ТЕРГОВ СУДЬЯСИ — БУГУНГИ КУН ТАЛАБИ! Судларда бу лавозимнинг жорий этилиши айблов тарафининг устунлик мавқеига барҳам беради...



 
  Расм манбаси : superomsk.ru

“Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси томонидан тайёрланган Президент қарори лойиҳаси юзасидан билдирилган таклифлар орасида ўз илтимосномаларига тергов томонидан асослантирилмаган тарзда рад жавоби олган адвокатларга судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш масаласи ҳам чиққан эди. Айни пайтда эса, ушбу таклифнинг амалда ишлаши мумкинлигига шубҳа билан қараб, мулоҳазасини баён қилишга уринганлар ҳам бўлди. Тадқиқотчи олиманинг қуйидаги мақоласи эса ушбу баҳсга илмий жиҳатдан асослантирилган жавоб бўлади деган умиддамиз1.    

Прокурорнинг ва умуман айблов тарафининг жиноят ишларини юритишдаги мутлақ ҳуқуқ ва ваколатлар соҳиби эканлиги суд-ҳуқуқ тизимининг эски совет тузуми мафкураси асосида узоқ йиллар давомида шаклланган бир кўринишидир. Унинг замонавий принциплар ва халқаро стандартлар талабларига мутлақо мос келмаслиги эса бугун соҳадан озгина хабари бор одамга сир эмас. Профессионал тилда айтганда, инсон тақдири ҳал этиладиган ҳар қандай процессуал босқичда айблов ва ҳимоя тарафларининг тенг имкониятларда ҳаракатланишларига эришиш давр талабидир.

Бу, албатта, прокурор ва адвокатнинг тўлалигича тенг ҳуқуқли шахсларга айланиши керак, дегани эмас. Аммо, инсон манфаатлари масаласи ўртага чиқар экан, ҳимоячининг ўз вазифасини бажариш жараёнида айблов тарафи билан тенг имкониятлардан фойдаланишига шароит яратилиши шарт. Дунё тажрибасида эса бунга эришиш учун адвокатнинг холис орган бўлган судга мурожаат қилиши ҳуқуқи муҳим аҳамият касб этади.

Бироқ республикамизда бугунги кунда 4000 га яқин адвокат фаолият юритишини2 ҳамда суднинг асосий вазифаси одил судлов фаолиятини олиб бориш эканлигини назарда тутадиган бўлсак, судлардаги иш ҳажмининг юқорилиги сабабли, ишни судга қадар юритишда адвокатларнинг ҳар бир мурожаатини тўлиқ ва ҳар томонлама ўрганиб чиқиш имконияти судларда мавжуд эмас. Шунга кўра биз, хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари таркибида тергов судьяси лавозимини жорий этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Зеро, шу йўл билан жиноят ишини судга қадар юритишда тарафлар фаолиятини тенглик ва тортишув асосида олиб бориш имконияти таъминланади ҳамда айблов тарафининг устунлик мавқеига барҳам берилиб, ҳимоя тарафининг процессуал мақомини оширишга имконият яратилади. Аммо бундай лавозимни жорий этиш, ўз навбатида, суд-ҳуқуқ тизимида яна бир янги ислоҳотни амалга оширишни тақозо этади.

Тергов судьяси ўзи ким?

Албатта, бу ўринда “тергов судьяси” тушунчасининг ўзига ҳам озгина таъриф бериб ўтиш керак бўлади.  

Тергов судьяси – бу жиноят ишларини юритишнинг судга қадар бўлган босқичларида фаолият олиб борувчи, айблов ва ҳимоя тарафининг ҳаракатларини мувофиқлаштириб ва назорат қилиб турувчи ҳамда уларнинг ўз ҳуқуқ ва ваколатларини амалга оширишлари учун зарурий шарт-шароитларни яратиб берувчи масъул мансабдор шахс ҳисобланади.

Ваколат доирасига кўра тергов судьяси зиммасига Ўзбекистон Республикаси ЖПКда кўрсатилган ишни судга қадар юритиш жараёнида  суднинг қарори (ажрими) талаб қилинадиган процессуал ҳаракатлар бўйича суд ваколатларининг барчаси ўтказилади.

Энг асосийси эса, тергов судьясининг иш юзасидан холисликни ва тарафлар тенглигини таъминлаши нуқтаи назаридан келиб чиқиб, унга айблов тарафининг бир қатор ваколатлари, жумладан, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини ўзгартириш, мол-мулкни хатлаш ва уни тақиқдан ечиш, экспертиза ва тафтиш тайинлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш, терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчи ва терговчининг қонунга хилоф ҳамда асоссиз қарорларини бекор қилиш каби ваколатларнинг ҳам ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.

Тергов судьясида, шунингдек, адвокатлик сўровига мансабдор шахс томонидан рад жавобини олган ҳимоя тарафининг тегишли юридик ёрдам кўрсатиш ва ҳимояси остидаги шахс манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳар қандай маълумот, ҳужжат ёки нарсаларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш ва тегишли органларга сўров юбориш ваколати ҳам бўлиши муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, шу кеча-кундузда кўтарилган яна бир масала —адвокат гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида ишга жалб этилган ҳолларда адвокатни мажбурий келтиришга, шахсий тинтув ўтказишга, унинг уй-жойи, хизмат хоналарини, юкларини, шахсий ва хизмат транспорт воситаларини кўздан кечиришга, адвокатни унинг касбий фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича сўроқ қилишга, шунингдек унинг почта, курьерлик жўнатмаларини, телеграф хабарларини ва бошқа хабарларни назорат қилишга, ахборот ташишнинг электрон воситаларини кўздан кечиришга ва назорат қилишга, адвокатнинг телефони ва бошқа телекоммуникацион қурилмалари орқали амалга оширилаётган сўзлашувларни эшитиб боришга, алоқанинг техник каналларидан адвокатга боғлиқ бўлган ахборотни олишга санкция бериш билан боғлиқ ваколатлар ҳам тергов судьясига берилиши тергов судьяси фаолиятининг аҳамиятли жиҳатларидан бири сифатида белгиланади.

Умуман, бу каби кўплаб ваколатларнинг иш юзасидан холислик таъминланишига тўсқинлик қиладиган бошқа бир мустақил орган иш юритувига ўтказилиши натижасида судга қадар иш юритишда тарафлар тенглигининг таъминланишига, бу жараёнда тарафлар фаолияти устидан суд назоратининг муваффаққиятли амалга оширилишига, шунингдек ҳимоячининг ўз касбий фаолиятини амалга оширишида кенг имкониятлар ва қулайликлар яратилишига, алалоқибат,  жиноят ишларининг шаффоф ва тенг ҳуқуқлилик асосида олиб борилишига эришиш мумкин.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, тергов судьяси институти бугунги кунда Бельгия, Греция, Ироқ, Испания, Нидерландия ва Хорватия давлатларида ўз фаолиятини муваффаққиятли амалга ошириб келмоқда. Бу институт, айниқса, Францияда ўз тарихий илдизига эга бўлиб, давлат ва жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин тутади ҳамда ишни судга қадар юритишда тортишув принципининг амал қилишини таъминлайдиган холис, мустақил институт намунаси сифатида намоён бўлади.

Қолаверса, тергов судьяси институти бугунги кунга келиб бир қатор собиқ совет иттифоқи давлатларида ҳам жадаллик билан жорий этилмоқда. Хусусан, у 2002 йил Литвада (ЖПК 158-м.), 2003 йил Молдавия (ЖПК 41-м.) ва Эстонияда (ЖПК 21-м.), 2005 йил Латвияда (ЖПК 210-м.), 2013 йил Украинада (ЖПК 3-м.), 2015 йил эса Қозоғистон (ЖПК 55-м.) ва Грузияда (ЖПК 20-м.) жорий этилди. Ҳозирда эса Қирғизистон ва Арманистон Республикаларида эса тергов судьяси институтини жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда3.

Дилбар ЧОРИЕВА, Тошкент Давлат юридик университети докторанти

 

 

1. Мақола сайтга мосланди. Унинг тўлиқ матни журналнинг навбатдаги сонларида чоп этилади.

2. ЎзР Адвокатлар Палатасининг “Ўзбекистонда адвокатура: ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари” номли маъруза матни тарқатма материалларидан // Т., 2019

3. https://ru.wikipedia.org/wiki

2020-04-18 00:44:58  |  735 |   0  | 

7 изоҳлар

Апрел 20, 2020  20:41

1.Адвокат Тоҳирбек Тожибоев

Ушбу масалани яна бир томонини ҳам ҳисобга олиш керакмикан-деб ўйлаб қоласан-киши. Терговчилар кўп, улар бирпастда Тергов судьясини хам қўлга олиб ўзларига оғдириб олишлари хам мумкин. Терговчилар унда прокурорга эмас, Судга илтифот қилишни бошласа, менимча прокурорлар индамай турмаса керак?..... Уларнинг реаксияси қандай бўлар экан?...бу Жумбоқ.

Апрел 19, 2020  12:20

2.Маматов Жахонгир

Хамкасбларимни таклифларига кушилган холода. Прокурорладан айблов хулосаси ни тасдиклашни олиб ташлаш керак.

Апрел 18, 2020  20:18

3.Адвокат Тоҳирбек Тожибоев

Хамкасблар фикрларига қўшиламан. Авваламбор, хозирча тергов органи алоҳида бўлгунча, олдиндан бир қадам учун. Жиноят ишини айблов ҳулосасини прокурор тасдиқлашини ЖПК қонунларидан чиқариб юбориш керак. Унинг ўрнига Жиноят иши судга чиқарилишидан олдин, прокурор хам адвокатга ўҳшаб иш материаллари билан танишиб, етарли далиллар бор, суд муҳокамасига юборишга розиман"-деб ёзилган ҳулоса расмийлаштириб, сўнгра терговчи айлов ҳулосани оҳирига имзо қўйиб, ишни судга юбориш керак. Шунда адолатли бўлади. Чунки прокурор айблов ҳулосани тасдиқламаса, унда манфаатдорлик бўлмайди. Судьяга хам Оқлов хукми чиқаришга имконият яратилади. Шунда демократия бўлади. Суд жараёнида эса тарафлар прокурор билан адвокат тенг ҳуқуқлилик асосида, судга раислик қилувчининг иштирокида бемалол далилларини тақдим қилишиб тортиша оладилар. Дилбархонни илмий салоҳиятига омадлар тилайман ва теран фикрлари учун миннатдорчилик билдираман. Бу таклифни албатта муҳокама қилиб кўринглар.

Qiziqarli faktlar keltirib o'tilgan,respublikamizdagi sud -huquq tizimini rivojlantirish maqsadida ushbu qarashlar nazarda tutilga .Albatta bu ishni amalga oshirsa yaxshi natijaga erishish mumkun.Tergov sudyasini tashkil etish uning vazifasi jihattan foydali ammo menga bir narsa qiziq,tergov sudyasi sudlar tarkibida bo'ladimi yoki aloxida yunalish sifatidami.Agar sudlar tarkibida bo'ladigan bo'lsa sudlarning rolini judaham oshirib yuboradi va bu holat aksiga olib sud tizimining yakka gegemonligiga olib kelishi mumkun bizning sharoitimizda.Alohida tashkilot sifatida tashkil etish ham maqul bo'lishi mumkunki qay darajada deganda uning mustaqilligi ta'minlanadi,hech kimga bo'y so'nmasdan xarakat qilishi mumkun.Lekin bu xolat ham tajribadan o'tqazilishi kerak.Prokuratura haqidagi fikrlarga keladigan bo'lsak.Uning davlat manfaatlarini himoya qilish bu normal holat,agar ulardan ko'p huquqlar olib qo'yilsa,tarozi pallasi izdan chiqadi.Masalan tarozini bir pallasida prokuratura ikkinchi pallasida advokatlik xizmati ikkalasiniyam himoya obyekti bor,sud esa ularni muvofiqlashtirib turadi.Biz asosiysi prokuraturadan huquqlarni olib tashlab muammoni hal qila olmaymiz,mening fikrimcha kuchli advakatlik tizimini yaratishimiz kerak.Chunki vakolat yuq bo'lmaydi,u bir obyekttan ikkinchisiga ko'chadi

Судларда тергов судьяси лавозимини жорий этиш ва унга тегишли ваколатларни бериш юзасидан докторант синглимиз Дилбархон ва бошка хамкасбларимизнинг фикрларига кушилган холда айтмокчиманки, энг асосий максадимиз инсон хукук ва эркинларини суриштирув, тергов ва суд жараенларида таьминлашда адвокатнинг ваколатларини тулик амалга оширишга каратилаетган экан, бунда хукук ижодкорлари (шу жумладан, суриштирув, тергов, прокуратура ва бошка хукукни мухофаза килувчи органлари ходимлари хам) ушбу масалани адолатли ва тугри хал этишлари учун узларининг бошларига иш тушганда адвокатни канака хукукий макомга эга булиши кераклигини хис этишлари, юракларидан утказа олишлари лозим деб хисоблайман. Масалани мана шундай тартибда куйилиши эса, унинг турги ечимига олиб келишига хеч кандай шубха йук.

Апрел 18, 2020  07:43

6. Адвокат Гулямов Бахтиер

Маколада жуда тугри фикир юритилган, лекин хозирги давирда, прокуратура конун ишлаб чикаришда юкори уринда булганлиги сабли, конунчиликда бундай калтис бурилиши олдини олса керак деган фикирдаман.

Бу мақолани ўқиб, бизни ёшларимизда жиноятчиликка қарши курашишда қонун устиворлигини таъминлаш ва адолатни қарор топдириш учун жиноят ишининг дастлабки босқичиданоқ беғаразлик ва холисликка интилиш, жиноят ишини тергов қилишдаги суистеъмоллик ва амалпарастлик тенденцияларига қарши курашиш, тергов мустаъқиллигини таъминлашга қаратилган энг зарурий масалалар ва муаммолар муҳокамасини ўртага қўйилиши деб ҳисоблайман ва кейинчалик келажакда ўзини ижобий маҳсулини беришига ишончим еомил. Лекин, бу масалани муҳокама қилиш билан бирга қуйидагиларни назарда тутиш лозим: 1. Суриштирув жараёни ва дастлабки терговни амалга оширишда прокурор ваколатларини чеклаш, олиб ташлаш ва бутунлайин тергов судьяси ваколатига ўтказиш масаласи; 2. Ҳозирда жуда кўпчилик тажрибали юристлар томонидан юртимизда амалга тадбиқ этиш учун мустаъқил тергов органини (тергов қўмитаси ёки тергов департаменти) ташкил этиш (мисол учун Россия қонунчилигига ўхшаш) масалалари ва таклифларини йўққа чиқаради; 3. Жиноят фактини қайд этиш (бирламчи ҳужжатлаштириш) давридан (суриштирув) барча инсон ҳуқуқларини кескин чеклайдиган (эҳтиёт чорасини қўллаш, далилларни олиш, тинтувлар ўтказиш, оператив тадбирлар ўтказишга ижозат бериш, ҳужжатли текширув ва тафтишлар тайинлаш, эксгумация масалалари ва ҳ.к.лар) тергов судяси вмколатига бериш ёки уни шахсан иштирокида ўтказиш каби беғараз ва ижобий натижалар бериши мумкин; 4. Жиноят қилмишини қайд этиш давридан (суриштирув) жиноятни оғирлик даражасига баҳо бериш ёхуд қилмишни (ҳодисани) жиноят ҳолати (ҳодисаси) эмас деб топиш (амалдаги жиноят ишини қўзғатишни рад этиш) масаласи ҳам тергов судяси ваколати орқали реал назоратга олиниши мумкин; 5. Албатта бундай судяни ташкил этиш ва амалга тадбиқ этишга тезкор-қидирув фаолияти билан шуғулланувчи идоралар қарши чиқишлари аниқ. Чунончи, бу амалиёт ҳам тергов судяси назоратига олиниши шарт бўлиб қолади. 6. Бундай судьяни ташкил этилиши судлов тамойилларига, очиқлик, холислик ва беғаразлик, қонунийлик, якунийлик тамойилларига албатта ўзини таъсирини кўрсатади. Шунинг учун, тергов судяси ваколати киритилиши суднинг яккаҳокимлигини таъминлайди. Менингча бу таклифларга прокуратура рози бўлмаса керак. 7. Яна бир инобатга олиниши ва чуқур ўрганиб чиқилиши зарур бўлган муаммо мавжуд бу ҳам бўлса, давлат манфаати. Бугунгача давлат манфаатини прокурор ифода этиб боради. Суд эса, фақат қонун манфаати ва адолатни белгилаш манфаати учун фаолият юритади. Давлат манфаати билан ҳамкорлик қилгани учун ҳам ҳозирги замон судини холис ва беғараз деб бўлмайди. Лекин таклифлар ўринли ва жуда қизиқарли. Бундай тергов судяларини ташкил этилиши жуда аҳамиятли ва нафақат жиноятларни тергов қилиш, балки уюшган жиноятчиликка қарши курашишда инқилоб ҳисобланади. Дилбарга эса, ташаккурлар айтиб, ижодларида муваффақиятлар тилаб қоламан



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация