Қайтар дунё ёхуд Аллоҳ ҳар нарсани кўргувчи ва билгувчидир



 
  Расм манбаси : Sputnik

“Охиратда шундай тегирмонлар борки, унда бошлар янчилади. Бу адолатсиз ҳукм чиқарган қозиларнинг бошларидир”.

(Ҳадис)

Бугун ҳаётимизда биров пайқаб, биров пайқамаётган инқилобий ўзгаришлар рўй бермоқда: йилда ўн минглаб янги хонадонлар билан баробар янги Жамият ҳам қурилаяпти. Ислоҳот, ислоҳот, ислоҳот. Кўнгилга ёруғлик берадигани – бу ислоҳотлар кўп жабҳада мева-натижа бера бошлади. Жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам. Кейинги уч йилгача бўлган ўн йил мобайнида бор-йўғи бешта Оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, сўнгги уч йилда Олий судда ва унинг назоратида чиқарилган Оқлов ҳукмлари 1700 дан ортиқ эканининг ўзи кўп яхши ва ёмон ҳолатни англатади.

Яхшиси – адолат ва қонунийлик қарор топаётгани, рўёбга чиқаётгани, минглаб оқланган инсонлар атрофида яна бир неча минглаб бола-чақа, қариндош-уруғлар дилида нурафшонлик, бугундан розилик, эртага ишонч туйғулари уйғонаётгани. Ёмони – куни кеча мана шундай адолатсизлик ва ноқонунийликларни билмасдан хато қилиб эмас, била туриб ўз қўлимиз билан яратганимиз...

Яъни, Юртбошимиз Президентлик фаолиятининг илк кунларидаги дастлабки фармонларидан бири суд-ҳуқуқ соҳасига бағишланиб, унда жамиятда судъялар мавқеи ва мақомини ошириш, уларнинг моддий таъминотини бировнинг қўлига қарамайдиган даражага етказиш, соғлом фикрлиларни иккинчи марта ўн йилга, учинчи марта умрбод судъяликка сайлаш орқали Адолат ва Қонунийликни мустаҳкамлаш мақсади мужассам бўлди. Сўнгра яна бу мавзуда бир нечта фармон ва қарорлар, учинчи ҳокимиятни ҳақиқий ҳокимият қилиш учун жонфидо саъй-ҳаракатлар!..

Айни пайтда бу соҳанинг ичида юрган, нафасини сезиб, кўриб-билиб турган адвокат ҳалқига маълумки, юқоридаги жонфидо саъй-ҳаракатларга “лаббай” деб жавоб бераётган, ислоҳотларга камарбаста бўлаётган аксарият судлар ва судъялар билан бир қаторда, бундай ислоҳотлар ёқмаётган, эски об-ҳавони тарк этолмаётган, қўмсаётганлар ҳам оз бўлса-да, борлиги сир эмас ва бу ҳолат кишини қаттиқ афсуслантиради. Даъватга, чақириққа, Етакка елкадошлик ўрнига ислоҳотларга лоқайдлик...

Физикада “инерция кучи” деган нарса бор. Яъни, думалатилган, улоқтирилган жисм тормозланганда ҳам эпкини туфайли бир қанча масофага ҳаракатда давом этади. Бу ҳолат онгга ҳам боғлиқ шекилли: етмиш йил шўро даври, сўнг чорак аср масофада шаклланган онгни Фармон ва Қарорлар билан тормозланса-да, эпкин қурғур бирдан тўхтамас эканми....

Шу ўринда ҳаётий факт: саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида, “қайта қуриш” бошланганида судъяларнинг ойлик маоши бирдан уч баробарга оширилди: 150 – 200 сўм 500 – 600 сўм бўлди. Вилоят судида икки тенгдош кекса бор эди, сенсираб гаплашишарди. Танаффусда бўш суд мажлиси залида ўзаро суҳбатлашиб ўтириб бири иккинчисига деди: “Тошмат, мана ойлигимиз уч баробар ошди, энди ану ишларни ташласак ҳам бўлар, а?” Иккинчиси жавоб берди: “жиннимисан, қирқ йилдан бери қилаётган ишни қандай ташлайсан?” Учаламиз кулишдик.

Шундайларга шояд туртки бўлса, қўшимча тормоз бўлса, деган хаёлда Ернинг эмас, Осмоннинг ҳам жазоси борлиги ҳақида бир неча мисол кўз олдимга келди. Тақводор эмасман, намоз ўқишни билмайман. Бироқ, Аллоҳ ҳар нарсани кўргувчидир ва билгувчидир, деган ҳикмат аслида бор гап эканига ҳаётда кўп гувоҳ бўлганман, бу ҳикмат ҳақиқатлигига шак келтирмаганман. Яъни, Яратган Эгам Ердаги ҳар бир инсоннинг савобу гуноҳини ҳисоб-китоб қилиб боради. Тарозининг гуноҳ палласи оғирлашиб кетганида ўша бандасига жазо йўллайди. Турли шаклда...

2014 йил 12 июль куни Андижон вилоятининг кичик бир шаҳарчасидаги кўп қаватли уй йўлаги олдида икки аёл “уйимга сув тоширдинг” деб жанжаллашиб қолишди. Айтишув қўл ишлатишгача етиб борди. Бири иккинчисини туртган эди, унинг қўлидаги уч-тўрт яшар қизалоқ ерга тушди. Қизалоқ икки кундан кейин вилоят “тез ёрдам” шифохонасига олиб борилиб, бир ҳафтада соғайиб чиқди. Орадан яна бир ҳафтача ўтиб қизалоқ иситмалаган, “тез ёрдам”да туман марказий касалхонасига олиб борилган ва кечқурун вафот этган.

Жанжал воқеаси бўйича туман судида кўрилган маъмурий иш ва маъмурий жазо туман прокурори томонидан бекор қилиниб, воқеадан сўнг орадан 103 кун ўтиб Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “ д” банди (ўлимга сабаб бўлган баданга қасддан оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилаяпти. Маъмурий жазоланган аёлга нисбатан. Ҳолбуки, ўлим бўйича жиноят иши ўлим факти бўйича дарҳол қўзғатилиши лозим.

Мураккаб масала – қизалоқ онасининг қўлидан тушиб кетганида олган ва шифохонада бир ҳафта ётиб соғайиб чиққан шикастдан ўлдими ё овқатдан заҳарланишданми? Гап шундаки, туман прокуратураси терговчисининг мурдани суд-тиббий экспертизасига юбориш тўғрисидаги қарорида эксперт олдига қўйилган беш-олти саволнинг бирида мурдага қўшиб юборилаётган алоҳида шишадаги тўқ яшил бегона суюқлик нима эканини аниқлаш вазифаси қўйилган. Бу суюқлик мурданинг ошқозонидан олинган. Жиноят иши материалларида ҳам, вилоят суд-тиббий экспертизасининг хулосасида ҳам бу суюқлик ҳақида умуман маълумот йўқ...

Жиноят иши туман судида кўрилиши бошланганида Тошкентдан борган адвокат судъяга раддия билдирди. Илгари бу иш бўйича маъмурий ишни шу судъя кўрган эди, шунинг учун, процессуал норма бўйича, у қайта бу ишни кўролмайди. Раддия қаноатлантирилди. Жиноят иши бошқа туман судида кўрилди ва қўшимча терговга юборилди.

Одатда, қўшимча терговга юборилган ишларнинг аксарияти тергов органида бекор қилинар эди. Бу иш эса яна судга жўнатилди.

Икки адвокат бир неча ой жон куйдириб қизчанинг вафотида ҳимоясидаги аёлнинг айби йўқлигини исботлашга ҳаракат қилишди, музокарада Оқлов ҳукми чиқаришни сўрашди. Прокурор аёл-она бир қизалоқни уриб ўлдириши мумкин эмаслигини айтиб, жиноятни Жиноят кодексининг 105-моддасига қайта квалификация қилиб уч йилга озодликдан маҳрум этишни сўради.

Суд 2015 йил 1 декабрда икки йилга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм ўқиди ва аёлни суд залидан қўлига кишан солиб олиб кетишди...

Суд 2014 йил 17 ноябрдаги Амнистияни қўлламай хато қилгани ҳақида икки адвокат ҳукм ўқилган куни эртасига Олий судга ариза топширди. Орадан тўрт кун ўтиб, вилоят судига Апелляция шикояти топширилган куни “маҳкума” тўсатдан қамоқдан чиқариб юборилибди. Кейинчалик Апелляция Ажримидан маълум бўлишича, ҳукм ўқиган судъя 2015 йил 3 декабрдаги (ҳукм ўқилганидан икки кун кейинги) Амнистияни қўллаб уни қамоқдан чиқарган экан ва Апелляция судлов ҳайъати судъянинг бу харакати хато эканини, 2014 йил 17 ноябрдаги Амнистияга асосан уни жазодан озод этиш лозим бўлганини Ажримда уқтирган....

Бунча майда тафсилотни баён қилишдан мақсад не? Мақсад, судъя, суд раиси қонунчиликдаги шу оддий нормаларни билмайдиган даражада саводсиз эмаслигини таъкидлаш...

Ва, орадан кўп ўтмай у (яқинларига ноқулайлик туғдирмаслик учун исм-шарифини келтирмадик) бошқа бир жиноят иши бўйича жиноий ҳаракат содир этиб, қамалди...

Осмон кузатиб турибди...

Билиб туриб ноқонуний ҳукм чиқарилган яна бир жиноят ишининг ва судъянинг тақдири ҳақида яна бир мисол.

2016 йилда пойтахт туманларидан бирининг судида 44 миллиард сўм (!) гўё талон-тарож қилинган жиноят иши кўрилди. Шаҳар электр тармоғи корхонасининг саккиз нафар мансабдор шахси. Дастлабки суд мажлиси бошланишида адвокатлар Илтимосномасига кўра уч нафар судланувчи нафақа ёшида ва ногиронлиги борлиги сабаб Амнистия актига асосан жазодан озод қилинди. Беш нафари қолди, бир неча ой суд мажлислари давомида адвокатлар саъй-ҳаракати билан 44 миллиард сўмлик “талон-тарож орқали ўзлаштириш” дан 4 миллиарди қолди. Шунинг ўзи ҳам жуда катта миқдор. Адвокатлар ҳам, судланувчилар ҳам бу сумма ўзлаштирилмагани, ўғирланмаганини, балки текширувчиларнинг нотўғри хисоблаши орқасидан келиб чиққанини ҳужжатлар, далиллар асосида исботлашга уриндилар. Бефойда бўлди...

Беш нафар судланувчига ҳукм ўқилди: ўн икки, ўн беш йилдан! Судланувчилар ва адвокатлар ҳангу манг! Ҳаммаси суд залидан қамоққа олинди...

Ҳимоям остидаги шахс деразасиз машинага чиқволиб менга портфелини узатди: “ака, илтимос, шуни уйга бериб қўйинг, ичида уйнинг калитлари бор эди”.

Мен уни илгаридан танирдим. Давлат солиқ қўмитасида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаганида “Шаҳар бедарвоза эмас” кўрсатувига таклиф қилганман, тажрибали ходим эди. Сўнг Самарқанд вилоятида туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи бўлганини эшитгандим. Йигирма йилдан сўнг ўша судда учрашдик. Бир йилдан ортиқроқ электр тармоқлари корхонасида бош ҳисобчи лавозимида ишлаган экан, тўрт йил аввал. Энди жиноий жавобгарликка тортилибди.

Кўчага чиқдим. Бошқа адвокатлар қатори мен ҳам карахт эдим. Бирдан “уйини билмайман-ку” деган фикрдан қўрқиб кетдим. Ўтган ҳафта кассага пул тўлаганда тузилган шартнома эсимга тушиб, ундан манзилини топиб, Сергелига қидириб бордим. Тўққиз қаватли уйнинг тўққизинчи қаватида экан. Уйидагиларга нима дейман, деган оғир-нохуш хаёл бир зум тарк этмаяпти. Эрингизни ҳимоя қилолмадим, ўн беш йилга қамалди деб қандай айтиб бўлади?!

Қўнғироқ тугмачасини босдим. Ишламади. Эшикни итарсам, очиқ. Яна ёпиб, тақиллатдим. Аёл чиқди. Салом бердим. Шониёз аканинг уйими? Ҳа, киринг, киринг, деди уй бекаси мени илгаридан танийдигандек. Чекка қишлоқнинг ўзи: эшик очиқ, бегонага ҳам “киринг, киринг.” Ичкаридаги аҳвол ўша қишлоқнинг ўзгинаси: эски шолча, меҳмонхонада эски палос ва кичиккина хонтахта атрофида кўрпачалар. На гилам, на стол-стул. Очиғи, ўзим бу даражани кутмагандим. Солиқ идораларида етарли лавозимда ишлаган, ниҳоят, 44 милиард сўмни “талон-тарож” қилишда “ҳамтовоқлик” қилган шахснинг уйи – шу аҳволда.

Уй бекаси бирпасда чой келтирди. Кўрпачада эмас, нинада ўтиргандекман. Аёл ҳатто қўлимдаги таниш портфелга ҳам эътибор бермабди. Зиёли муомаланинг боиси, опа эри билан курсдош экан, Молия институтини тугатишган.

- Ишдан келадиган вақтлари бўлди, ҳозир келиб қоладилар, - деди у пиёла узатиб. Дод деб юборай дедим.

- Опа, узр, мен адвокатман, акани уч-тўрт йилга ҳукм қилишди, мен портфелни олиб келдим.

Опанинг ўшанда айтган бир оғиз “Вой, емаган-ку, нега қамашади” деган гапи ҳануз қулоғим остида ҳаётий хикматли сўздай эшитилиб туради...

Ўша аёлнинг оҳ-зори, “емаган-ку” деган ноласи Осмонга етгани, ёзганлари Ислоҳотларнинг юқори идорасида кўриб чиқилиши натижасида... бу жиноят иши чок-чокидан сўкилди, фақат унинг эри эмас, барча судланганлар қамоқдан озод этилди, деярли оқланди. Айримлари ҳозир моддий ва маънавий зарар ундириш учун фуқаролик судига даъво киритаяпти.

Ўн икки – ўн беш йилга ҳукм қилинганлар...

Ушбу ҳукмни ўқиган судъяга бошқа жиноят ишлари бўйича йўл қўйган “хато” лари учун... ҳукм ўқилди.

Осмон кузатиб турибди...

2010 йил 3 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида ғалати ҳукм ўқилди. Беайблиги жиноят иши материалларида ва бир неча ой суд тергови давомида гувоҳларнинг кўргазмалари билан яққол исботланиб турган ёш йигит, 3 фарзанднинг отаси, вилоят Божхона бошқармаси бўлим бошлиғи 6 йилга озодликдан маҳрум этилди. Қирқ йил матбуотда ишлаб ҳалқ орасида юрган мухбир, бир йиллик адвокат – мен лолу ҳайрон қолиб, катта йўл четида тротуарга қаратиб қўйилган машинамда бир соатдан ортиқ жойимдан жилолмай одамлар бетўхтов ўтиб бораётган йўлкага тикилиб ўтирдим. Жиннига ўхшаб ўзимга ўзим гапираман: “Ана, анави кишини ҳозир қўлига кишан солиб қамаб қўйилса, номига суд мажлиси ўтказиб, йўқ айбни тақаб 6 йилгами, 8 йилгами, хоҳлаган йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм ўқилаверса бўлар экан-да? Қанчалик қўрқинчли бу жамиятда яшаш!!!”

2009 йил 16 сентябрь куни вилоят прокуратураси ва Ички ишлар бошқармаси ҳамкорликда ўтказган тадбирда вилоят Божхона бошқармаси ходими 100 АҚШ доллари пора билан қўлга тушган. Бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланганига 9 кун бўлган раҳбар бу пайтда ишхонада эмас эди. Кечга яқин келса, шу аҳвол. Тезкор ходимлар валюта операциялари хонасидаги тадбиркорлар қолдирган барча ҳужжатларни йиғиштириб олиб кетишган. Уларни эса эрта-индин эгаларига қайтариш зарур. Бошлиқ вазифасини бажарувчи йигит ўша хужжатларни сўраб вилоят прокуратурасига борган. – Сиз кимсиз? – сўралган ундан. – Мен шу бўлимнинг янги бошлиғиман. – Ўтириб туринг.

- Шу бўйи коридорда беш-олти соат ўтирдим, - дейди сўнгра судда у. - Чиқиб кетолмайман, темир эшик қулфлоғли, кодли. Олти соатдан сўнг мени қўлимга кишан солиб хонага қамаб қўйишди. Шу бўйи ўтирибман...

Ана шу беш-олти соат ичида эрталаб ушлаб олиб келинган ходимдан “мен олдинги бошлиққа икки йил давомида ҳар ойда пул бериб турардим, бу бошлиққа ҳам фалон куни юз минг сўм бердим” деган кўргазма олинган, вассалом. Қамоқ.

Агар бу йигит соддалик қилиб ўз оёғи билан прокуратурага хужжатларни сўраб келмаганида.... қамалмасди!

Даҳшатми? Жудаям!

Кейинчалик бояги кўргазма берган ходим ундан бу кўргазмани руҳий тазйиқ остида алдаб олингани, аслида бошлиққа туҳмат қилгани ҳақида вилоят прокурорига, Бош прокурорга аризалар ёзган, бу аризалар жиноят иши материалларида мавжуд. Бироқ унга қулоқ соладиган прокурор ҳам, судъя ҳам топилмади. Олти йил!

Орадан уч-тўрт ой ўтиб кассация шикояти ёздим. Кўрилди. Айбсизлигини исботлайдиган ҳимоя сўзини аввалгидек суд мажлисида ўқиб бериб, топширдим. Учала судъя совуққина тинглаб, совуққина “ қаноатлантиришсиз қолдирилсин” деб Ажрим ўқилди. Жуда совуқ.

Орадан кўп ўтмай эшитдим: ўша учовлондан бири бошқа иш бўйича пора билан қўлга тушиб, қамалибди.

Осмон кузатиб турибди...

Энди осмонни қўя турайлик. Ерда нима гап? Гап шуки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 2 октябрдаги Ажримига кўра юқоридаги кассация Ажрими бекор қилиниб, иш янгидан кассация инстанциясида кўришга юборилди. Ташаккур! Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 11 январдаги Ажримига кўра менинг собиқ ҳимоям остидаги шахс Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-модадси 2-қисмига (ҳаракатида жиноят таркиби йўқлиги учун) кўра реабилитация қилинди – оқланди!..

Бу ажрим кишини чуқур ўйга толдиради, қувонтиради ва ташвинлантиради ҳам. Нега? 2010 йилдаги кассация Ажрими бекор қилингани сабаб, 2019 йил 11 январдаги Оқлов кассация Ажримида менинг, яъни адвокатнинг 2010 йилги кассация шикояти кўриб чиқилиб, менинг шикоятдаги адолатсиз ҳукмдан норозилик важларим келтирилган. Гарчи назорат тартибидаги шикоятни бошқа адвокат ёзган ва бу кассация судида ҳам бошқа адвокат қатнашган бўлса-да.

Ҳайрат, ташвиш шундаки, 2010 йилда ҳам шу суд эди, бугун ҳам шу суд. Орадан аср ўтгани йўқ, бор-йўғи саккиз йил. Нега адвокатнинг кассация шикоятидаги ҳимояси остидаги шахснинг айбсизлиги ҳақидаги важларга суд ўша пайтда қулоқ солмади, инобатга олмади-да, айнан ўша шикоятнинг ўзидаги важлар бугун инобатга олиниб, бир неча йил қамоқда ноқонуний жазони ўтаб чиққан шахс, инсон, ёшгина аёлнинг эри, кўзлари йўлда жовдираган уч фарзанднинг отаси бугун реабилитация қилинаяпти, оқланаяпти?!

Минг шукрки, бу суд-ҳуқуқ ислоҳотларига бевосита ташаббускорлик қилаётган бугунги Юртбошимизнинг шиддатли сиёсати меваси. Сўзсиз.

Ташвиш шундаки, агар Президент суд-ҳуқуқ ислоҳотларига эътибор бермаса ёки ўрнида бошқа одам бўлганида нима бўларди – ёпиғлик қозон ёпиқлигича қолаверар, минглаб Оқлов ҳукмлари чиқарилмас, яна минглаб тақдирлар ноҳақ-ноқонуний қамоққа тиқилаверар эдими?

Минг шукр, шундай бўлмаганига, ЎЗБЕКНИНГ ПЕШОНАСИ ЯРҚИРАГАНИГА...

Булар – кечаги тарихдаги ишлар. Бугун нима бўлаяпти. Яхши! Аъло эмас. Сабаби, соҳага оид аъло фармону қарорлар, Адолат ва Қонун устуворлиги даражасини ошириш йўлидаги жонфидо, шиддатли йўл-йўриқларга камарбаста бўлиш тизимдаги барчага бирдек хуш ёқаяпти, деб айта олмаймиз. Боиси, бу ҳаётбахш сиёсат ўзларига унча ўтиришмаётганини кимлардир ичига ютиб юрса, баъзи бировлар беихтиёр сиртига чиқариб юбораётганига ҳам гувоҳ бўлаяпмиз. Бу эса ташвишли: ислоҳот механизмларининг қайсидир мурвати оқсайди, тормозланади...

2018 йил 23 март куни Олий суднингЖиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида аввалроқ раис қабулида топширилган назорат тартибидаги шикоят-аризадан сўнг билдирилган Протест кўриб чиқилди. Фойеда кутдик, чақиришганида маҳкумнинг қизи, куёви, адвокат суд мажлиси хонасига кирдик. Уч нафар судъя чиқиб кетди-да, икки-уч дақиқадан сўнг кириб “узр, сизларнинг ишни бошқа ҳайъат кўраркан, чиқиб туринглар” деди. Бироздан сўнг бошқа ҳайъат раиси келиб, яна ичкарига таклиф қилишди. Ота, ўғил, қиз қарийб икки йилдан бери қамоқда. Отасига қўйилган аслида аксари асоссиз айбловлар “автоматик равишда” оилали, бола-чақали ўғил ва қизга ҳам тақалган.

Жиноят кодексининг нақд 10 та (!) моддаси билан айблов.

Сўз навбати ҳимоячига берилганида мен бугун суд-ҳуқуқ соҳасида бевосита Юртбошимиз ташаббуси ва раҳнамолигида олиб борилаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида гапириб, сўнгра бунда Олий суднинг ҳиссаси салмоқли бўлаётганини айтиб, аниқ мисол тариқасида Протестга ўтмоқчи эдим. Улгурмадим. Жиддий қиёфадиги раислик этувчи, бу гапларни ҳаммамиз эшитдик, ўқидик, сиз қўлингиздаги протест ҳақида гапиринг, деди жаҳл билан. Қонунда ҳимоячининг ҳимоя сўзи, музокара сўзи чекланмайди, тақиқланмайди, нимани гапириши ҳақида йўл-йўриқ берилмайди.

Бир хаёлим “сизга бу гаплар ёқмаётган бўлса музокара сўзидан воз кечаман, судга ҳавола” деб тўхтамоқчи бўлдим, бироқ, Протестда маҳкумларни салкам оқлаш даражасида важлар келтирилгани учун вазиятни чигаллаштирмай сунъий илжайиб “хўп” деб Протест бўйича, маҳкумларнинг айбсизлиги ҳақида ҳар бир айблов бўйича далиллар келтирдим.

Ажрим ўқилди. Протест қаноатлантирилди. Олти йилга озодликдан маҳрум этилган қиз ЖКнинг 72-моддаси (шартли) қўлланиб жазо муассасасидан озодликка чиқарилди, ўғилнинг 7 йил жазоси узил-кесил 3 йилга туширилди. Иккаласидан 10 та айбловнинг сакизтаси олиб ташланди, биттаси юмшатилди. 65 ёшли отага нисбатан эса уни гўё оқлаш лозимдек ҳукмдаги қатор камчиликлар саналганда жазо 7 йилдан 6 йилга камайтирилди холос...

Мен Ажримни қачон олиш мумкинлигини сўрадим. “ГУИНга юборилади” деб жавоб берди раислик этувчи яна зарда билан. Мажбур бўлдим, “нега жаҳл қиласиз ҳурматли раис, мен бор-йўғи Ажримни қачон олишни сўраяпман ё мумкин эмасми?” дедим норози оҳангда.

Олий судга ташаккур: ноҳақ қамоқда ўтирган ёш аёл оиласига, фарзандлари бағрига қайтди, ноқонуний жазоланган йигит ҳам икки ҳафтадан сўнг муддатидан илгари шартли озод қилиниб, оиласи бағрига борди.

Гап шундаки, юқоридаги манзарадан ҳимоячи ўзига янги ҳолатни кашф этган, 700 та (ўша пайтда) Оқлов ҳукмини чиқариш Олий суд раҳбарияти учун жудаям осон кечмаётганини англаган эдим...

Бугундан яна бир мисол. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 2017 йил 17 июлдаги ҳукмига кўра, 54 нафар қурувчи мутахассис Жиноят кодексининг 167- ва бошқа моддалари билан айбланиб судланган. Асосан катта миқдорда жарима жазоси, ҳеч ким озодликдан маҳрум этилмаган. Бироқ, ҳукмда баҳсли ҳолатлар кўп. Буни Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 17 июлдаги уч нафар судланган фуқарога нисбатан Ҳукмни бекор қилиб янгидан Апелляция инстанциясида кўришга юборилган Ажрими ва уларни ЖПКнинг 83-моддаси 3-қисми (жиноят аломатлари йўқлиги) билан реабилитация қилган 2018 йил 13 ноябрдаги Апелляция Ажрими ҳам исботлайди. Ва бу Ажримда ҳукм тергов органининг тахминларига асосан чиқарилгани, суд мажлисида сўроқ қилинган гувоҳларнинг кўргазмалари инобатга олинмагани кабилар таъкидланган.

Ана шу ҳукм бўйича судланган яна бошқа икки шахсга нисбатан 2019 йил 11 июнда чиқарилган Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг Ажримида ҳам ҳукмга нисбатан юқоридаги камчиликлар таъкидланиб, ҳукмнинг уларга нисбатан қисми бекор қилинди ва янгидан Апелляция инстанциясига кўришга юборилди.

Апелляция судлов ҳайъати суд мажлисларида ишни икки ойдан ортиқ кўриб чиқди, аввалги бошқа таркиб судлов ҳайъатига гувоҳ тариқасида чақирилган текширувчилар, мутахассислар сўроқ қилинди. Аҳвол ўша: айблар исботланмади. Бироқ, бу Апелляция судлов ҳайъати 2019 йил 17 сентябрдаги Ажрим билан ҳукмдаги жазони ўзгаришсиз қолдирди, юқоридаги бошқа таркиб Апелляция судлов ҳайъатининг ва Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг Ажримларидаги ҳукмга берилган ҳуқуқий баҳога мутлақо зид равишда “идеал” чиқарилгандек баҳоланди. Апелляция судлов ҳайъати Олий суд Ажримидаги “ҳар бир айбланувчининг айблилиги индивидуал исботланиши лозим, у ташкилотда ишламаган даврида содир этилган жиноий ҳолат билан айбдор деб топилганини текшириб кўриш керак” деган мазмундаги ва бошқа кўрсатмаларни бажармади, исботламади. Ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди, вассалом!

Яъни, бир ҳукмга Апелляция ва Олий суд назорат босқичларида турлича, бир-бирига зид ҳуқуқий баҳо! Бироқ, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ҳам, Жиноят-процессуал кодекси ҳам ягона. Судъялар ҳар хил...ми?

Таажжубланишдан ўзга чора йўқ...

Осмон кузатиб турибди...

Узоқ йиллар давомида чуқур илдиз отиб кетган коррупцияни тугатиш қийин бўлаётгани бор гап. Қачон тугатилиши ҳам номаълум. Қуйи, ўрта, юқори инстанцияларда одамлар ишлайди. Ака-ука, қариндош-уруғ, аксари “ошна-оғайни”. Ҳимоячи қуйи инстанция қароридан шикоят қилиб юқори инстанцияга шикоят-ариза топширади. Бир оғиз жавоб: “шикоят-аризангиз қаноатлантирилмасдан қолдирилди, ҳукмни ўзгартиришга асослар йўқ”. Агар шикоят-ариза қаноатлантирилса... ошна-оғайни, ҳамкасбга “минус” бўлади. Бир одам қамоқда ўтирса ўтирибди-да, ҳамкасбнинг кўнглини чўктирмаслик керак...

Қонун ишласа, инстанциялар ўртасидаги юзхотирчилик қонунийликка қурбон қилинса – адвокатнинг мавқеи қонун ишлайдиган ривожланган давлатлардаги каби юксакка кўтарилади. Бизда саводли адвокатлар етарли. Улар музокара нутқида қонунларни ҳинд фильмларидагидан ҳам ошириб рўкач қилиб ишни “ютиб” кетишга қодир. Қонун ишлаши керак, холос...

Булар – Ердаги гаплар. Ерда ҳеч кимдан қўрқмасак, осмонда қўрқадиган бор – Илоҳий куч. Қайтар дунё! Бироқ буни ҳамма ҳам иймон, виждон, инсоф, диёнат, уят даражасида ўйлайвермайди. Аллоҳ эса ҳар нарсани кўргувчидир ва билгувчидир. Шу боис ҳазрат Имом Аъзамни қози этиб тайинламоқчи бўлганларида у киши рад этган эканлар. Сабабини тушунтирибдилар: “Мен ўзим билмаган ҳолда бегуноҳ инсонга адолатсиз жазо тайинлаб қўйишдан қўрқаман”. Ҳадисда “Охиратда шундай тегирмонлар борки, унда бошлар янчилади. Бу адолатсиз ҳукм чиқарган қозиларнинг бошларидир” дейилган...

Бугун Юқори даражада даъват этилаётган – жамиятда Адолат ва Қонунийлик рўёби йўлидаги курашга камарбаста бўлсак, ҳадисни ҳам безовта қилмаймиз...

Ҳабибулла ОЛИМЖОНОВ,

журналист, адвокат

Манба: UzA

2020-01-08 16:14:14  |  2812 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

1 изоҳлар

Январ 08, 2020  21:28

1.Тохирбек

Хозирда адвокат фақат янгиликларга интилиш керак. Эски нарсаларни ковлаб, ёзиб вақт сарфлаганидан кўра, Янгиликлар билан яшаш керак. У нарсалар ўтмишда қолди. Хозир Давлат сиёсатидан келиб чиқиб фикрлаш керак. Хозир сульялар хам янги улар хам янгича фикрлайди. Адвокатлар хам янги қонунлар бўйича фикрлаш керак. Судьяларни ёмонлагани билан холат ўзгармайди. Ўша нотў0ри қарор қабул қилганлар хозир амала ишламаябди.Улар ловозимларидан кетган. Биз адвоктлар тезда янгиликка интилиб янгиликлар билан яшашимиз керак. Агар хар бир адвокат ўзи қатнашган ишни мухокама қилиб ёзаверса унда қоғоз хам етмайди. ортиқча фальсафий гаплар кўпаяверади. Оллох кечримлиларни қўллаб қувватлайди. Адвокатлар томонидан бошқаларни тақдирини мухокама қилиш хам жоиз эмас. Чунки адолат қарор тпибди-ку. Шуни ўзи катта бахт. Уни намойишкорана бошқаларга ошкор қилишнинг ўзи жоиз эмасдир. Судьялар хам бизга ўхшаган одам улар хам адашади, балки ўша даврларга уларнинг ишларига кимлардир аралашгандир. Энди уларни ковлашга не хожат. Хаммаси ўтмишда қолди. Энди янги жамиятда янги қонунлар билан янгича яшашимиз керак..То Ўша Сизлар мухокммага ташлаган фактлар. келгуси адвокатлар хаётида бир мактаб бўлсин. Ўз уйингдаги ўз ичингдаги гапларни қанчалик оммага ёймаган инсонларни ишлари хамиша юришаверади. Адвокат хар доим судьяларни адашишига йўл қўймаслик керак. имоянинг бир нечта запас вариятларни олдиндан режалаштириб иш кўриш керак. Ўз вақтида олдиндан ўз химоясидаги шахсни қандай ҳуқуқий оқибатлар кутиши мумкинлигини ўз вақтида огохлатириш керак. Хар доим судьяларни айбламасдан ўзининг хам камчиликларни излаш ва кеййинги ишларида йўл қўймаслик чораларини кўриш керак-деб ҳисоблайман. Адвокатнинг асосий қуроли қонуний йўл билан судга тушунтриш далиллар тақдим этиш ва ўз позициясини таъминлашга эришиш чораларини кўришдан иборатдир.. Хар бир бошидан ўтган ишни матбуотга бериш хам жоиз эмас. Кимнингдир нафсониятига тегиш мумкинлигини ўйлаб иш қилиш лозимдир. Хамкасбларга фикрим кам гапириб, кўп далал йиғиб, қонуний исботлаш усулларидан фойдаланишни билиш. АДВОКАТ СИРИНИ САҚЛАШ. бошқани айбламаслик. Бизнинг вазифамиз химоя қилиш, бировни айбини излаш ва қоралаш эмас. Адвокат хар доим ўз масъулиятини сезиш ва виждонан, халол равишда ўз ишига киришишдан иборатдир. Фақт бошқа шахслардан айб ва камчилик қидирмаган ҳолда. Чунки доно халқамизда бир гап бор. Беайб парвардигор.!.... Хаммада камчилик бор. Ўз ишингизни яхши билинг бировни ковламанг ва қатъиятли бўлинг, талаб қилишни билинг далил йиғишни ва уни қачон ва қаерда ишлатишни билинг. Натижа ижобий бўлмадими? Биринчи ўринда айбни ўзингиздан ахтаринг. Сиз билан шартнома тузганларга хеч қачон (олдиндан) уларни оқловга ва бошқа енгиллаштииш ҳолатларига ваъда бериб ишонтирманг. Аввал ишни қоил қилиб, кейин мақтовни бошқалардан олишни ўрганиш керак. Мана ислохатлар боис шу йилда 10-тадан ортиқ оқлов бўлган адвокатлар бор. Лекин улар ҳеч қачон мақтанмайди ва ўзларини реклама қилмайди. Шундай адвокатлардан ўрнак олиш керак деб хисоблайман.



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация