Асосий саволлар ҳамон очиқ: нега санкция судга берилмади, адвокатурага оид норма нега адвокатлардан яширилди?



 
  Расм манбаси : hr-portal.ru

Бу саволларга на Адлия вазирлиги билан Бош прокуратуранинг расмий баёнотларида жавоб берилди, на Палата раисининг Сенат вакиллари билан учрашувида

Кечадан бери ўзбекзабон интернет сегменти бир мавзуни коронавирусдан ҳам кўпроқ муҳокама қилаётганидан хабарингиз бор. Бу — Сенатнинг ялпи мажлисида маъқулланган “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларга ва Жиноят-процессуал кодексга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонундир.

Мазкур ҳужжат билан “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси (“Адвокатнинг дахлсизлиги”) янги таҳрирда қабул қилинмоқда. Аниқроғи, мазкур моддада “...унинг телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш” жумласи “...унинг телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали сўзлашувларини, хабарлари ва маълумотлар узатилишини назорат қилиш” деган жумлага ўзгартирилмоқда.

Сенат ахборот хизматининг нўноқлиги туфайли дастлаб жамоатчилик бу хабарни бир оз бошқача талқин қилди, ортиқча эҳтиросга берилди. Гап тезкор-қидирув тадбирлари, адвокатнинг жиноят содир этишда ёки шунга алоқадорликда гумонланиши ёки айбланиши билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида экани маълум бўлгач, муҳокамалар тўғри ўзанга бурилди: хўп, яхши, адвокат ҳам бандаи ожиз, у ҳам жиноятга алоқадор бўлиб қолиши мумкин. Аммо бундай ҳолатларда санкция ҳуқуқини адвокатнинг процессуал рақиби бўлмиш прокурордан кўра, нисбатан бетараф томон — судга бериш адолатли ва мантиқий бўлмасми, жаноблар? Президент адвокатни мавқеда прокурор билан тенглаштирайлик деб жон узиб турган пайтда прокурорларнинг шундоқ ҳам керагидан узун қўлини бадтар чўзишга на ҳожат бор эди?..

Янги норма мазмунидан кўра, қабул қилиниш тарзи билан кўпроқ хавотир уйғотди десак адашмаймиз. Зеро, юқорида номи келтирилган қонуннинг НҲҲЛМ порталида (regulation.gov.uz) муҳокама қилингани тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ. Адвокатлар ҳамжамияти эса Сенат ялпи мажлиси ҳақидаги қисқа хабар орқали воқиф бўлди шунақа қонун маъқулланганидан. Ҳолбуки, Президентнинг “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Адвокатлар палатаси билан келишилиши шарт.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров дарҳол муносабат билдириб, мазкур қонун адвокатлар билан ҳисоблашмасдан ва унинг визасисиз қабул қилинаётганидан норозилигини баён қилди.

Ахборот маконидаги туғён катта идораларни бир оз ҳаракатга келтирди, ҳарқалай. Дастлаб Адлия вазирлиги тушунтириш берди: “биродарлар, тинчланинг, бу норма 1998 йилдан буён бор-ку, биз фақат таҳририй ўзгариш қилдик холос. Ҳеч қанақа янги чеклов жорий қилинмаяпти, хавотир олманг”, деган мазмунда.

Адлиядан сўнг Бош прокуратура ҳам тахминан шундай мазмунда баёнот берди.

Бу воқеалар ортидан Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров Сенатга таклиф қилиниб, у билан Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Батир Матмуратов ва унинг ўринбосари Шухрат Чўллиев шахсан учрашди. Бу учовлондан ташқари Адлия вазири ўринбосари Акбар Ташқулов ҳам иштирок этган учрашувда ҳам, агар расмий хабарларга таянсак, асосий саволлар жавобсиз қолган:

1. Нега куч ишлатар тузилмаларга адвокатларнинг телекоммуникация қурилмаларини назорат қилиш учун рухсатни суд эмас, прокурор бериши керак?

2. Нега Президент фармонига, шунингдек, БМТнинг 1990 йилги Гавана конгресси нормаларига ҳамда Адвокатлар ва юристлар роли тўғрисидаги Нью-Йорк Низомига зид равишда адвокатурага оид ҳужжат адвокатлар ҳамжамиятидан бехабар қабул қилиняпти?

Биринчи саволга “санкциялар босқичма-босқич судларга ўтказиляпти-ку, сизларга ҳам навбат келиб қолар” дея баҳона қилишлари мумкин. Аммо иккинчи саволга мазкур қонун лойиҳасининг муаллифи бўлмиш Бош прокуратурадан изоҳни қаттиқ туриб талаб қилиш керакка ўхшайди.

Зеро, адвокат Аллан Пашковский айтганидек, олий кабинетларда фуқаролик жамиятининг ва ҳуқуқий-демократик деб аталувчи давлатнинг энг муҳим институтларидан бири бўлмиш адвокатурага шу қадар беписандлик  қилинар экан, суд-ҳуқуқ ислоҳотларидан лоф урмайлик.

2020-03-26 00:10:50  |  450 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

7 изоҳлар

Март 28, 2020  20:57

1.Улуғбек

Ассалому алайкум ҳамкасблар. Адвокатларга бошига ташвиш тушиб мурожаат этган депутатларимиз ва уларни оила аъзолари адвокат кимлигини уни касбига садоқатлигини билишади. Тушмагани яшил кнопкани босишдан бошқасини билмайди.

Буюк мутафаккир ва адолатли давлат арбоби А.Навоий "Хирсу хавас хирмони барбод улмас, эл шод улмас, мамлакат обод улмас", дея таькидлаган эдилар. Шундай экан, конун ижодкорлари адвокатлар хукукларини амалда тулик таьминламасдан туриб, суд-хукук сохасида ижобий натижаларга эришишларига умид килиб булмайди. Зеро, конун ижодкорлари тарафлар сифатида прокурор ва адвокат тенглигини амалда таьминлашлари шарт.

Агар прокурор руҳсати билан бўлса, амалда тезкор вакиллар ёлғон ахборот билан (секретно) деб бахона қилиб, прокурорни ишонтириб, айниқса депортамент ходимлари тезкор вакиллари осонгина руҳсат оладилар ва Адвокат сири билан боғлиқ маълумотларни хам ошкор қилиши мумкин. Иккинчидан КИМ кафолат беради тезкор вакиллар ёки прокурорлар ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилгани холда хам ўзи ёмон кўрган адвокатни телефон сўзлашувини осонгина эшитиб унга нисбатан Қораловчи материаллар йиғишига. Учинчидан бу холатдан хабардор бўлган фуқаролар адвокатларга ишонмай қўяди ва Ўзбошимчалик билан бир-бирларини Суд қилишни, разбор қилишни бошлайдилар. Қасддан содир этиладиган оғир жиноятлар амалда кўпаяди. Давлат идораларига хам ишонч йўқолади. Учинчидан бу норма билан танишга Холқаро экспертлар ва бошқа давлат адвокатлари бизнинг қонунларни савияси паст деб устимиздан кулишади ва обрўсизлантиради. Судни эшитишни Олий суд рухсати билан-дейиш керак. Прокуратура ходими эшитишни Бош прокурор рухсати билан дейиш керак. Адвокатларни эшитишни эса Адвокатлар палатаси раисининг ёки малака комиссиясининг руҳсати билан деб Қонунга ўзгартириш киритса тўғри бўлади. Чунки адвокатлар нотижорат алохида ташкилот бўлиб, улар прокуратура ходимси хисоблаймайди. Тўртинчидан, Прокурор билан адвокат хар қандай суд жараёнида ТАРАФЛАР хисобланади. Улар Тенг хукуклигий асосида тортишиш ҳуқуқларига эга. Агар прокурор рухсати билан адвокатни эшитса, тенг хуқуқлилий Принцпи қаёққа кетади. Унда адвокатни камситиш, тақирлаш, тайъзиқ ўтказиш, унинг фаолиятини чеклаш, ўз позициясидан қайтариш, адвокатни рад эттириш ва х.к кўнгилсиз хъолатлар рўй бериши аниқ ва тинниқ бўлади. Шунинг учун бу қонунни Депутатлар томонидан яна бир марта қайтадан кўриб чиқиш керак.

Март 26, 2020  15:59

4.Шухрат

Албатта, конунга узгартиришлар киритилишида нафакат адвокатуранинг, барча фукароларнинг фикрини урганиш лозим эди. Биз узгартиришларда конунга киритиладиган узгаришлар адвокатуранинг химоясини кучайтирувчи моддалардан иборат булади деб уйлаандик. Жумладан, агарда адвокатнинг тургун ва мобил мосламалари, интенет тармогидаги муокот алмашувлари факатгина шахсан адвокат томонидан ёки унинг бевосита иштирокида содир килинган жиноят буйича кузгатилган жиноят иши буйича суднинг санкцияси (карори) билан амалга оширилиши мумкинлиги ва тергов тугалланганидан сунг бу материаллар нусхаси ахборот учун Адвокатлар палатасига юборилиши шартлиши жорий килингандагига кабул килиниши муикинлиги кутгандик. Чунки янгиланган нормалар махмунига кура жиноят иши кузгатилмасдан хам адвокатни тезкор ходимлар гумон килишларига ва унга нисбатан сузлашувларни эшитиш каби тезкор тадбир утказишга йул куяди. Конуннинг бундай ифодаланиши адвокатурага жамият институти сифатида эмас, балки жиноят олами сифатида кабул килинганлиги окибатига ухшайди. Умуман, хоодиса хозирги адвоктура тизими канчалик заифлигини курстамокда. Президентнинг унгги фармони буйича адвокатуранинг мустакиллигининг кучайиши, унга Адлия вазирлигининг таъсирини минималлаштириш кузда тутилган. Шундан келиб чикиб, адвокатларга Палата раисини хам узимиз мустакил равишда вазирликсиз тайинлаш вакти етиб келгандир. Мен Палат раиси Алим Эрназаровни билмайман, танимайман, балки яхши юрист ва рахбардир. Лекин уни адвокатлик фаолиятидаги ютукларини эшитганим йук. Бир вактни узида сафимизда узининг тула -тукис адвокатурага багишлаган, менга ухшаганлардан фаркли уларок тергов ва прокуратурадан эмас, тугр олийгохдан келиб? адвокатуранинг яхши-ёмон кунларида адвокат сифатида халкка фидокорона хизмат килган, адвокат нонини кдарияга етадиган, "духи" бор олийжаноб хамкасблар хам борку. Мен агар А.Эрназаров адвокатура такдири учун "адвокатурага таалукли конунларни ишлаб чикилиши жараёнида менинг обруйимни хамкаслариб олдида бир тийин килдиларинг, шунинг учун истеъфо эълон киламан" деганида "бу инсон хакикатда адвокатура, халк манфаати учун узини хам фидо килишга тайёр экан" деган фикрга борардим. Лекин афсус "мени катнаштиришмади"да нарига утолмади. Ахир Сизни пайкашлари учун узингизни курсатиб, хозирда суд-хукук ислохотлари жараёнини ичида юришингиз керакку, мухтарам Раис!

Март 26, 2020  09:37

5.Advokat B.M.

Олий конунчилик ва хукук органларида адвокатларнинг манфаатига дахлдор масала Президент Фармонига беписандлик билан Палатанинг иштирокисиз «уддабронлик» йули билан хал буб кетди-я, энди куйи пагоналарлаги идораларда адвокатларга нисбатан буладиган муносабатни тасаввур килиб, хулоса килиб олавериш мумкин! Давлат органидан холи булган хукук химоячилари адвокатларга паст назар билан караш давом этаверар экан, бунакада хукукий ислохотлардан керакли натижа кутиш анча кийин булади, минг афсус!!!

Март 26, 2020  08:43

6.А.Раҳимов адвокат

Айни тўғри талаблар. Бу каби нормалар қабул қилинмаслиги керак ва юртимиз адвокатлари бирлашиб ўз эътирозини айтиши керак. Алим Эрназаровга рахмат. Сизга яратгандан куч қувват ва бардош тилайман.

Март 26, 2020  08:38

7.Ойбек Рахимов

Ассалому алайкум кадрли хамкасблар. Яна бир саволни куштирнок ичидаги конун ташаббускорларига бериш керак, нега тезкор кидирув фаолияти тугрисидаги конуннинг 16-моддасига кура телефон сузлашувлари ва бошка сузлашувларни эшитилиши суриштирувчининг асослантирилган карори ва прокурор рухсати билан йул куйилиши керак деб курсатилган конун талабига кура исталган фукаронинг суз эркинлигига дахл килиш тартибига амал килинмаган холда олинган далиллар тергов ва суд томонидан уларга оид иш юзсидан айблов асосига куйилмокда. Масалан: мансабдор пора сураётгани хакидаги фукаронинг аризасига кура тезкор тадбир утказилади, бирок мансабдорнинг сузлари суриштирувчининг карорисиз, прокурорнинг санкциясисиз аризачи томонидан ёзиб олинади ва далиллар каторига куйилади. Адвокат нуктаи назаридан гапираётган булишим мумкин, лекин мансабдорни порахур килаётган хам узимизку, кискаси бу бошка масала... Унинг айби конунга риоя килинган далилларга асосланиши керак булсада, 25.12.2012 йилги тезкор кидирув фаолияти тугрисидаги конуннинг 16-моддасига суриштирув ва тергов идоралари умуман амал килинмасдан шахслар, жамиятимиз фукаролари, кимнидир жияни, кимнидир тогаси, кимнидир отаси кискаси халк вакиллари ушбу конунга зид равишда айбланмокдаку... Судчи суд, 24.08.2018 йилги 24-пленум карори талабига зид равишда бундай ишлар буйича хукм укийди. Унда айтилишича бу конун талабига зид равишда олинган далиллар номакбул далил хисобланиши керак экан... Бу масаладаги Адвокат илтимосномаси хатто тергов ва судни пинагини хам буза олмайди... Нима эмиш бошка сузлашувлар дегани телефон ёки бошка мосламалар оркали сузлашувларга таьллукли экан.., ким хукукшуносларга конун мазмунини узларича талкин килишга хукук берган, айтишсин саволимизни уларга берайлик илтимос .... Адвокат институти буйича конунлардаги хатоликларни аниклай оладиган мутахасислар нега бу хатоликни саккиз йилдан бери аниклай олмайди, нега...



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация