Апрел 20, 2020  20:30

1.Адвокат Тоҳирбек Тожибоев

Мен Шавкат Исмоиловни гапига қўшиламан. ИИО ходимларини аттестациядан ўтказишса, 80 эмас, 90-фоизи аттестациядан ўтмаслиги аниқ. Чунки уларни кўпчилиги Юрист эмас. Турли ҳил бошқа мутахассисликлардан ИИО га кириб профилактика Нозири ва бошқа лавозимларда ишлаб келябди. Улар Умуман қонун билан Қонуности хужжатни Фарқига бормайди. Бир ИИО ходими офицер менга хам шундай муомала қилган эди. Мен авваламбор ИИВ нафақадаги офицери гувоҳномамни кўрсатиб, сўнгра адвокат эканлигини таништириб, бўлиб уни тавбасига таянтирдим. Энди Юрист бўлмаган фуқарога шундай муомала қилишса у конунни билмай индамасдан хафа бўлиб кетиши ва бир умр ёмон кўриб юриши мумкин. Шунинг учун уларни маънавият соатларида Юристлар томонидан ўқитишликни ташкил қилиш керак. Ўқишда уларга авваламбор Конституцияни ўрганишдан бошлаш керак. Мен бу фикрни 5-6 ой олдин УВД. бошлиғи ўринбосарига айтиб таклиф берсам, унга маъқул бўлди. Лекин қайтиб менга тел.қилмади ва ўқиш ташкил қилмади. Таклифни мақуллади. бироқ бепарво бўлиб уни амалга оширмади. Депутатни гапида жон борлигига асос. Қашқадарёда бир ИИБда ходимлар гумондорни уриб ўлдириб қўйишдику. Содир қилиб кечирим сўраганидан кўра, ходисаларни олдини олган маъқулроқдир.

Апрел 20, 2020  17:35

2.Шавкат Исмоилов

Депутатни фикри тугри. Буни асоси юкоридаги хужжатлар ва фактлар Билан тасдикланган. Юкоридаги изохда суднинг жавобини кутиш курсатилган. Судни жавобини олиш учун судга бериш керак. Ким Уни судга беради? Судга бериш учун бориш керак каратинда йуллар епик булса? Суд кайси хужжатларга асосланади? Албатта Ким томонидан хужжатлар расмийлаштирилган булса. Маьмурий жавобгарликга тортиш учун Ким хужжатларга расмийлатирган? Албатта ИИВ ходимлари (автомашиналар буйича) депутат Ким учун сураяпди? УЗИ учунми? Бизни вазифамиз депутатни еки ИИВ ходимларига ен босиш эмас тугри хулоса чикариш. Мен амалиетда ХМКОда айнан ИИВ ходимларига фикр билдрсам уларни аксариятини биринчи малумоти хукукшунос эмас. Селхозни, Пединиститутни еки Иригацияни тамомлаб уз йуналишида иш топаолмай еки ойлик маоши камлигидан таниш билиш килиб иски ишлар тизимига ишга киришган. Шунинг учун саллани сураса калани олиб боради. Конуний ишлашни талаб килсанг ун соатлаб ишлаетганлигини билдиришади. Агарда Давлат томонидан атестациядан утказилса 80%утмайди.

Апрел 20, 2020  10:51

3.Бахтиёржон Муродов

Ассалому алайкум! Дарҳақиқат, юзага келган зиддиятли вазият барчанинг кўнглини оғритади. Лекин, қонунда белгиланган тартибда суд томонидан якуний баҳо берилгунига қадар расмий шахслар, айниқса Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан бир ёқлама фикрлар билдирилиши вазиятни янада чигаллаштиради. Назаримда, юртимизда ҳукм сураётган бу каби оғир вазиятларда бирчамиз бир жону - бир тан бўлиб, коронавирус деган балога қарши курашишимиз шарт! Депутат сифатида ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, сайловчилари олдида ўзини доно қилиб кўрсатиш, ижро органларининг чинакам ҳолатини тушунмай туриб, уларнинг фаолиятини салбий баҳолашнинг айни кунларда ўрни эмас ,деб ўйлаймиз! Назаримда биз шу кунларда ўзининг, керак бўлса оиласининг ҳаётини хавф остига қўйиб 10-12 соатлаб хизмат олиб бораётган ҳар бир ходимга чин дилдан раҳматлар айтган ҳолда уларни ҳаққига доимий равишда дуода бўлишимиз лозим!

ИИВ ходимлари сонини кискартириб,барча таркибни навбатдан ташкари аттестациядан утказиш зарур,чунки купчилик ходимлар конунларни билмайди



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация